www.ziyouz.com кутубхонаси
85
ўзини билдириб ва бир алами ўн бўлиб, супадан сакраб тушди.
Ялангоёқ югуриб бориб даҳлизга кирганди, икки оташхонали газ-плита ёнида турган Ҳожар таппа
ўтириб олди.
— Урманг-урманг, отаси.
Бу гапни эшитиб, Ўсарнинг ургиси келиб кетди. Ҳатто қўлиниям кўтарди-ю, сўнгра ўзиям шилқ
этиб, кигизга ўтира қолди.
— Ҳой, менга қара, — деди хириллаб. — урмайман. Урсам, қўлим синсин.
— Нима?
— Кампир, менга айт, — деди Ўсар бошини эгиб. — Шу момом ортиқчалик қиляптими, а? — Бу
гапни илк бор тилидан чиқаргани ва, демак, қулоғиям эшитгани учунми бутун вужуди титраб кетди. —
Айт, хотин, — деди йиғламсираб. — Айт... Энасини урай бу дунёни, бирим икки бўлмади. Эртадан
кечгача ишлайсан, қизингга бир тупли оберолмайсан. Бу нима... — Кейин ўнг қўлини чойнакдай мушт
қилиб, ўзининг чаккасига бир туширди. — Бу каллаям вақтида ишламаган. Кенжа ўқисин, шу одам
бўлсин деб рабочилик қилиб кетдим. Мана, уям ўз кунини кўриб кетди...
— Бачадан нолиманг, — деди шунда Ҳожар. — Чорбоғди ташлаб кетди-ку?
— Гапти бўлма! — Ўсар энди кигизни муштлади. Кигиздан кўтарилган чанг димоғига уриб, негадир
наша чеккиси келди. Бироқ бир тутун олсаям тўпиғига сув чиқмай қолишини яхши билгани учун, йўқ,
момоси йўриғидаги «иш»ни, ниҳоят, «бир ёқли» қилиш аҳдида туришни ва «бир ёқли қилиш»ни шарт
деб билиб: — Айт! — дея яна хириллади. — Айтмасанг, ё сени, ё ўзимни бир бало қиламан.
Хотин деворга тиқилди.
— Менинг у кишига ёмонлигим борми?
— Ёмонлигинг йўқ... Биламан. Кампир ҳам сендан рози... Лекин сени ўйлаганинг бор... — Усар
хотинига кўзлари қонсираб тикилди. — Мен сезиб юриппан... Ҳа, мени аҳмоқ дема! Ҳе, сен ушлаган
товуқнинг думпатини узиб қўйганман!
— Ахир...
— Гапир. Ичимди еб кетяпти... Очман. Сениям еб қўяман, энағар.
— Энамди сўкманг.
— Бўпти, сўкмайман.
— У раҳматли мен бахтсизни туққанки, сизди уйингизда чўрилик қип журиппан...
— Уҳ! — Ўсарнинг юраги эзилиб кетди: Ҳожарни яхши кўради, Ҳожарни яхши кўриб олган... —
Мени кечир, — деб юборди бирдан. — Сени чертишга қўлим бормайди, шундай яхши кўраман! Лекин...
тилинг ёмон...
— Мен ҳам сизга... азоб берай деб гапираманми... — Ҳожар пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Уни кўриб Ўсарнинг ҳам кўнгли бузилди.
— Гапир, — деди ҳиқиллаб. — Муддаони айт... Бўлди, йиғлама. Йиғлама деяппан! — дея бақириб
юборди. — Яна пиқ этсанг, айлантириб соламан, энанг... Астағфурилло! Одамни копир қилиб
юборасан-а!
— Мен, мен сизга... — Чайналиб гапира бошлади Ҳожар. — Сизга момонгизни у қилинг-бу қилинг
деганим йўқ. У киши — мениям момом... — Унинг кўзидан яна ёш қуйила бошлади. — Қизингиз
техникумига кетади. Ўзим касал...
— Энди сени дўхтирга кўрсатаман. Бошингни кўрсатаман! Тошкентга обораман! — деб юборди
Ўсар ва аёлининг синиқ жилмайганини кўриб, энди чап мушти билан ўзининг бу чаккасига солди. —
Ўлай агар, қасам ичаман!
— Майли, раҳмат. Ўзингизни урманг, — деди Ҳожар. — Ўзи сиз каллага уришни одат қипсиз.
— Бас! Хумори тутаётган бўлса...
— Вой, худо.
— Айт!
— Уф, энди бир марта оғзимдан чиқиб кетиб эди-да.
— Ҳа, балли!
— Ахир, тузук-тузук кишилар ҳам...
— Ҳа-ҳа.
— Анави... — Аёл тағин инграб йиғлашга тушди. — Ўлай агар, мен ўйлаб топган бўлсам...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |