www.ziyouz.com kutubxonasi
159
— Нима кераклигини сенга айтдим, — деди.
Хизматчи жувон энсаси қотганини яширмай бурилиб кетгач, Асадбек сўкиниб қўйди.
— Уйга бора қолсак бўларди, — деди Манзура, ялиниш оҳангида.
— Йўқ, котлет, дедингми, энди ейсан шу котлетни, — деди Асадбек.
— Вой, қорним тўқ, — деди Манзура оғир жазога ҳукм бўлган одам каби чўчиб.
Хотинининг бу саросимасини кўриб Асадбек кулиб қўйди:
— Ке, энди сен ҳам бир яйраб ўтиргин. Бизнинг қудаларингдан камимиз борми? Биз ҳам еб
кўрайлик ўша котлетни. У ёқлардаги хизматчилар қанақа экан, шунақа лопиллаган
хотинларми?
— Йўға, у ёқда ёш йигитлар хизмат қилишаркан. Шамолдай елиб-югуришади, барака
топгурлар. Дастурхонга битта ушоқ тушса дарров тозалашади. Мен ўзимизнинг одатимизни
қилиб қошиқни сочиққа артсам, Ҳамидингиз «унақа қилманг, хизматчи йигитни балога қўясиз»,
дейди.
— Нега? — деб ажабланди Асадбек.
— Хўжайин кўриб қолса «қошиқни яхши тозаламай қўйган экансан», деб уни ишдан ҳайдаб
юборарканда...
Ниҳоят, киевча котлет ҳам келди. Асадбек санчиқда бир тишлам узиб олиб, оғзига солди-ю,
туфлаб ташлашни ёки ютишни билмай, жавдираб қолди. Манзура эрининг ҳолини фаҳмлаб
кулдонни у томон сурди-да:
— Кўнглингиз тортмаса еманг, адаси, — деди.
Асадбек чала чайналган қиймани ташлади-да, баланд овоз билан хизматчи аёлни чақирди.
Манзура жанжалнинг ҳиди келиб қолгани сабабли туришга тараддудланди.
— Адаси, юринг, кетақолайлик, болалар ҳам қайтишгандир.
— Ўтир, — деди Асадбек амр оҳангида. — Мен бу ерга овқат егани келганман.
Иккинчи чақиришдан сўнг хизматчи келди-да «Бунча бетоқатсиз?» дегандай қошларини
чимирди.
— Ўтир, — деди Асадбек.
— Мижозлар билан ўтириш мумкинмас, — деди хизматчи.
— Мен сенинг мижозингмасман, ўтир дегандан ке-йин ўтир.
Оппоқ сочли бу одамнинг кўзларида чақнаётган қаҳр-ғазаб учқуни хизматчини омонат тарзда
бўлса-да, ўтиришга мажбур этди.
— Мана шу киевча котлетни сенга илиндим. Ол, е! — деб амр қилди Асадбек.
— Қорним тўқ, емайман, — деди хизматчи.
— Тўқ бўлсанг ҳам е.
— Яхши пишмабдими, сизга ёқмадими?
— Еявер, зўр пишган.
Хизматчи бу мижоздан осон қутула олмаслигини фаҳмлаб қиймадан озгина ушатиб олди. Худди
тотли таом еяётгандай чапиллатиб чайнаб, тезгина юта қолди.
— Хўш, ёқдими? Ўлган эшакнинг гўштимиди бу?
— Ёмон эмас-ку, сизга нимаси ёқмади? — деди хизматчи бир ютиниб қўйиб. Таомнинг ёмон
эмаслигига ўзи ҳам ишонмагани учун бу гапни попуги пасайган тарзда, Асадбекнинг кўзларига
қарай олмаган равишда гапирди.
— Итга берсанг ит емайди буни, яна ёмонмас дейсан-а! — Асадбек шундай деб бўралаб сўкди-
да, ликопчани унинг олдига сурди: — Охиригача ейсан. Емасанг эмчакхалтангга солиб
бераман, уйга борганингда кечаси билан кавшаб чиқасан.
— Сиз менга қўполлик қилманг, — хизматчи шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, Асадбек уни
билагидан ушлаб тортиб, жойига ўтқазиб қўйди. Бунга кўзлари тушган хизматчилардан
иккитаси югуриб келишди:
— Натали, нима гап?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |