www.ziyouz.com kutubxonasi
213
тортмоқдан ўзга чора йўқ...
Бу байт худди ўзининг қалби қаъридан отилиб чиққандай туюлди. Ашулачи унга ҳамдарддай
кўринди:Бу жаҳонга ким келубдурБўлмасун бахти қаро...Қўшиқ дарду алам тортмоқдан ўзга
чораси қолмаган Ойсанамнинг ҳасратларини тўзитиб юборди. Эрининг ўлимидан сўнг ўзини
дунёда энг бахти қаро аёл деб ҳисоблаётган Ойсанам маъсуд кунларининг қайтишини жуда-
жуда истарди. Бу истакларнинг амалга ошуви ёмғир томчиларини изига қайтариш каби эканини
эса фикр қилмасди.
ХIХ б о б
1
Ўзбекистонда ҳукмини ўтказа олмаган қиш Томскка кўчган экан. Бу шаҳар Асадбекни изғирин
нафаси билан қарши олди. Асадбекни биров расман кутиб олмаган бўлса-да, изидан
кимнингдир пойлаётганини ҳис этди. Унга қўлидаги суратлар йўл кўрсатиб, аввал
меҳмонхонага борди. «Бугун меҳмонхонамизда жой йўқ» деган эълон осиб қўйилганига
қарамай, Асадбекка энг шинам хона тегди. Унинг ихтиёрида бир неча соатча вақт бор эди,
озгина дам олиб, сўнг керакли одамлар билан учрашиб, тонгда эса шу учоқнинг ўзида изига
қайтмоғи зарур эди. Ювиниб, бир оз ётган бўлди. Ке-йин кўчага чиқиб, йўловчи машина
ёллади-да, суратда акс этган кўчадаги уйни мўлжаллаб борди. Чамаси ўн беш дақиқа уй
атрофида юрди. «Суратга ишониб, адашгандирман», деб хаёл қила бошлаганида тўр халтасига
икки шиша қатиқ, битта нон солиб олган қария унга яқинлашди-да: «Сартарошхонанинг
рўпарасидаги оқ «нол тўққиз»ни кўряпсанми, сени ўша ерда кутишяпти», деб нари кетди.
Асадбекка бу эҳтиёт чораси малол келди. «Балабуха зўр бўлса ўзининг шаҳрида ҳам соясидан
қўрқадими?» деб машинаси сари юрди. Кўчани кесиб ўтаётганида машина мотори ўт
олдирилди. Олд ўриндиқдаги йигит қимирламагани сабабли Асадбек орқа эшикни ўзи очиб,
индамай ўтирди. Машина қўзғолиб, нари кетгач, ҳайдовчи ҳам, ёнидаги йигит ҳам орқасига
ўгирилмай салом бердилар. Уларнинг бу қилиқлари Асадбекка янада малол келди. Улар
саломдан нарига ўтишмади, Асадбек ҳам гапга тутмади.
Асадбекни шаҳар ташқарисидаги қароргоҳда кутишаётган эди. Козлов салом-аликдан сўнг
Балабухани таништирди-да, Асадбекнинг ғашини келтирган эҳтиёт чораси учун узр сўради.
— Биз билан алоқа ўрнатганингни ҳозирча биров билмагани маъқул, — деб изоҳ берди
Балабуха.
Козлов оиласини паноҳига олгани учун Асадбекка миннатдорлик билдириб, Муҳиддин отанинг
ҳол-аҳволини сўради.
— Уйларини ёқиб юборишибди, эшитдим, — деди у. — Айб менда, у ёққа бормаслигим керак
эди. Сен оқсоқолга узримни етказ, бу ишлар тинчигач, биринчи галда уйларини қурдириб
бераман.
— Шарт эмас, — деди Асадбек, — ота энди у ёққа қайтиб бормайдилар.
— Барибир узримни етказ. Бизнинг ўйинимиз деб яхши одамлар жабр чекмасликлари керак.
Охирги вагонни деб иккаламиз куйиб қолдик, Бек. Унинг ҳаққи тўлалигича менинг бўйнимда,
тийин-тийинигача тўлайман, хавотир олма. Истасанг... оиламни гаров сифатида ушлаб тур.
Бу гапдан сўнг Асадбек Козловни биринчи марта кўраётгандай қаттиқ тикилди. Балабуха эса
«Бу таклифга қандай жавоб бўлар экан», деган ўйда Асадбекка зимдан қараб ўтирарди.
— Сен эсингни еб қўйибсан, Лёша, — деди Асадбек Козловдан кўзларини узмай. — Агар
оилангни шунақа арзон-гаровга қўйишингни билганимда уларни бир соат ҳам ушлаб турмас
эдим. Гаровга қўйгинг бор экан, Хонгирейга бериб юборавермайсанми? Нима қилардинг уларни
сарсонликка гирифтор этиб.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |