www.ziyouz.com кутубхонаси
12
— Сен гапир, қирдан қайтиб, зардолилар остида оёқ илганимизни, мен сенга зардоли териб
берганимни.
— Ўзи гапирсин, қўллари зардоли шохларида бўлса-да, кўзлари менда эканини.
— Сен гапир, шамолда рўмолинг учиб кетгани, мен ушлаб келганимни.
— Ўзи гапирсин, рўмолга узатган билагимдан маҳкам ушлаганини, йиғлайман десам-да, қўйиб
юбормаганини.
Сукунат, тошдай сукунат.
Куёв-қайлиқ хаёлан кўрди: зардолилар остига тап-тап тушди. Кўршапалаклар пир-пир учди.
Куёв-қайлиқ хаёлан эшитди: ёз чигирткалари чир-чир этди. Бойўғли узиб-узиб овоз берди.
— Йўқ, сен гапир, қўлларингни ушлаганимни уялмай-нетмай янгангга айтганингни.
— Ўзи гапирсин, айтдим, дея алдасам-да, янгамдан қочиб юрганини.
— Айтмаганинг чинми?
— Чин.
— Мен янгангга рўпара бўлолмабман, юзларига қандай қарайман, деб.
— Билса, ҳалиям айтганим йўқ.
Куёв завқланди. Шифтга тикилиб, сукутга кетди.
Жимжитлик қайлиқ кўнглига таҳлика солди. Қайлиқ хаёли бир ёқларга кетди.
— Нималарни ўйлаяпти? — деди.
— Ўзимизнинг оқшомларни.
— Зубайдани-чи?
Қайлиқ куёвни жон жойидан ушлади.
Куёв хаёли учди-кетди.
— Сен ундай ўйларга борма, — деди куёв. — Чин, қараганим чин. Мен сенга айтсам,
қарайдиган вақтлар эди-да. Кимга қараган бўлсам, сени деб қараб эдим. Чин, Зубайдага
қарадим. Йўқ, у сен эмас бўлди. Болхинга қарадим. У-да сен эмас бўлди. Тағин бировга
қарадим. У-да сен эмас бўлди. Тағин бировга қарадим. У, сен ўзинг бўлдинг...
— Шу чиними?
— Чиним.
Қайлиқ ийиб кетди. Қайлиқ дилдорлик берди, қайлиқ дилбарлик берди...
— Унда... мен сизга... тан бердим!
28
Куёв-қайлиқлар тонги тез отади!
Қайлиқ куёв қучоғидан қўзғолди. Куёв узатмиш бебош қўлларни рад этиб ташлади.
— Бўлди! — деди. — Бебошлик қила берди-қила берди, тонглар бошига-да етди...
Куёв-қайлиқ даҳлизда бир-бирлари бошидан сув қуйди. Гуноҳлардан фориғ бўлди.
Куёв белқарс ўрай-ўрай эшик сари юрди. Эшик балдоғини ушлади. Серрайиб қолди. Елкаси
оша чимилдиққа қаради.
Қайлиқ рўмоли учини ғижимлаб ўйнади. Бармоқларига тикилди.
— Энди келмасин, ёмон экан, — деди қайлиқ.
Куёв кўнгли тонгдай ёришди. Борди-ю, қайлиқ бўлмиш қачон келасиз, деганида куёв оғринар
эди.
Куёв катта кўча бўйлаб юрди.
Куёв кўзларига жамики олам оппоқ бўлиб кўринди.
Пойидаги йўл оппоқ чойшабдай оппоқ. Уйлар, деворлар, дарахтлар-да оппоқ. Қушлар-да
оппоқ, чойшабдайин оппоқ. Кўча ёқалаб оқмиш сув-да оппоқ. Сув жилдираши-да оппоқ,
чойшабдайин оппоқ.
Тонг етилди.
Юлдузлар сўнди-сўнди, Зуҳро ёлғиз қолди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |