www.ziyouz.com kutubxonasi
54
— Буни азоб деб ўйлаяпсанми? Йўқ, бу мен учун зўр роҳат эди.
— Ҳозир ҳам роҳатланяпсанми?
— Ҳа.
— Ўзингни ўзинг алдама: ҳозир қўрқяпсан!
— Алжима, фараон... — Қассоб шундай деб бир силтаб, бомбани унинг кўкрагига қаттиқроқ
босди.
— Шайтонинг энди сенга қувват бера олмайди. Йўл ҳам кўрсата олмайди. Биттагина йўлинг
бор сенинг.
— Биттагина йўл? Таслим бўл, демоқчимисан? Ақлинг калта экан, фараон. Иккинчи йўл-чи?
Панжаларимни очиб юбориш учун менга қувват шарт эмас. Яна битта йўлим бор. Балки...
кўрарсан.
— Ҳамма йўлларингнинг номи бир — чорасизлик.
— Бўлди, ўчир! Фалсафа сўқма менга.
— Мен фалсафа сўқийдиган файласуф эмасман. Тўғри гапни айтяпман. Сен катта фожианинг
ҳалқумидан бўғиб турибман, деб ўйлаяпсанми? Панжаларингни очиб юборсанг дунёни ларзага
соладиган фожиа юз берадими? Томизғичда денгиз сувидан икки томчи олиб ташланса нима
ўзгаради? Дунё ғариблашиб қолади-ми?
— Томчи дедингми? Тўғри айтдинг. Сен чиндан ҳам арзимас бир томчисан. Шунинг учун ҳам
миллион сўм ҳам, самолёт ҳам менга берилмайди. Нега лақиллатишаётганларини
билмайманми? Хўжайинларинг Мос-квадан буйруқ кутишяпти. Москва марҳамат қилиб
«сўраганини берларинг», деса беришади. Икковини отиб ташла, деса, отиб ташлашади. Москва
учун сен кимсан? Ҳеч кимсан. Сендақалар миллионта. Москва нимадан қўрқади, биласанми?
Халқаро жанжалдан. Бу ерда эса халқаро жанжал йўқ. — «Қассоб» шундай деб енгил титраб
олди. — Фараон, тўғри айтибсан, чарчабман. Ҳамтовоқларингга айт, бир шиша ароқ беришсин.
Солиев «Қўй, бу аҳволда ичма», демоқчи бўлди-ю, айтажак гапи харсангтошга отилган кесак
каби наф бермаслигини билиб, тилини тийди. Шунинг баробаринда «бунга ароқ беринглар»
ҳам демади. Чунки «Қассоб»нинг баралла айтган гапини сал нарида турган йигитлар
эшитишган, улар учун Солиевнинг тасдиқ маъносидаги ишораси кифоя эди.
— Заҳарламай олиб келларинг, аввал шерикларинг ичади, — деди «Қассоб» йигитларга қараб.
Сўнг яна буюрди: — автомат юкхонадаги қирқ еттинчи бўлинмани очасанлар. Шифри — 01958.
Сумкани олиб келасанлар. Қулфини очишга ҳаракат қилмаларинг, бомбага уланган.
Солиев сумкани нима мақсадда олдириб келмоқчи бўлганини фаҳмлади:
— Хумори тутдими?— деб сўради у хотиржам тарзда.
— Зийрак экансан, фараон. Шерикларингга айт: мен қуруқ пўписа қилмаяпман. Сумкада
ростдан ҳам кичкинагина бомбача бор. Кичкинагина бўлса ҳам уч-тўрт ҳамтовоғингни
тинчитишга кучи етади.
Солиев буйруқни бажарди.
«Қассоб»нинг талаби ҳам тезликда адо этилди.
Сумка оёғи остига қўйилгач, у кулди.
— Қара-я, фараон, ароқни бир пасдаёқ олиб келишди. Машиналарингда маишат учун олиб
юрасанларда, а? Мен аҳмоқ, самолёт сўраб ўтирибман. Аслида сени икки шиша ароққа
алмаштириб юборсам бўларкан. Энди нархингни билдингми? Қани ол, оч ароқ- ни. — Солиев
буйруқни бажаргач, «Қассоб» шишанинг ярмидан сал юқорироғига бармоғини тираб деди: —
Шу ергача ич. Қолгани менга.
— Мен ичмайман, — деди Солиев.
— Сендан «ичасанми?» деб сўрамадим, «ич!» дедим.
Солиев одобли бола сингари буйруққа итоат этиб шишани кўтарди, бироқ, икки қултумдан
кейиноқ қалқиб кетди. Йўтали босилгач, кейинги буйруққа итоат этгани ҳолда сумкани
кўтарди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |