www.ziyouz.com kutubxonasi
65
билан Азизбекни йўқотишдан бошқа чорамиз йўқдир. Бизнинг бу кейинги режамиз йўлида иш
берадирган киши бўлса ул ҳам менга қолса шу Отабек бўлур. Чунки бошқаларға қарағанда
унинг Тошканд бориши ва Азизбекнинг яқин одами-нинг ўғли бўлғани учун унинг билан
алоқада бўлиши, заҳар бериш ва ё бошқача бир йўл билан уни орадан кўтара олиши, унга энг
қулай бир ишдир. Оғриқнинг тузаласи келса эмчи ўз оёғи билан келур, деганларидек, Отабекни
Марғилонда бўлиш хабарини эшитиб хон билан мен жуда қувонишдиқ... мана сизни
чақиришдан бўлған мақсадимиз шудир. Яна сизнинг бу ҳақдағи раъйингиз нима бўлса
эшитамиз.
Мусулмонқулнинг бу сўзларига Ўтаббой қушбеги тамом ишонған, аммо Худоёр эрса унинг
илгариги мақсадини яхши билганликдан бу сўнгғи гаплар билан ниҳоятда тараддудга тушкан
эди. Тўғриси ҳам Мусул-монқулнинг бу кейинги гапи кишини мутараддид қилмай қўймас эди.
— Бу фикрингиз менимча ҳам маъқул, — деди қушбеги, — аммо бунда бир гап бор, ул ҳам:
Отабек бу вазифани ўз бўйнига оладими, йўқми масаласидир. Чунки Отабекнинг Азизбек
тарафдори бўлғанлиғига шу ўртада ўзим тегширган бир иш мени шубҳага тушурадир.
Шундоғки, мундан йигирма беш кунлар илгари, қўрбошимнинг хабар бериши билан Азизбек
тарафидан Марғилонда тўполон чиқарғали келгандир, деб ўйлаб, ёнидағи бир неча кишилари
билан зиндонга солдирдим. Унинг Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлиши ҳам ўша мулоҳазамнинг
тўғрилиғига мени ишонтирар эди. Яна қўрбошиға Отабек устидан шикоят қилғучининг
шаҳодати билан бу шубҳамга ишониб, мундан беш кун илгари Отабек билан унинг қайин отаси
Мирзакарим деган марғилонликни ўлим жазосига ҳукм қилдим. Гуноҳ-корларни дор остиға
олиб кетканларига бир мунча фурсат ўткан эди, маҳкамага бир хотин ҳозир бўлиб, қўлимга бир
мактуб берди. Ўқуб қарасам, Азизбек Тошкандда Қўқонға қарши исён чиқармоғи бўлиб юрган
фурсатда Юсуфбек ҳожи томонидан ўғли Отабекка ёзилған бир мактуб бўлиб маним қўл,
оёғимни бўшашдирди. Чунки бу мактуб Юсуфбек ҳожининг Азизбекка тамомдан қарши бир
киши бўлғанлиғини онглатар эди. Гуноҳкорларни дор остидан қайтаришға мажбур бўлдим. Мен
фақат шу мактуб далолатига бовар қилиб, гуноҳкор-ларни бўшата бермай, қўлимдан келганча
яна текшириб тергадим. Отабекнинг сўзлари кишини тамом ишонтирарлиқ даражада мактубга
мувофиқ эди. Шундоғ бўлса ҳам фақат Мирзакаримни озод қилиб, кейинги тергашлар тамом
бўлғунчалиқ Отабекни кафилга бердим. Ўзининг бирор адовати учун бундай гапларни қўзғатиб
юрган бўлмасин, деб ҳалиги менга шаҳодат берганни ушлаб Отабек ва бошқалар билан
юзлашдирмоқчи бўлганимда нима сабабдандир ул қочди. Шу кунгача уни топиб бўлмади.
Мунинг қочиши гарчи бу шаҳодатнинг бирар адоват юзасидан бўлған сиъоят эканини онглатар
эди эрса ҳам мен яна ҳануз Отабекни кафолатда сақлар эдимки, жаноби олийдан бу хабар
етди. Дарҳол Отабекни йигитлардан ўратиб саодатхонаи шаҳаншоҳига жўнадим. Отабекнинг
Марғилон можароси шундан иборат бўлиб, манимча Отабек устида ҳали шундай терговлар
бораётқан бир вақтда унга бундоғ жавобгарлик вазифани топшириш қалай бўларикин,
дейман...
Мусулмонқулдек маккор тулкининг ўйлағанларини қушбегининг тўғри сўзлари ост-уст қилиб,
унинг Ўтаббой тўғрисидағи суи занлари бир мунча озайиб тушди. Аммо Мусулмонқулнинг икки
киши устига йўналган қаҳру ғазаби ўзининг борлиқ даҳшати билан фақат Ойбек устига
тикилди ва Тошканд қўрғонлари остида қурбон бўлған сипоҳларининг қонини Азизбекнинг ўнг
қўли бўлғаннинг ўғлидан олмоқчи бўлди.
— Юсуфбек ҳожининг мактуби ёнингиздадир?
— Тақсир, — деди қушбеги, мактубни олиб Мусул-монқулға узатди. Мусулмонқул ўнда-
сўнда мактубга кўз югуртириб чиқди-да, заҳарханда ичида Ўтаббойға қаради:
— Юсуфбек ҳожининг қурған ҳийлаларига тушун-магучи эҳтимол Марғилондан
топилмағандур! У тулки ўз ўғлини Марғилонда тўполон чиқариш учун, деб юборишидаёқ ҳар
бир эҳтимолга қарши бу мактубни ёзиб берган, бунга Марғилон калваклари тушунмасалар ҳам
биз тушуна оламиз! — деди ва мағрур бир тусда Худоёрға қараб қўйди. Қушбеги унинг бу
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |