www.ziyouz.com kutubxonasi
152
кунларнинг бирида олтинларини силаб, роҳатланиш мақсадида ерни кавласаки, олтин йўқ!
Аламдан дод солиб турганида қўшниси яқинлашиб не ҳол юз берганини сўрабди.
— Олтинларимни сарф қилмай кўмиб қўйган эдим, ўғирлаб, ўрнига тош қўйиб кетишибди, —
деб жавоб берибди бойлик эгаси.
— Бекорга йиғлаяпсан, — дебди қўшниси. — Сен куйинмагин-да тошни жойига кўмиб қўявер.
Сарф қилмаганингдан кейин бу чуқурчага олтин кўмилганми ё тошми, сенга нима фарқи бор?»
Ўғлидан бу ривоятни эшитган подшо аччиқланибди-да:
— Демак, сенингча бойлик тўплаб, сақлаш шарт эмас экан-да? — дебди.
— Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб ундан оқиллик билан фойдалана
олмаслик ундан-да ёмонроқ,— деб жавоб қилган экан доно шаҳзода.
Қиссадан ҳисса: Тарих олтиндан қиммат бойликдир. Биз ўз олтинларимизни кўмиб қўйганмиз.
Овруполик олимлар эса уни олиб истаганларича истифода этяптилар. Олтинларимиздан
фойдаланиш ўзимизга ҳам насиб этармикин?..»
Зоҳид бу ёзувларни ўқиб, ўйланиб қолди. Кўз олдига Анвар келди. Охирги учрашувларида
Анвар «Жамшиднинг ўлими билан шуғулланадиган одамга тайинлаб қўйинг: Элчиндан гумон
қилиб юрмасин, иғволарга учмасин, Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкинда. Кўр ҳассасини
бир марта йўқотар экан, кўзи очиқлар икки марта йўқотмасин тағин...» деган эди. Элчин
отилди, Жамшид эса тирик, Анвар ўзини осди... «Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин...»
Зоҳидга бу уч тақдир ипларида бир боғлиқлик бордай туюлди. Лекин қанча ўйламасин,
фикрларини жамлай олмади.
«Икки марта жиннихонага тушган. Иккинчисида ўзини осган... — деб ўйлади у. — Шундай
ақлга эга одам жиннихонада ўзини осса, нима бу, ақллилик балосими?..»
Зоҳид бу саволга жавоб топа олмади.
ХIII б о б
1
Жалил «Шорасул ака икковимизни ўз ўғлидай кўрар эди, бел боғламасак ҳам бориб турайлик»,
деди. Асадбек ўртоғининг донолигидан ғаши келиб «Eҳтиёт бўл, ақлинг ошиб-тошиб
кетмасин», демоқчи бўлди-ю, «Гап талашиш фурсати эмас», деган фикрда тилини тия қолди.
— Бир нарсага эътибор бермаган эканман, бугун ақлимга келиб қолди, — деди Жалил
машинага ўтиргач. Асадбек «Яна нимага эътибор бермабсан?» деган маънода унга қараб
қўйди.
— Шорасул ака ота улфатдан охиргилари эканлар. Адаларимизнинг ошналари тамоман ўлиб
битди. Энг кўп яшаган шу Шорасул ака эканлар. Энг узоқ умр ҳам, энг оғир ҳаёт ҳам шу
Шорасул акага аталган экан.
— Бунақа узоқ умр бергандан кўра Худо иккита ўғил бера қолса яхши эди.
— Сен унақа дема, Худонинг ишларига аралашма, тавба қил, — деди Жалил.
— Худонинг ишларига аралашаётганим йўқ. Шу одамнинг иккита ўғли яшаб қолса, яхши
бўларди, деяпман. Сенга ўхшаган киндигини ўзи кесадиганлардан бўлса ҳам майлийди.
Бу гапни эшитиб Ҳалимжон кўзгу орқали орқага қараган эди, балога қолди. Жалил:
— Сен бола менга эмас, йўлга қара, — деб жеркиб берди.
Шорасул аканикига боришгач, Жалил келди-кетди билан овора бўлди. Асадбек кўрпача
тўшалган ўриндиқдан жой олди. Шорасул акани кўмиб келганлар узоқ ўтирмай, тарқалишди.
Фотиҳачилар ҳам кам келди. Асадбек сиқилиб, бир соатга аранг чидади. Ўрнидан туриб,
«кетяпман» деган маънода Жалилга имлаб қўйди. Уч-тўрт қадам қўймай Тўхтахоннинг эри
чақирди. Асадбек жанозада пайдо бўлганидан бери куёв у билан гаплашишга фурсат изларди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |