www.ziyouz.com kutubxonasi
225
йил отамни юбориш керак.
Муҳиддин отанинг шундай нияти бор, сафар харажатларига лойиқ маблағи ҳам етарли эди. Шу
сабабли «қўйинглар, бўтам, қўйинглар», деб баҳсга якун ясади.
Бу орада Жалилнинг хотини косаларда қайноқ мошхўрда олиб кирди.
Овқатланиб бўлиб кўчага чиқишаётганда Асадбек Жалилни четга тортиб:
— Раҳмон табибникига ўтмадингми? — деб сўради.
Жалил шу саволни кутиб турган эди, жаҳл билан унинг енгини силтаб тортди-да:
— Худо сенга миллион бойлик берган-у, тариқча ақлдан қисган, — деди, — билиб қўй, сенинг
керилишингни мен кўтараман, бошқалар ҳазм қилишолмайди. Лайчанг буйруғингни менга
етказди, Бек акахон. Биз қулингизмиз-да, айтасизу кетаверасиз. Биз бажариб турамиз. Отамга
раҳмат, малол олмадилар. Табибга ўзинг борасан. У мени эмас, сени даволаган, мен эмас, сен
тўй қиляпсан. Сал отдан тушинг, ҳов бойвачча...
Ҳозир жавоб қайтаришнинг ўрни эмасди. Ундан ташқари Жалил тўғри гапираётган эди.
ХХ б о б
1
— Тўёнани гаплашиб олсак бўларди, бирпас ўтиришга ҳам тоқатингиз йўғ-а?
Кесакполвон тўёна масаласини аллақачон ҳал қилиб қўйган: куёв тўраларга инъом этилажак
иккита оқ «жигули» эгаларига маҳтал эди. Шу сабабли у хотинининг ғишавасига эътибор
бермай:
— Латта-лутталарингни ўзинг биласан. Бошимни қотирма, — деди.
— Вабше тўйни неудобна пайтда қилишяпти. Чут кейинроқ суришса, Япониядан классний
материаллар олиб келардим.
— Бориб айтгин, бир-икки ойга суришади. Ўзи сенга ўхшаган битта аҳмақ маслаҳатчига муҳтож
юришибди.
— Фу, дарров устимдан кулишни бошлайсиз. Сизга вабше гапириш керакмас.
Хотини бурилиб чиқиб кетаётганида телефон қўнғироғи жиринглаб, Қози Бек акасининг келиб
кетганини маълум қилди. Бу хабарни эшитган Кесакполвон сапчиб тушаёзди. У Асадбекнинг
Москвага ўтганини эшитиб, ташвишланиб юрганди. Мўлжалича собиқ хожаси эртага эрталаб
келмоғи лозим эди. Барвақт келиши, устига-устак қозихонага бостириб бориши уни бир оз
гангитиб қўйди. «Нега? Нега?» деган қатор саволларга жавоб излаб боши қотди. Кейин аниқ
бир қарорга келолмаган бўлса-да, Асадбекникига отланди. Манзурадан «келдилару бир пиёла
чой ҳам ичмай чиқиб кетдилар, қаёққалигини айтмадилар», деган гапни эшитиб, бир пас
ҳовлида юрди, сўнг кутишга аҳд қилиб, уйга кирди. «Ақлини ўзига амир, нафсу ҳавосини эса
асир қилган киши қандай яхши одамдир, нафсу ҳавоси амир, ақли эса асир кишининг ҳолига
вой», дегувчилар нақадар ҳақ эдилар. Кесакполвоннинг ҳаёти шоми ҳақиқат чироғи билан
ёритилса, билагидаги тилла соатнинг миллари ўлими сайин илгарилаётгани яққол кўринар
қолар эди. Кесакполвон боши узра сузиб юрган ўлим булутининг совуқ нафасини сезарди.
Аммо шайтон ёққан чироқдан кўзлари шамғалат ғофил банда буни тан олишни истамасди. У
назарида Асадбек тахтини забт этганди, бироқ бу мулк ҳали қўлга кирмаганини англамасди.
Бугунми-ертами бошқа тахт тикланиб, уни ер билан яксон қилажаги мумкинлигини хавотир
билан ҳис этарди-ю, бу ваҳшат селидан омон қолишни умид қиларди.
Москвадан бир балони бошлаб келиб ғимирлаб юрибди, деб ташвишланаётган Кесакполвон
Асадбекнинг Муҳиддин отани бошлаб келганини кўргач, «тўй ташвишида чиққан экан», деб
бир оз тинчланди. Муҳиддин отанинг ҳузурида ишдан гап очилмади. Оқсоқол намозга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |