www.ziyouz.com kutubxonasi
195
Грузинлар бунақаларни одам ўрнида кўрмайди. Иккинчи хато: Мен Москвага бегона эмасман,
хўжайинман. Мен нима истасам шу бўлади. Руслар Кавказни уруш билан олишган эди, биз
унинг пойтахтига урушсиз эга чиққанмиз. Шунинг учун сен бизнинг тақдиримиздан
ташвишланма.
Москвадаги учрашувларида ҳам Илико Хонгирей билан ҳисоб-китоб қилажагини айтган эди.
Ҳозир ҳам такрорлади. Асадбек бу гапдан кейин ўзини кўчада калтак еб акасига арз қилиб
келган мишиқи бола ҳолатида кўриб, ғашланди. Чунки у Хонгирей «четга чиқ» дегани билан
бир зумдаёқ тобега айланиб қолмаган, фурсати келишини кутиб озгина чекинган эди халос.
Энг муҳими — Иликога «қасдимни олиб бер» демовди, ўла қолса ҳам бундай демасди. «Менинг
ташвишимда юргани йўқдир. Акаси учун қасос олмагунича тинчимайди. «Қонга — қон, жонга —
жон!» дедими, вассалом... Унинг дарди меникидан оғирроқ... Мен қўлимдан кетганини эртага
қайтариб оламан. Бунинг йўқотгани эса қайтмайди...» — Асадбек ўзини шу гаплар билан
овутган бўлди.
Тоғли қишлоққа нонушта маҳали етиб келишди. Бу томонларда ҳали қор эриб улгурмаган,
айниқса мағрур чўққилар оқ папоқ кийган мўйсафидлар сингари гўё мудрарди.
Иликонинг бобоси худди уларни кутаётгандай айвон устунига суянганича йўлга тикилиб
турарди. Аввал набирасини, сўнг меҳмонни кўргач ҳам юзида қувонч нишонаси сезилмади,
ғамгин қиёфаси ўзгармади.
Орқадаги машинада етиб келган Анзор чол билан кўришгач, ёрдамчи йигитлари билан бирга
дастурхон тузашга киришди. Чол уларнинг ҳаракатларига монелик қилмай, заранг ҳассасини
қўлдан қўймасдан ҳовлига тушди. Асадбек унга эргашиб, ҳол-аҳвол сўради. Чол унга жавобан
«Худога шукр», деб қалин соқолини тутумлаб қўйди. Асадбек «чол яна бирон гап айтармикин»,
деб кутди. Лекин чол «ўзинг яхши юрибсанми?» деб ҳам сўрамади. Шунда Асадбек ўзбекларга
хос тарзда «Ошнамни бериб қўйибсизлар», деди. Бу гапдан ке-йин чол ёнида турган меҳмонга
қаради. Асадбек ҳамиша чақнаб турувчи нигоҳ ўрнига ботиқ, нурсиз кўзларни кўриб, юраги
ғалати бўлиб кетди. Чолга яна бир нима деб тасалли бермоқни истади, лекин шунга лойиқ гап
келмади тилига.
— Анави чўққини кўряпсанми? — деди чол бир озлик сукутдан сўнг. — Чўққи ёлғиз, мен ҳам
ёлғизман. Чўққи мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам яшайди. Чўққи бехато яшайди,
мен эсам хатою гуноҳларга бойиб умр кечирдим. Вано ўғлим урушга кетатуриб икки ўғлини
менга ишониб топширган эди. Мен ўғлимнинг омонатига хиёнат қилдим... Суликони асраб
қололмадим...
Чол шундай деб йўлга қаради.
Бу тун туш кўриб эди: ўзи айвонда турган эмиш. Йўлдан эса ўғли Вано билан набираси Сулико
югуриб келаётганмиш. «Ота, сиз Суликони йўқотиб эдингиз, мен уни топдим!» деб қувонармиш
Вано. Фақат Сулико эллик ёшдаги одам эмас, балки уч ёшли гўдак эмиш... Отаси урушга
кетганда шу ёшда эди Сулико... Қуш қанотларини ёйгани мисол чол қучоғини очиб уларга
пешвоз чиқди. Улар эса чекиндилар, чекиндилар, сўнг қора нуқтага айландилар...
Ярим тунда нафаси бўғилиб уйғонганича чол бедор эди. Сулико билан Илико боболарини ёлғиз
қолдирмай, ўзлари билан бирга яшашга кўндира олишмади. Кутаисида туришганда чол розилик
бергандай бўлди, аммо шаҳарда икки кунга ҳам чидай олмади. Қишлоқдаги қабристонда ётган
аждодларини, хотинини, набираларининг онаси бўлмиш келинини ёлғиз қолдиролмаслигини
айтгач, Сулико ҳам, Илико ҳам ноилож қолишди, боболарини шаҳарга кўчириш ҳақида бошқа
сўз очишмади.
Чол четан девор билан ўралган ҳовлисига тақалган йўл томон бир-икки қадам қўйиб, тўхтади.
Кейин яна чўққига тикилганича, худди ўзига ўзи гапиргандай деди:
— «Унинг иссиқ кўз ёшларин ҳайвонлар ялар йўлда,
Олов эса тўхтамайин авж олади кўнгилда...»
Чол яна сукут қилди-да, сўнг Асадбекка қараб «Бу— Руставели!» деб қўйди. Кейин унинг
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |