www.ziyouz.com kutubxonasi
155
Чой оғзига бемаза туюлиб, пиёлани дастурхон устига асталик билан қўйди. Аввалги даврлари
бўлганда «нима бало, хашак солиб дамлаганмисан?» деб тўнғиллар ёки пиёлани дўқ этиб қўяр,
ёинки жаҳли чиқиб турган бўлса, чойни сепиб юборарди. Шунда хотин бечора ҳадик билан
сапчиб туриб, бошқа чойнакда чой дамлаб келарди. Аммо янги дамланган чойдан ҳам
ичилмасди. Чунки аслида чой бемаза эмас, кайфиятнинг мазаси бўлмасди. Асадбек ғазаб
отидан тушгани билан кўнгли на овқат, на чой тусарди. Эр-хотин дам-бадам бир-бирларига
қараб қўйиб, жимгина ўтиришарди. Асадбек жағи-жағига тегмайдиганларга тоқат қилолмас,
хотинининг камгаплигидан мамнун юрарди. Бироқ, ҳозиргидай ҳолларда унинг гапириб
ўтиришини истади. «Нимани гапирса ҳам майли, жавраб турса бас», деб хотинига умид билан
қаради. Йўқ, Манзура жаврамади. Мўъминалик либосини ечмади. Илгари ҳам, айниқса
Зайнабнинг тўйидан сўнг мана шу тарзда икковлон кўп ёлғиз ўтиришарди. Лекни унда Асадбек
ёлғизлик тўрида сиқилмасди. Ҳозир сиқилди, ёмон сиқилди.
— Адаси, чойингиз совиди, қайноғидан қуяйми?— Манзура шундай деб пиёлага қўл узатди.
Асадбек «Йўқ, керакмас», деган маънода кафтини пиёла устига қўйди. Кейин маъсума хотинига
қаради-да:
— Манзур, ёшлигимизда биз ҳам шаҳар айлангани чиқармидик? — деб сўради.
Кутилмаган бу саволдан Манзура гангиб:
— Вой, шаҳарнинг нимасини айланардик? — де-ди.
— Ҳа энди, мундоғ «айлантириб» дейиладими ё «ўйнатиб» дейиладими, марожний-парожний
олиб берганманми? Мана, болаларинг кетишди-ку?
— Буларнинг замони бошқа, бизники бошқа эди, адаси.
— Бўпти, бор, кийиниб чиқ. Биз ҳам янги замонни бир кўрайлик.
Асадбек «Манзур» деб гап бошлаганида у бир ажабланган эди. Чунки эри асосан унга «ҳей»
деб мурожаат этар, меҳмон ҳузурида эса «онаси» дер, жуда кам ҳоллардагина эркалагувчи
самимий оҳангда «Манзур» деб чақирарди. Дастлабки ажабланиши сўнмай туриб сайрга
таклиф этилиши унга ғалати туюлди. Эрига «ҳазиллашаяпсизми, адаси?» деган маънода қараб,
балога қолай деди.
— Имилламасанг-чи, тур тезроқ, — деди Асадбек пўписа оҳангида.
Битта машинани Абдусамад, иккинчисини Ҳалимжон ҳайдаб, ёшларни сайрга олиб кетишган
эди. Манзура амрга итоат этиб ўрнидан турди-ю, «Машина йўқлигини адаси унутдилармикин»,
деган хаёлда:
— Машина... — деб гап бошлаган эди, «Ишинг бўлмасин», деган қўпол жавобни эшитди.
Асадбекнинг бу қилиғи Манзурагагина эмас, болохонадаги йигитларга ҳам ғалати туюлди.
Улардан бири шошганича пастга тушди, кўчада хотинининг ёнида хотиржам бораётган хожаси
изидан бир оз тикилди. Асадбек ҳеч қачон машинасиз кўчага чиқмасди. Бирор ёққа кетаётган
бўлса дарвозадан чиқиш олдида уларга нимадир деб қўярди.
Йигит пича тек тургач, содиқ мулозимлик вазифасини бажариб, саккиз-ўн қадамлик масофани
сақлаган ҳолда изма-из юра бошлади. Буни сезган Асадбек тўхтаб, орқасига ўгирилди. Йигит
ҳам тўхтаган эди, имлаб чақирди-да, у яқинлашгач:
— Изимдан юрма, — деди. — Ҳалим аканг келса, айт, уйига кетаверсин. — Асадбек бир оз
ўйланди-да, қўшиб қўйди: — Акаларинг келишганидан кейин сенлар ҳам уй-уйларингга
кетаверларинг. Эрталаб Ҳайдар акангга учрашсаларинг, бундан бу ёғига нима иш
қилишларингни айтади.
Йигит «хўп» деди-ю, аммо ҳайронлигини яширмай, қараб тураверди.
— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Асадбек, қошларини чимириб.
— Тушундим, Бек ака... Ҳовли... ёлғиз қоладими?
— Сен ташвишланма, кетавер, бизни бўри ермиди, акаси.
Йигит изига қайтгач, эр-хотин катта кўчага чиқишди.
— Машина тўхтат, — деди Асадбек, кейин кулимсираб қўшиб қўйди: — хотинларга тўхташи
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |