www.ziyouz.com kutubxonasi
46
— Табиб кўриб қўйганидан кейин Элчинни ҳам бирга юборсакчи? У ёқда зўр дўхтирлар бор, —
деди.
— Йўқ, — деди Асадбек бош чайқаб. — Дўхтири зўр бўлса зўрдир, лекин янги қудаларга
«куёвимни тузатиб беринглар» деб юбораманми? Қўй, Абдураҳмон табиб ҳар қанақа касални
тузатиб юборади.
Чувринди Зайнабнинг ҳужжатларини тайёрлаб қўйган эди. Агар ўлим ғолиб келмаганида
эрталаб бориб идорадан ҳужжатларни олиб чиққан бўларди. Унинг ўлимидан сўнг ҳам Асадбек
Зайнабни жўнатиш фикридан қайтмади. Манзуранинг ногаҳоний қароридан шунинг учун ҳам
аччиқланди.
— Зайнабни жўнатаётган эдим-ку? — деди бўғи-либ.
— Вой адаси, қудаларингизга айтиб қўйдим. Зайнаб кейинроқ келиб кетар.
— Ҳей!.. — Асадбек «онангни...» деб бир «ширин» гапини айтмоқчи бўлди-ю, ўзини тийди. — У
ер амма-холангнинг маҳалласими, Зайнабинг бугун бўлмаса эртага лип этиб бориб
келаверадиган...
— «Бўпти, билганингни қил». — Асадбекнинг шундай деб чекинишдан ўзга чораси йўқ эди.
Билганини қилди хотини.
Оқибат бу...
Шунинг учун донолар «хотиннинг гапига қулоқ солу тескарисини қил», деб айтишгандир...
Асадбек аввалига Манзурани айблади. Кейинроқ, ҳовури босилгач, ўзининг калтабинлигини
тан олиб, барча айбни ўз елкасига олди. «Манзура бечора тағин ҳам чидаб турди у ерда. Бугун
бўлмаса эртага барибир қайтиши керак эди. Ўлганимдан кейин шунақа қоп-қонга тушса ким
қутқаради?..»
«Ўлганимдан кейин...»
Ўлганидан кейин ҳам Хонгирей уларни тинч қўймайдими? Хонгирейга нима керак? Асадбекнинг
ўлими эмасми? Асадбек уруғи билан қирилиб кетиш даражасида гуноҳ қилибдими? Хўп, Козлов
масаласидаги ўжарлиги дуруст бўлмади. Хонгирей «йўлимдан қоч», деганида нари турса олам
гулистон эди. Бунда гап фақат ўжарликда эмас. Орада Козлов билан аҳднома бор эди, Асадбек
бу аҳдга хиёнат қилиб паст кетишни истамади. Бугун Козлов масаласида чекинса, эртага бошқа
ишда қуллуқ қилиб турса Хонгирейнинг уни эшакка айлантириб миниб олиши ёки бошга чиқиб
истаган номаъ-қулчилигини амалга ошириши мумкинлигини ҳам ҳисобдан чиқармаган эди.
Ҳосилнинг ўлими учун ҳисоб бериши керакми? Ахир уни Хонгирейга ўчакишиб ўлдирмади-ку?
Ҳосил ўлимни ўзи сотиб олди-ку? Фақат беномус отагина Ҳосилнинг қилиғига чидаши мумкин
эди. Агар ана шу номус қасоси учун жон бериши шарт бўлса — Асадбек тайёр!
«Хонгирей... дардинг бўлса эркакчасига дангал айтмайсанми? Найрангга бало борми? Ёки...
дард чекиб инграганимда роҳат топасанми? Ундан кўра ўлдириб, жасадимни ёқиб, шу олов
тафтида қўлингни иситиб маза қила қолмайсанми, номард!..»
Москвага учадиган учоқ ердан кўтарилгунича шу каби хаёллар қуршовида бўлган Асадбек
Хонгирей билан учрашажаги аниқ эканини биларди, фақат қаерда, қай ҳолда кўришажаги
хусусидаги тасаввури алдамчи эди. Хонгирей тайёрлаб қўйган найрангларнинг навбатдагисини
у етти ухлаб бир тушида кўрмас эди.
У ёруғлик оламидан тобора зимистон дунёсига кириб, ана шу зулумот қаъридан ёруғликни
умид қилиб борарди.
Ўғилларининг юклари орасидан чиндан ҳам қора дори чиққан бўлса, қўрққулик эмас. Бир неча
кунда бўлмаса-да, узоғи билан уч-тўрт ҳафтада чиқариб олишга ишонади. Аммо бу
Хонгирейнинг иши бўлса... чораси қийин. Томирида иблис қони оқувчи кимса ҳам Хонгирей
даражасида бешафқат бўлмас. Асадбек ўғрилар оламида «Княз» деб ардоқланувчи бу
одамнинг қилиқларини эшитиб юрарди, бироқ, ғилай Шомилнинг калласини қутига солиб
юборганини билгач, ундаги бешафқатлик даражасининг чегара билмаслигига амин бўлди.
Қонундаги ўғриларнинг «Ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |