www.ziyouz.com кутубхонаси
17
Розия Сатторнинг юзига ўтли бир эҳтиром билан тикилди.
— Шу кўпчиликнинг орасида сиз ҳам...
Саттор мақтанчоқ кўринишдан кўрқиб унинг сўзини бўлди:
— Мен мингларнинг бири эдим, холос. Жуда кичкина бир лойиҳачи эдим. Лекин
майдоннинг мана шундай қурилиши учун жон куйдириб юрганим рост.
— Ўшанда мен охирги курсда эдим, — деди Розия. — Бузилган иморатларнинг ўрнини
тозалашга чиқар эдик. Эсингиздами? Эски танклар биноларни қулатиб берар эди. Мана шу
майдоннинг ўрнини тозалаш учун ҳам бир неча марта шанбаликка чиқиб, роса чангга ботиб
ишлаганмиз.
— Ажабо! Мен айтган мингларнинг бири ўзингиз экансиз-ку!
Розия билан Сатторнинг орасига яна битта яқинлик ипи тортилгандай бўлди. Гўё, мана шу
майдоннинг ўтмиши ҳам уларни бирлаштирди.
— Яна беш-олти йил ўтиб, метро ҳам қурилса, бугунги гапларимизни қанақа қилиб
эсларкинмиз, Розия?
Бу гап Розияга «келажагимиз ҳам бир!» дегандай эшитилди.
— Кувониб, яйраб эслардик-да!
Розия Саттор билан нима тўғрисида сўзлашмасин, — ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам, кўз
ўнгидаги майдондан ҳам, атрофидаги нарсалардан ҳам ўз бахтини топаётгандай қувонади.
Унинг толеи гўё бутун борлиққа сочилган-у, Саттор бирга юриб, унга ҳамма жойдан бахт териб
беряпти.
Шу тариқа яшнаб-яйраб майдонни кесиб ўтишди.
Одам сийрак. Тошкентликлар ҳали 6у ерга кўп келиб ўрганишмаган. Нариги ёқдаги гўзал
фавворалар қурилиши энди бошланган. Намойишлар хиёбонининг ўртасига — оёқ остига
маржондай тизиб қўйилган қатор ер-чироқлар ҳали ёндирилган эмас. Шундай бўлса ҳам,
майдон гўзал эди. Розия тўхтаб осмонга қаради. Унинг назарида юлдузлар ҳозир машшоқларга
айланиб, Саттор икковлари учун ғалати бир куй чалмоқда эди. Розия шу куй остида Саттор
билан ўйинга тушгиси келди.
— Саттор, эшитяпсизми? — сўради у сирли товуш билан.
— Нимани?
— Юлдузлар куй чаляпти.
— Ҳа!
Розия сумкасини билагига солиб, чап қўлини Сатторнинг елкасига қўйди. Саттор Розиянинг
истагини тушуниб, ўнг қўли билан белидан олди.
— Тангоми? — деди.
— Йўқ, вальс!
Саттор Розияни оҳиста қучиб, «Ўзбек вальс»ини оғзида чалиб, ним қоронғи майдонда уни
гир-гир айлантирар экан, ўзини дунёда энг толеи баланд бир кишидек ҳис қилди. Вужудида
улкан майдонни у бошидан бу бошигача шу ҳолатда ўнлаб марта айланиб чиқишга етадиган бир
куч сезди.
Унинг учун оламда фақат Розия бор эди. Бояги чигал дард гоҳо кўнглига тикандай қадалиб
қўйса ҳам, энди бу тиканни Розиянинг қўли билан олиб ташлаш мумкинга ўхшарди. Ички бир
овоз Сатторга шивирларди: «Шундай ақлли қиз наҳотки сени тушунмаса, сенинг мушкулингни
осон қилмаса? Розияга ишон, у сенинг ўзингни ҳамма дарду ғамларингдан баланд қўя олади,
ҳар қандай ҳолатда ҳам сени дейди!». Саттор бу ички овознинг завқига берилиб, вақт қандай
ўтганини, қанча масофалар ортда қолганини сезмас эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |