Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
www.ziyouz.com kutubxonasi
118
Отабекнинг ўша воқиъадан сўнгғи Марғилон қатнашлари фақат натижасиз қуруққина бир
қатнаш эди. Бу қатнашнинг ҳар
бирисида уста Алимникига тушар, аммо ҳануз ундан ўзининг
сиррини яшириб, Андижондан қайтиб келишини ва ё боришини ва йўл устидан кўриб кетиш
учун кирганини айтиб уста Алимни миннатдор қилар эди. Ул Марғилонда кўб тўхтамас, бир кун,
узоққа тортилса икки-уч кун туриб қайтар, баъзи вақтларда йўл устидан «Хўжа Маъоз»
мозорини ҳам тунаб кетар эди. Унинг ўн кунлаб йўл машаққатини ўз устига олиб, Марғилонда
қилатурған иши шу машаққатлар эвазига арзуғулиқ эдими, йўқми, ўқуғучи буни қуйидан
онглар:
Марғилондан натижасиз, тамоман бўшка қайтиб Тошканд келгач, Кумушни унуткандек бўлиб
уч-тўрт
кун у-бу билан овиниб юрар, сўнгра ҳафта, ўн кундан сўнг яна Марғилон тўғрисида
ўйлаб бошлар, ўйлаб ўйининг тегига ета олмағач, ўзини қаёққа уришини билмай қолар,
шундан сўнг ҳамма аламини Чуқур қишлоққа ҳавола қилиб, ўн-ўн беш кун босим ичканидан
сўнг ичкулукдан ҳам лаззатланмай қолар ва шунинг ёнида унинг кўнгли бир нарсанинг бўйини
олғандек сезинар, гўё Марғилон борса бир гап бўлатурғандек, бормай қолса кейинчаликда ўзи
ўкинатурғандек... Шундан сўнг тўсатдан Марғилон йўлиға тушиб қолар, йўлда
борар экан,
ўзини тўрт кўз билан кутиб турғандек сезилган Марғилонға ҳар нимадир, бир соат илгарироқ
етиш учун ошиқар эди. Ле-кин... лекин Марғилон дарбозасидан кириши ила унинг ҳоли ўзгариб
бошлар, юраги қинидан чиқар даражада ўйнамоққа олур, айниқса пояфзал растасига
яқинлашгач,
унинг бу изтироби шиддатланур, пояфзал растасининг яқини билан бунчалик
ўзгаришда қолған Отабек растанинг ўзида қандай ҳолға тушмоғини тасаввурдан ожиз келур ва
раста кўринди дегунча отининг бошини чапка буриб юборар ва орқасидан кимнингдир
«...борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз... уятсиз!» товши эшитилгандек бўлар эди... Ўз-ўзига
«ҳақиқатан мен уятсиз», деб қўяр ва шунинг ила ҳамма
кутилган-кузатилган гаплар, беш
кунлик йўл машаққатлари ҳавоға кетар, ҳатто хаёлда эмас, ҳақиқатда ўйлаб қўйған қайин
отаси билан хотинини шариъатка чақириш фикри ҳам унутилар ва йўқолур, «ҳийлагарнинг
юзини қозихонада кўрайми, ўзи ҳам қурсин, юзи ҳам!» дер эди-да, отини тўғри уста
Алимникига қараб солар эди.
Отабек уста Алимни жуда юқори даражага қўйға-нидек, унинг мажлиси билан ҳам анча
енгиллашар, ўн йиллардин бери уста Алим юрагида сақланған ва қабрға ҳам
бирга кетиши
кутилган ишқ тарихини қайта-қайта эшиткуси келаберар, уста Алим ҳам ўзининг ўлган Саодати
тўғрисидағи ипидан-игнасигача бўлған хотираларини такрор-такрор ҳикоя қилиб, ҳикояси
охирида: «Пешонамга сиғмади-да, ўлди», деб қўяр, бу сўз Отабекнинг ҳам юрагига совуқ сув
сепкан таъсирини бериб, ул ҳам кўнглидан: «Маним ҳам пешонамга сиғмади-да, тириклайин
ўлди» деган сўзни ўтқузар эди. Шу ҳолда икки-уч кун уста Алимникида турғач, энг сўнгғи
мартаба Марғилон билан хайрлашкан каби шаҳарнинг ҳар бир нарсасига алвидо назари билан
боқар ва боши оғқан томонға кеткандек Марғилоннинг ўнғай келган дарбозасиға қараб йўл
олур эди. Қўқонда
бир-икки кун, Кировчида уч-тўрт кун, Қурама, Телов ва шунингдек,
қишлоқларда ҳам бир неча кунлаб қўна-қўна ниҳоят, Тошкандга келиб етар яна... яна...
Отабекнинг Марғилонға бориб келиши шу йўсунда эди. Унинг сирри ўзидан бошқа ҳеч кимга
маълум бўлмағанлиқдан, орада унинг ҳолиға кулгучи ва ундан ҳисоб олғучи бирав ҳам йўқ,
фақат ул ҳамма ҳисобни ўз
юрагидан олиб, ўз юрагига берар эди. Шу йўсун оромсизлик ва
бесаранжомлик ичида унинг ой-кунлари ўтиб турар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: