САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
129
Шунақаям шовуллайдики, моторнинг овози эшитилмайди. Икки марта тўхтаб қолганда,
моторнинг
юрган-юрмаганини билолмай қолдим.
Нариги бет — тошлоқ. Аста-секин кўтарилиб, юксак тоққа айланади. Унинг ҳам бағирлари —
арчазор. Бузуқ жойлар ҳам кўп: шу кунларда наъматаклар қутириб гуллаган эди! Йўл ўша-ўша: нотекис,
хавфли.
Лекин Болтабой юришни билади. Мисир уни бекорга шопир қилиб олмаган...
Ҳорғин ўтирибман денг. Хаёлимда бир замонлар — ўн икки-ўн уч ёшларимда шу жойлардан ҳам
милтиқ кўтариб ўтганим: отам тайёрлов идорасида ишлар эди, менинг белимга пул боғлаб, қўлимга
милтиқни ушлатиб, эшакка миндириб, бу томондаги қишлоқларга жўнатарди.
У кишининг ҳар бир қишлоқда ошнаси бўларди. Мен айтилган қишлоққа келиб,
айтилган кишини
топиб, иккала қўлимни ҳам баланд кўтарардим. Отамнинг ошнаси белимдан белбоғни ечиб олар, ана
ўшанда яна пул келтирганимни англардим. Кейин ошна: «Бориб айт. Фалон кундан кейин шунча эшак
олмақоқи боради, туршак боради», дер эди. Мен кўпинча ўша куниёқ районга қайтардим. Нимагаки,
масалан, саҳарлаб марказдан чиққан бўлсам, қуёш ботишига бирон терак бўйи қолганда, ўша қишлоққа
етиб келардим. Биласизки, қуён ҳам, каклик ҳам кун ботаётган пайтда сўқмоқларга, ялангликларга
чиқади. Айниқса, қуёнлар!..
Отолмасанг ҳам, уларни қувиш, ортидан ўқ бўшатиш, хуллас, томоша қилишнинг гашти бор-да.
Сўнгра: тунлари милтиқни ўнглаб, арчазорлар орасидан юришни яхши кўрардим. Қулоғинг динг!
Сезгиларинг ўткир! Бамисоли баҳайбат бир маҳлуқ чиқиб қолади-ю, у билан сўқишасан...
Қолаверса, зим-зиё туннинг ҳам ўзига хос гўзаллиги бўлади-да. Юлдузлар яқин, бойқуш сайрайди,
ҳар қадамингдан жир деган тун қуши учиб ўтади. Эшаккина бепарво... Ой чиққан маҳалларда
арчазорлар негадир тинч бўларди. Улкан-улкан арчалар сояга ўхшаб туради. Эшакнинг туёқ
товуши
йироқ-йироқлардан баайни акс-садо беради.
Ўлай агар, қўрқув нималигини билмасдим. Ҳолбуки, мен ўрмон билан боғлиқ эртакларга
ишонардим...
Ўтинаман: ҳаяжонланиб кетиб, асосий мақсаддан чалғияпман, лекин бу изоҳлар ҳам керак.
Болтабой йўлни териб ҳайдаб, ўркачга чиқди. Чироқлар нурида фақат икки марта тулкими, шақолми
кўринди: тўғрироғи, йилтиллаган кўзлари кўринди, холос.
— Товушқон қолмаганми? — деб сўрадим.
— Камайиб кетди, ака, — деди Болтабой. — Лекин бор... Энди, улар ҳам замонга қарайди-да.
Ҳадеганда ўзини кўрсатмайди. Бугун эрталаб бировини кўрдим. Ҳар сакрайди — одам бўйи! Уни отиб
бўладими? Какликлар ҳам даққи бўлиб кетган. Қорангизни кўрса, бир чақиримдан қочади.
Тоғдан эна бошладик. Олисда юлдузларга қўшилиб кетган марказ чирокдари кўринди. Лекин уларга
етиш учун... Чўпонлар тўғри айтишади: нур кўрган ерингга борма, ит ҳурган ерга бор! Зўр гап.
Марказ чегарасига кирганимизда, ёмғир томчилай бошлади. Соат ўнлардан ошган эди.
Қўштегирмон кўпригидан ўтгач, анча ҳушёр тортдим. «Районда ўзгариш борми?» дегандай қарай
бошладим. Жимжит. Одамлар кундузги ваҳимали гап-сўзлардан қочиб,
уй-уйига, тўшагига кириб
олгандай эди.
Чорраҳага етганда, Болтабой:
—Уйлариютами, домла? — деб сўради.
Уй... Уйда нима қиламан? Тунда уларни безовта қилиб, нимани гаплашаман?
Қаёқдан калламга келди шу гап:
— Почтага! Почтага! — деб юбордим.
Do'stlaringiz bilan baham: