www.ziyouz.com kutubxonasi
22
— Нега дуч келган? Сендан, мендан яхши у хотин, машаАллоҳ.
— Сен уни оқловчи бўлиб қолдингми, Самоҳат? Яхши бўлса, икки етим боласи бор одамга
турмушга чиқармиди?! Сен ҳам яхши бўлсанг, шундай хотиннинг ёнини олмасдинг. Унинг
нимаси она?! Хайриянинг ўрнини босолармиди?! Гапирмайсанми буларни?! Мени заҳарлама
худо ҳаққи, менга тирғалма, тилимни қичитсанг, расвои жаҳон қиламан сени!
Гап яна чўзилиб гапира-гапира узоқлашди. Эркаклар ўтиб кетиши билан Ҳусайинга тасалли
бермоқ учун эшигини очган Самоҳат хоним унинг боши эгик ҳолда оғир-оғир қадамлар ташлаб,
уйига яқинлашиб қолганини кўрди. Ичи ачиди. Эшигини ёпиб ичкари кираркан:
— Разил хотин,Худодан топ!-демоқдан ўзини тия олмади.
Ҳалиги хотининг чиркин ҳаракатини ақлли одам тўғри топмаслиги муқаррар. Ўз онаси бордай
мехр билан қаралаётган бу болага етимлигини билдириш уни руҳан чўктириш эканини
бнлмаслик айбдир. Балки у хотин ҳам бироз ўйласа, сўзлари болани хафа қилишини билган
бўлармиди?! Аммо инсон аввал сўйлайди, кейин ўйлайди. Бир ишни аввал ўйламасдан қилиб
кўйиб, кейин пушаймон бўлади. Аввал ўйлаб кейин сўйласа, аввал тушуниб, кейин адо этса не
бўларкин?
* * *
Ҳусайин истар-истамас қадамлар билан ўйчан ҳолда ичкари кириши билан Фотимахоним унга
яқинлашди.
— Нима бўлди ўғлим, тобинг йўқми?
— ...
— Гапирсангчи, жон болам, мазанг қочдими? Нимани ўйлаяпсан?
Ҳусайин яна жавоб бермади. Фотимахоним ҳайрон бўлди. Уй ўртасида турган боланинг олдига
чўккалаб ўтирди.Қўллари билан унинг бошини кўтарди. Юзларидан бир-бир ўпди. Хусайиннинг
кўзлари ёшли эди.
Биров билан урушдингми,ўғлим? Нега гапирмайсан? Хўш, гапир, йўқса, онанг бўлмайман.
Хусайн йиғлай бошлаганди:
— Сиз менинг онам эмас экансиз. Менинг онам ўлган.
Фотимахоним не қиларини билмай қолди. Тепасидан қайноқ сув қуйилгандай бўлди.
Пешонасидан совуқ тер чикди.Бу уйга келишнинг асосий сабаби уларга ўгайлигини
билдирмаслик эмасмиди? Уч ой ўтмасдан бу умиди кўкка совурилмоқда. Шунинг билан бирга
Фотимахоним охири бахайр бўлишига ишончидан айрилмаслиги керак эди. Яхши ниятли
инсонларни Аллоҳ ёрдамсиз қолдирмаслигига ишонарди.
— Хўш, ким гапирди буларни, ўғлим?
— Ташқарида. Бир хотин.
— Сени бировга ўхшатибди, ўғлим. Қара, мен соғман. Сен менинг онам ўлгани йўқ,
демадингми?
—Дедим.
— Нима деди у?
— «Сени алдашяпти, у ўгай онанг, унинг кўзлари сеникига ўхшамайдику», деди.
— Сен ишондингми?
— Албатта, ишондим. Қаранг, кўзларингиз меникидайми?
— Кўзларимиз ўхшамаса, онанг бўлмас эканманми?
— Билмасам.
— Кел, бундай бағримда ўтир, сенга баъзи нарсаларни тушунтирай, қулоқ сол.
— Сизнинг бағрингизда ўтирмайман.
— Буни қаранг, онасининг кучоғида ўтирмасмиш.
Шуларни айтаркан, уни кучоқлагандай кўтарди.
Ўгай она (роман). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |