www.ziyouz.com kutubxonasi
126
Отабек ўз ҳаётидаги фожиъаларнинг манбаъи бўлған бир ҳабисни ниҳоят биринчи мартаба
таниб турар эди. Бу палид душманга қарши ўзида қўзғалған битмас-туганмас нафрат ва ғазаб
ҳиссиётини сирининг фош бўлишидан қўрқиб ичига ютишка мажбур эди. Шундоқ бўлса ҳам
ичда қайнаған ҳиссиёт ўз шарпасини унинг юзига очиқ ташлаб турмоқда, кўзи ўт каби ёнар ва
юзи юз хил туска кирар эди.
Анчагина орадан сўз кесилиб қолғандан сўнг уста Фарфи деди:
— Сиз билан мен шу чоқғача Ҳомиднинг бундай ишлари бор эканидан хабарсиз юрганимизга
ҳайрон қоламан.
— Ҳайрон қолишға ўрин йўқ, — деди уста Алим, — сиз-ку яқинда кириб ишлай бошладингиз.
Аммо мен йигирма йиллаб шунинг уйида қолиб сира ҳам Ҳомиднинг ичидагига тушуна олмас
эдим ва ҳамиша кўзимга димланган қоронғу ўрадек қўрқунч кўринар эди, — деди ва бир оз
тўхтаб олғач, бир нарса топқандек ҳаракат ясади.— Бу гапларнинг бош омили албатта Ҳомид
бўлса ҳам, лекин бунда унинг бошқа ёрдамчилари ҳам бор кўринадир, ёдингизда борми,
кўпинча чахчайған кўзлик бир йигит ишхонамизга уни сўраб борар эди?
— Биламан, бу кунда ҳам Ҳомид билан сермуомала, оти Содиқ бўлиб, сизнинг қўшнингиз
эмасми?
— Отангга раҳмат! Ана шу йигит билан унинг онаси бу ишда Ҳомиднинг энг ишончлик
ёрдамчилари бўлса керакки, ул икки йилдан бери шу қўшнимникига ҳамиша қатнаб қолғон эди.
Содиқлар ўз овқатларини ҳам ўтқузолмаған ҳолда фақирликда яшаб йил сайин менга оз-оз
ерларидан сотиб тириклик қилар эдилар. Бир йилча бўлди, бирдан сув олиб қолдилар ва Содиқ
уйланиб ҳам қўйди. Мен ҳайтовур бечора йўлини топиб олдиёв деб юрар эдим. Энди билсам,
Содиқни уйлантиргучи ҳам шу Ҳомид экан, — деди ва Отабекдан сўради: — Сиз ҳали
Ҳомиднинг қўшнимникидан чиқиб кетканлигини сўзлаб эдингизми? — Отабек тасдиқ
ишорасини бергач, негадир бир энтикиб қўйди. Ҳақиқатан уста Алимнинг бу кейинги сўроғи
уни энтиктирарлик эди. Ўткан кунларини заҳар билан булғаб келган бу мудҳиш душманига
қайси йўсун билан жавоб қайтариш йўлларини излаб турған чоқда бу савол берилиб, Ҳомид
билан бояғи учрашишини унга хотирлатқан ва энди ҳам кулиб қарамаған бахтиға лаънат
ўқутқан эди. Ул ўзининг ҳозирги ҳаётини-да улуғ таҳлика остида бўлғанлиғини ва бу
таҳликанинг ўткандагиларга қарағанда тамоман бошқача бир даҳшатда бўлишини онглар эди.
Уста Алим ошхонаға бориб ош қилиш ҳаракатига тушкан эди. Отабекнинг тўсатдан кетиш
ҳаракатига тушиб қолғанини кўриб:
— Бек, шунча ўлтурганнинг қаторида яна ярим соатка таҳаммул қилсангиз, ошни еб йўлға
тушасиз. Мана мен, савзини ҳам босдим, — деди.
Отабек қайтиб ўлтурмади ва ҳавлининг ўртасидан туриб узр айтди:
— Раҳмат, уста, мен бу кун ошиғич юриб, эрта-лаб жўнаб кетган юкларнинг кетидан етиб
олмасам бўл-майдир.
— Ошни ташлаб кетсангиз хафа бўламан, қирққа чидаган қирқ бирига ҳам чидай оладир.
— Ўлтуринг-ўлтуринг, меҳмон, — деди уста Фарфи.— Ошға савзи босилди — пишди!
— Мен устанинг ошини биринчи мартаба еб ёт-қаним йўқ, агар савдогарчилик омон бўлса,
ҳар ўн беш кунда бир келиб устанинг жониға ҳам тегаман, — деди Отабек ва боқчаға қараб
юрий берди.
Уста Алим ошға савзи босиш билан овора эди:
— Мен сизни зўрламайман, лекин йўл устида қорнингиз очиб қолса, ўзингиздан ўпкаланг, —
деди.
Отабек майдонда отини супириб эгарлар экан, майдоннинг ғарбидаги хароба уйнинг
деворидан бир бош кўтарилиб мунга қараб турар эди. Мундан унинг хабари бормиди, йўқми,
лекин ул бу томонға қарамасдан отини эгарлаш билан машғул эди. Ул эгарланиб бўлинған
отини ҳавлиға қараб етаклай бошлағанда, ҳавлига қараб турған бош ҳам девордан қуйиға
тушиб йўқолди. Ул отини ҳавлининг ўртасиға қантариб қўйиб айвондағи хуржун ва пўстунини
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |