www.ziyouz.com kutubxonasi
214
Асадбекдан айнан шундай танбеҳ кутган Козлов жилмайиб, миннатдорлик сифатида уни аста
қучди.
— Сен ҳақсан, — деди Балабуха. — Ҳаммамиз шундай бўлишимиз керак. Пул — топиладиган,
йўқотиладиган нарса. Оила эса — муқаддас! Менинг хотиним, фарзандларим йўқ. Мен
ёлғизман. Шу туфайли оиланинг беқиёс даражада муқаддас эканини мен сенлардан яхшироқ
биламан. Бек, мен сенга қойилман, чақирувимизни тўғри тушуниб, манзилни адашмай топиб
келдинг. Тбилиси орқали келганинг ҳам менга маъқул бўлди.
Асадбек Тбилисига қандай мақсадда кириб ўтганини тушунтириб ўтирмади.
— Алексей Петрович билан маслаҳатлашиб, кучларни бирлаштириш қарорига келдик, — деди
Балабуха.
— Қайси кучларни, нима мақсадда, кимга қарши?
— Хонгирейга қарши, — Балабуха «Жавобим сени ажаблантирдими?» дегандай Асадбекка
саволомуз қаради.
Унинг мақсадини англаб тургани учун ҳам Асадбек жавобдан таажжубланмади. Қўшимча савол
ҳам бермади, мезбоннинг гапини ҳам бўлмади.
— Хонгирей қоидани бузиб ўйнаяпти, — деди Балабуха. — Чегарадан чиқаверадиган одам
жазоланиши керак. Сен бизларга қўшиласанми?
Асадбек Козловдан элчи келиб, Томскка отланганида Хонгирейга тааллуқли бирон гап
чиқишини кутган эди. Аммо кучларнинг бирлашуви ҳақидаги гап унинг учун янгилик бўлди. У
фурсати келганда Хонгирейни жазолашни истарди, аммо шу кунларда очилажак урушга тайёр
эмасди, аниқроқ айтилса, бундай истак йўқ эди унда. «У ёқда Илико тиш қайраяпти, бу ёқда
булар. Икки ўртада менинг вазифам нима бўларкин? Булар бир-бирларининг мақсадларидан
хабардормикинлар?» Асадбек Козловни яхши билгани, унга ишонгани билан сир айтишни
маъқул кўрмади.
— Қайси кучлар бирлашиши керак? — деб такрор сўради Асадбек.
— Мен, Алексей Петрович ва сен. Ҳозирча шуни билсанг етарли.
— Менда ҳозир куч йўқ, ўйиндан чиққанман. Ҳамма иш шеригимнинг бўйнида, — деди Асадбек.
— Ҳайдарми? — деб ажабланди Козлов. — Сен унга ишондингми?
— Унга Хонгирей ишонди, шунинг ўзи кифоя.
— Сен адашибсан, — деди Козлов.
Асадбек у билан баҳслашишни истамай, хотиржам равишда:
— Баъзан адашиб туриш ҳам керак, — деб қўйди.
— Баъзан мумкин, лекин ҳозир хато қилишга ҳаққинг йўқ, — деди Балабуха.
— Хонгирей Ҳайдарга ишонган бўлса... демак, шеригинг қорадорига аралашибди, — деди
Козлов бир оз ўйчан тарзда, сўнг нимадир эсига тушгандай Асадбекка савол берди: — Ҳалим
дегани сенинг йигитинг эмасми?
Козловнинг бу саволи Асадбек учун кутилмаган бўлди:
— Ҳа, унинг изини йўқотиб юрувдим.
— Изини Красноярскдан топасан, — деди Козлов маънодор оҳангда, кейин изоҳ берди: —
Ҳалиминг наркокурер эканини билармидинг? Уни милитсияга рўпара қилишган. Милитсия уни
менинг уйимда кутиб, шу ерда қамоққа олган. Ҳозирча у ҳеч кимнинг номини тилга олмаган.
— Истасанг, биз уни қутқариб олишимиз мумкин,— деди Балабуха.
— Йўқ, истамайман, — деди Асадбек, — Ким юборган бўлса, ўзи қутқараверсин.
— Гапинг тўғри, — деди Балабуха, — биз қутқарсак, уйга борганида омон қолмайди. Яхшиси
озгина чидаб ўтиргани маъқул. Улар бир ўқ билан икки қуённи уришмоқчи. Биттаси —
наркокурерни рўпара қилиб, милитсиянинг кўнглини олишди. Энди бу ёғи кўкчи-роқ —
бемалол келиб кетаверишади. Иккинчиси — энди қадрдонимиз Козлов жанобларини милитсия
ҳам қидиради. Эрта-индин иттифоқ қидируви эълон қилинса мен ажабланмайман. Мўлжаллари
ёмон эмас, а? Красноярскда «Шурка лўли» дегани бор, эшитганмисан? Қорадорига ишинг
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |