www.ziyouz.com kutubxonasi
262
текширув келмаган. Биз томонга хабар ҳам берилмаган. Кейин уни қамоқдан чиқаришган.
Ҳозир унга иш буюрмай қўйишган.
— Чақириб олиш керакдир?
— Ҳали вақт бор. Асадбекнинг «Кесакполвон» лақабли шериги Москва гуруҳи билан қорадори
бўйича катта иш бошлаганга ўхшайди. Асадбек четда эмиш. Нега? Шуни аниқлаш керак. Яна
бир гап: Миродил деган одамнинг хотини бизга мурожаат қилди: эри йўқмиш. Маҳмуд
Эҳсоновнинг жанозасидан кейин йўқолган. «КамАЗ»дан тушган одам ўшанга ўхшайди: паст
бўйли, калласи катта. Лақаби ҳам шунга яраша — Хумкалла.
— Тинчитиб юборишганми?
— Шунақага ўхшайди. Бу ишлар бўйича маълумот юқори идорага қадар етиб борди. Янги
каттамиз бу масалада жуда қаттиқ талаб қиляпти. Биз сизни бу ёққа ишга чақириш
маслаҳатини пишириб қўйдик. Асадбеклар доирасига боғлиқ ёпилган ҳамма ишлар қайта
қўзғотилади. Нима дейсиз?
Зоҳид янги раҳбарнинг талаблари ҳақида маёр Солиев айтган гапларни эслаб, «демак, асосий
ишлар энди бошланади», деб қўйди.
— Нега ўйланиб қолдингиз? Таклиф ёқмадими? Ё Қўрқяпсизми?
— Қўрқяпман. Шу ишнинг чала қолишидан қўрқяпман.
— Энди бундан қўрқманг. Вақтинча, алдовчи чекиниш тугади.
Саид Қодировнинг бу гапидан Зоҳиднинг кўнгли яйраб:
— Қаҳва ичмаймизми? — деб сўради.
— Ҳа, албатта, энди ақлни пешлаб олиш керак.
Икки кундан сўнг Зоҳид Саид Қодировнинг ёнидаги хонадан жой олди. Уларга ҳаракатнинг
асосий йўналишини ўн кун ичида ишлаб чиқиш топширилди. Улар гуруҳнинг жиноятларини
бир-бир баён қилиб беришлари мумкин эди. Аммо уларнинг зиммасида буни исбот этиш,
гуруҳнинг барча аъзоларини жиноят устида қўлга олиш вазифаси турарди.
У дамда Зоҳид ўзининг бу уринишдаги биринчи қурбон бўлишини билмас эди.
2
Зоҳид иш жойини ўзгартирган куни Асадбек ўғли, келинлари билан Москвага қараб учди. Унинг
қароридан Кесакполвон Хонгирейни огоҳ этиб, «Жамшид бирга келсин», деган топшириқни
олди. Жамшиднинг шаҳарда Тарзан билан қиладиган ишлари бор эди. Шунинг учун Асадбек
унинг ўзига хамроҳ бўлишини нохушлик билан қабул этди.
Москвада уларни Иликонинг ўзи кутиб олиб, икки кундан сўнг Абдусамад билан келинлари ўзи
кузатди.
Кузатадиган куни эрталабдан Асадбекнинг кўнгли ғаш бўлди. Назарида фарзандини,
келинларини сўнгги марта кўраётгандай эди. «Шереметево-2»га етиб боришганда болалари
текширувдан ўтаётган экан. Ўғлини бағрига босиб ўпганида, келинлари Оврупо одатига кўра
унинг ёноғидан ўпишганда, айниқса Муштарий йиғидан овунолмаган ҳолда аста-аста
узоқлашаётганида ундаги ғашлик аланга олди. Чап кўкрагидан бир нима узилгандай бўлди. У
ҳатто «юрагим ҳозир ёрилади, бу айрилиққа чидай олмайди», деб ўйлади. Юраги ёрилиб
ўлганларни кўп эшитган: аввал кўз олди қо-ронғулашади, нафаси қайтади, кейин чап курагида
қаттиқ оғриқ сезади... Асадбек айнан шундай бўлишини истади. Ҳаммасидан биратўла
қутулгиси келди. Лекин кўз олди қоронғулашмади, нафаси қайтмади, курагида оғриқ сезмади.
Фақат бўғзига бир нима тиқилиб, йиғлагиси келди. Кўзларидан ёш оққанини ўзи ҳам сезмади.
Учоқ учиб кетганидан сўнг ҳам Асадбек изига қайт-гиси келмай турди. Илико шу ердаги
ресторанда жой тайёрлигини айтгач, унга ноилож эргашди.
Илико «уларнинг парвози бехатар бўлсин», деб қадаҳ кўтаргач, бўғзида қадалиб турган
нарсадан қутулиш учун ҳам ичди. Ароқ томоғини куйдириб ўтди-ю, аммо қадалиб турган нарса
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |