www.ziyouz.com кутубхонаси
35
— Киштала-киш, киштала-киш, киштала-киш! — дея чапак чалди.
Қиммат момо Оймомо ўйинига қаради-қаради-да, ўзича бош ирғади.
— Шундай хушрўй аёл тирноққа зор-а, тирноққа-я! — деди.
— Ундай деманг-е, — деди бир момо.
— Куйганимдан гапираман-да, Сора момо, куйганимдан! — деди Қиммат момо. — Бўлам-да,
минг қилсаям, бўлагинам-да!
— Бўлангиз бўлса-да, деманг!
Қиммат момо дарров гапни бурди. Бирдан... ҳиринг-ҳиринг кулди.
— Ҳазил-да, Сора момо, ҳазил-да. Ҳазил гапниям билмайсизми! — деди.
Қиммат момо ўхшатиб-ўхшатиб вовайло қилди:
— Уф-ф-ф! — деди. — Худо итга берган тирноқни, битга берган тирноқни нима қиларди денг,
шу бўлагинамгаям берса!
Ер ёрилмади, Оймомо ерга кириб кетмади!
Боши узра ўйнатмиш қўлларини оҳиста-оҳиста туширди. Кафтлари билан юзларнии бекита-
бекита, даврадан чиқиб жўнади.
Наврўзлари заҳар-заққум бўлди! Наврўзлари бурнидан булоқ бўлди!
Уфқ қорайиб-қорайиб келди. Қоп-қора булутлар кўпириб-кўпириб тошди. Булутлар тошиб-
тошиб келди, булутлар ёйилиб-ёйилиб келди.
— Ана, келаяпти, ана, — деди эл.
Келажак Муқаддас Буқа бўлдимикин? Кўпириб тошмиш қоп-қора булутлар Муқаддас Буқа
араваси ғилдираклари остидан ўрлаяптимикин?
Қоп-қора уфқ гулдур-гулдур этди, қоп-қора уфқ гумбур-гумбур этди.
— Келди, кетдик, келди! — деди эл.
Гулдур-гулдур этмиш Муқаддас Буқа аравасимикин? Муқаддас Буқа аравасини тарақлатиб-
тарақлатиб ҳайдаб келаяптимикин?
Қоп-қора уфқ ярқ-юрқ этди, қоп-қора уфқ ялт-ялт этди.
Муқаддас Буқа араваси ғилдираклари тоғ-тошларга урилиб-урилиб, чақин чақяптимикин? Ё
Муқаддас Буқа кумуш туёқлари чақир тошларга тегиб-тегиб, ўт чақнаяптимикин?
— Ҳозир ёмғир ёғади! — деди эл.
Қоп-қора булутлар ичра оппоқ бир нима бир йўқолди-бир кўринди. Муқаддас Буқа аравасида
ортиб юрмиш ой қалқиб-қалқиб келаяптимикин?
Eл-халқ уй-уйига тарқалди.
Наврўзчилар кўнгли кўклам бўлди.
Оймомо кўнгли... ҳамон қиш бўлди!
III
Ой тўлишиб қолди.
Ёз ойдини оппоқ бўлди.
Фалак кавкабистон бўлди.
Кавкабистонда бир юлдуз юлдуззор оралаб сайр этди. Бу, ер йўлдоши бўлди.
Олис-олислардаги чироқлар юлдузлардай милтиллади.
Адир биқинидаги баҳайбат ёнғоқ барглари мунгли шитирлади. Чигирткалар чириллади...
Бир қуш зардоли шохларини шитирлатиб-шитирлатиб учди.
Йўнғичқапояда отлар кирт-кирт ўтлайди.
Отлар пишқирди, отлар кишнади.
Отлар тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тепинди.
Тун жарчиси бойўғли узиб-узиб овоз берди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |