www.ziyouz.com kutubxonasi
38
ташланиб қолишдан чўчирди.
Асадбек Кесакполвонга қабр тепасида туриб «юрагимга тупурдинг» деган гапини аниқ ишончга
эмас, гумонга суяниб айтган эди. Фалокат тасодифан юз бердими ё биров атайин уюштирдими,
Асадбек аниқ билмасди. У ҳаёти давомида катта-кичик фалокату фожиаларга кўп дуч келди.
Ана шу ҳаётий тажриба унда «ҳеч қандай иш тасодифан юз бермайди» деган ақидага
ишонтириб қўйган эди. Шу боис ҳам «машинаси тасодифан тўқнашиб кетибди» деган фикрни
четлаб ўтди. Кейинроқ «ярим кечада бу кўчада «КамАЗ» нима қилади, бу ҳечам тасодиф эмас»,
деб ақидасига содиқ қолди.
Фожеа ҳақидаги хабарни эшитиб то Чувриндининг уйига келгунича турли гумонларни ҳақиқат
тарозуси паллаларига қўйиб кўрди. Унга дадил қарши чиқиши мумкин бўлган Ҳосилнинг
жасадини аллақачон лаҳад қуртлари еб адо этгандир. Шомилнинг танасиз боши ҳам неча
қуртларга озуқа бўлгандир. Ҳосилнинг бошқа йигитлари бундай ишга жазм эта олмас.
Унда ким?
Бу саволга Кесакполвоннинг кўзлари жавоб бергандай бўлди. Кесакполвон Асадбекни тили
билан алдашга кўп уринган, лекин ҳар сафар кўзлари панд бериб қўярди. Асадбек буни
болалик йиллари мактабда перо ўғирлаш воқеасидаёқ кашф этган эди. Ўқитувчи «Ҳайдар, сен-
чи, тупурмайсанми?» деганида Асадбек билан унинг нигоҳи тўқнашган, ўшанда Ҳайдар
кўзларини олиб қочиб, ўғирлигини фош этиб қўйган эди. Ўшанда Асадбек «ўзим кўрдим, сен
ўғирладинг», деган ёлғон гапини унинг қарашидаги ана шу хавотирликка асосланиб айтганди.
Eрта тонгда Чувриндининг ҳовлисига қадам босиб кирганида рўпарасида Кесакполвон пайдо
бўлди. Рўпара бўлди-ю, яқин кишисидан айрилган одамнинг дарди, қайғуси билан эмас, айбли
кишининг хавотирли нигоҳи билан қаради. «Асад, Маҳмуджондан айрилиб қолдик», деди унинг
титроқ лаблари. Аммо нигоҳи «ажал укахонимизни юлиб олди», деб фарёд урмади. Аксинча,
Асадбекнинг савол зуҳурланган тик қарашига дош беролмай, «кечир мени, билмай қилиб
қўйдим бу ишни» дегандай бўлди.
Асадбек бу икки аъён орасидан гап қочар, тахт талашар, оқибатда келишиб олишар, деб
ўйларди. Бироқ, бир-бирини ўлдириб юборар деган фикрдан йироқ эди. Айниқса Кесакполвон
ўзи топган, ўзи тарбия қилган одамни ўзи яксон қилар, деб кутмаган эди.
Чувриндининг ҳовлисида тўқнашган нигоҳлар оқибатида туғилган гумон Кесакполвонни таъқиб
эта бошлади. Чувриндининг ўғли «чақиртирган экансиз», дегач, бу гумон ҳақиқатга айлана
борди. Ана шу ҳақиқат маълум нуқтага етгач портлаши мумкин эди. Асадбек айнан шуни
истамади. Қабр тепасида туриб аъёнини ҳайдаган бўлса-да, кейинроқ «ишқилиб адашган бўла-
йин, ишқилиб бошқа одам бўлсин», деб умид қилди. Чувриндининг ўлими уни заҳарли ўқ билан
яралади. Асадбек «қачондир кимдир мени ўлдириб кетар, ўз ажалим билан ўлмасам керак»,
деб хаёл қиларди. Охирги ойларда Ҳосил бойваччадан хавотирланарди. Агар хавотири чинга
айланса, Ҳосил отса ёки сўйса унчалик алам қилмас эди. Агар ҳозирги гумони тўғри чиққудай
бўлса, аламга чидолмас, жонини шу алам панжаси суғуриб олар...
Асадбек Чувриндининг уйида Кесакполвонни учратмагач, бир оз енгил тин олди. Хизмат қилиб
чарчаган йигитлар Асадбекни меҳмонхона остонаси қадар кузатиб, ўзлари ён томондаги хона
томон юрдилар. Меҳмонхонага аввал Чувриндининг катта ўғли, салдан сўнг бошига қора рўмол
ташлаган хотини кирди. Она-бола «жанозадан кейин кўринмай қолдингиз, тинчликми?» деб
сўрашмади, Асадбек ҳам узр айтишни лозим топмади. Бир неча фурсат бир-бирларига қарашга
ботинмай жим ўтирдилар. Асадбек сўз айтиш аввал ўзидан лозим эканини биларди. Ҳамманинг
тилидан бирдай учадиган «бандалик...» дан бошласинми?
Асадбек сўз бошлашга қийналиб ўтирганида аёлларнинг бесабрлик одатига содиқ қолган келин
(Чувриндининг хотинини у чин келинлик мартабасида кўрар эди) тилга кирди:
— Мулла ака, қишлоқда тоғалари бор экан, айттирсакмикин?
Савол келини томонидан берилган бўлса-да, Асадбек унга жавоб қайтариш ўрнига жиян
мартабасидаги Чувриндининг ўғлига қараб сўради:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |