www.ziyouz.com kutubxonasi
261
ХХV б о б
1
Ойсанам Эркаеванинг уйига пойлоқчи қўйиш кутилган натижа бермади. Кесакполвон бу уйга
бошқа келмади. Асадбекнинг даврасидаги бўлак одамлардан ҳам дарак бўлмади. Шундан сўнг
Зоҳид мўлжалидаги иккинчи ишни амалга оширишдан олдин ҳайдовчи Эшпўлатовнинг уйига
бориб, унинг хотини билан гаплашди. Аввалига Зоҳид учун янгилик бўлувчи бирон янги
гап чиқмади. Олдинги терговчининг баённомасидаги гаплардан нарига ўтмади. Шунда Зоҳид
сўради:
— Эрингизни туҳмат билан ўтирибди, деб ўйлайсизми?
— Унда нимага ўтирибдилар?
— Эрингизнинг чиқиб келишини истайсизми?
— Вой, нега хоҳламас эканман? Болаларим «адам қачон чиқадилар?» деб сиқилиб кетишди.
— Унда яхшилаб эсланг: Шокаримов йўқолган кунлари эрингиз уйга вақтида келган экан.
Кейин-чи? Кечки пайт уни ҳеч ким чақирмадими?
Хотин ўйланиб туриб:
— Чақирди, — деди.
— Ким чақирди?
— Қайинсинглим, Ойсанам.
— Нега чақирди?
— Билмадим.
— Олдин ҳам чақириб турармиди?
— Ҳа. Машинасиз бир қадам юрмайди. Сал нарсага якшанба куни ҳам чақираверарди. Бояқиш
адамиз дам олиш нималигини билмасдилар.
— Ўшанда қайси кийимда бориб-келдилар, эсланг.
— Ишга киядиган кийимлари.
Зоҳиднинг талаби билан хотин ўша кийимларни жавондан олиб кўрсатди. Зоҳид унинг ижозати
билан бошқа кийимларини ҳам кўздан кечириб, айримларини текширтириш учун олди.
Текшириш натижаси ўша куниёқ маълум бўлди: пиджакнинг енгидаги қон доғи, шимдаги
тупроқ қолдиқлари Зоҳидни гумон саҳросидан ҳақиқат водийси томон бошлагандай бўлди. У
шош-қич равишда тинтувга рухсатнома олиб, қидирув гуруҳи билан Шокаримовнинг уйига
борди. Ертўладаги кавлаб, жасад кўмиб қўйилган жой унинг барча саволларига жавоб берди.
Eрининг ўша куни барвақт келгани, сўнг орада машмаша чиқиб, катта жанжалга айлангани,
оқибат мушт ишга тушганини Ойсанам уйда эмас, қамоқнинг сўроқхонасида айтди. «Мен
ўзимни ҳимоя қилдим. «Бўғаман», деб ёпишганларида итариб юбордим, йиқилиб, бошлари
дазмолнинг учига тегди. Шу билан... жонлари чиқди», деб уввос тортиб йиғлашни бошлади.
Масала ечилгач, неча ой давом этган иш Зоҳидга оддий гапдай бўлиб кўринди. Зариповани
озод қилиш ҳақидаги қарорни ёзиб берди. Бир кўнгли қарорни ўзи олиб бориб, бу жабрдийда
аёлни кузатиб қўймоқчи ҳам бўлди. Лекин баҳсда енгилганини тан олиб боришни истамади.
Бунинг устига республика прокуратурасидан Саид Қодиров йўқлаб қолди.
Зоҳид «Иш»нинг якуни ҳақида ҳисоб берганидан сўнг Саид Қодиров:
— Асадбекларнинг иши янги босқичга киряпти, — деди. — Уларнинг орасидаги одамимиз
топилди. Уни наркокурер сифатида Красноярга юборишган экан. Назаримда синаб кўришмоқчи
бўлишган. Унинг хабарига қараганда, Асадбек ўзининг энг яқин шеригидан узоқлашган. Орага
Москва мафияси аралашган. Демак, иши яна ҳам қийинлашади. Москва жиноий гуруҳининг
милитсия билан алоқаси яхшига ўхшайди. Биз бир янги гап топиб у ёққа юборсак, йўқ бўлиб
кетиши мумкин. Красноярда бизнинг одамни мол билан қўлга олишган. Лекин унинг уйига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |