www.ziyouz.com кутубхонаси
54
бўйида ўсиб, бу атрофда кўп сузган Саттор ўша гирдоблардан ҳамиша қўрқар эди. Бу ерда яхши
сузадиган одамни ҳам пастга тортиб кетадиган бир ўпқон бор эди. Бундай беш йил олдин шу
ерда бир сувчи йигит чўкиб ўлгани унинг эсига тушди.
Ойшахон сув ичида талваса қилиб, қўл-оёқларини сермаб типирчилар, аммо ушлайдиган ё
таянадиган ҳеч нарса тополмас, нафаси қайтиб, сув ютиб, ҳушидан кетиб борар эди. Шу пайт
Саттор етиб келди. Унинг қўлига Ойшахоннинг ёқаси илинди. Саттор ёқадан тортиб, энди
юзага чиққан пайтда Ойшахон жон аччиғи билан унга ёпишди-ю, бўйнидан маҳкам кучоқлаб
олди. Ўзини йўқотиб қўйган Ойшахон нима қилётганини билмас, Сатторни қучоғидан қўйса
сўнги умидидан ажраладиганга ўхшар эди. Бироқ, бу ҳолатда сузиб бўлмас эди. Энди иккови
бирга чўка бошлади. Сатторни ваҳима босди. Ойшахон зилдай оғир. Сув ичида таянадиган жой
бўлмагани учун дурустроқ силтаниб ҳам бўлмасди. Саттор тиззаси билан Ойшахоннинг
қорнигами, биқинигами бир урди. Шунда Ойшахон уни қўйиб юборди. Саттор бир интилиб сув
юзига чиқар экан, тусмол билан Ойшахоннинг бошини топиб, сочидан ушлаб юқорига тортди.
Ниҳоят, икковларининг ҳам бошлари сув юзида кўринди. Саттор энтикиб, сув пуркаб,
нафасини ростлади. Ойшахон ҳушидан кетган эди. Саттор уни чалқанча қилиб, бир қўли билан
кўйлагининг елкасидан ушлаб олди.
Бу орада улар машъум гирдобларга яқин бориб қолган эдилар. Зўр оқимнинг асосий қисми
шу гирдобларга бориб пасаяр, ўпқонга тушиб, йўқ бўлиб кетар эди. Аммо оқимнинг нариги
четида йирик соч ўримларига ўхшаган ғайир тўлқинлар гирдобини четлаб ўтар эди. Саттор
бутун кучини ишга солиб, оқимнинг ўша четига қараб суза бошлади. Бу оқим дарёнинг ўртасига
— бошқа ваҳимали оқимларга қараб кетса ҳам, қуйироққа бориб қиргоққа ёндашишини у яхши
биларди. Жони кўзига кўринмаган бўйдоқлик даврида Саттор тенгдош йигитлар билан бас
бойлашиб, бир марта мана шу жойдан сузиб ўтган ҳам эди. Аммо ҳозир бир кўлидаги оғир юк
билан кучли оқимнинг нариги четига ўтиш беҳад мушкул туюлди. У хатарли гирдобга яқин
бориб қолди. Оқим жимиб, гирдобга сингиб кетаётган жойда сув уни куч билан пастга тортди.
Саттор «энди тамом» деб ўйлади. Аммо тирик қолиш истаги, яшаш иштиёқи унга шундай бир
қувват берди, ўлим хавфи уни шундай қамчилади-ки, Сатторнинг оёқ-қўлларигина эмас, бутун
вужуди, баданида бор ҳар битта мускули сузгичга айланиб кетгандай бўлди. У жон-жахди
билан талпина-талпина соч ўримларига ўхшаган ўша четки оқимга қулоч отиб кирди. Бу оқим
ёрдамида нишабга қараб сузиш осонроқ эди. Саттор анча нарига бориб, тошлоқ қиргоққа
ёндашди.
Ойшахон хушига келиб кўзини очса, тепасида мажнунтолнинг майин эгилган шохлари қуёш
нурларида нафис йилтираб турибди. «Тирик қолдимми?» деган ўй ҳаёлига биринчи бўлиб
келди. Бадани карахт, у бошини бир ёнга бурди. Кўп йиғлаб кўзи қизарган Мухтор ойисининг
қимирлаганини кўриб, суюниб кетди. Ойшахон эшитилар-эшитилмас товуш билан:
— Мухторжон!.. — деди. Бола тошлоқда шақир-шуқур юриб келиб, онасининг ёнига
чўккалади. Ойшахон ётган куйича қўрғошиндай оғир қўлини зўрға кўтариб, ўғлини бағрига
босди. Шағалда оғир қадам товуши эшитилди. Ойшахон юзини нариги томонга ўгирди.
Сочлари хўл, майкачан Саттор унга ҳорғин кўзлари билан тикилиб турибди. Ойшахон сув
тагида кимгадир ёпишганини ғира-шира эслади. Ким эди у? Ойшахон билмайди. У Саттордан
ҳайиқиб, юзини Мухторнинг панасига олди. Заиф лаби титраб, боладан шивирлаб сўради:
— Мени ким... олиб чикди?
Мухтор бошини кўтариб, Сатторга болаларча бир ифтихор билан қаради. Сўнг завқ билан:
— Дадам! — деди.
Болача отасини гўё энди таниган ва гўё энди астойдил яхши кўриб қолган эди. Ойшахон
буни сезди-ю, кўзларига ёш қуйилиб келди. У Сатторни пушаймон қилдирмоқчи бўлиб ўзини
дарёга ташлаганидан энди минг пушаймон эди. Ўзини ўлимдан олиб қолган Сатторга эса уялиб
қарай олмас эди.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |