www.ziyouz.com кутубхонаси
86
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер.
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер.
Юзларида, кўнгилларида ёруғ табассум ўйнадилар.
— Ҳай-ҳай-ҳай... — дея пичирладилар.
— Бундай бемаҳалда қолиб кетмасдилар-ку? — деди ошиқ.
— Кетгилари келмаяпти шекилли, — деди маъшуқ.
— Кўнгиллари бузилиб ўтиргандир.
— Кечроқ энам, бобонгнинг мол-ҳолларига қарайин деб, даричадан қайтиб келди. Ўзлари қара-
ётган эканлар, вайрон кўнгилларини баттар вайрон қилмайин деб бормадим, деди.
— Отам, ҳар оқшом момонгникига бориб молҳолга қара, деди.
— Оқшомлари борсак, бир-биримизга гап қўшмаймиз, майлими? Бўлмаса билиб қоладилар.
— майли.
— Қоронғилатиб адир айланамиз...
— Момомиз қазо қилганидан буён телевизор, радио қўймаймиз.
— Биз ҳам қўймаймиз.
— Энам қора кийиб юрибди.
— Менинг отам бир куни янгироқ кийимини кийиб шаҳарга бормоқчи бўлиб эди, энам уришди,
одаммисиз ўзи, деди. Отам фаросатсизлигидан ўзини койиб, яна қора кийди.
— Биз ҳам қора кийимларимизни кийиб юрибмиз.
— Энам тақинчоқлариниям сандиққа солиб қўйди.
— Укаларим оқшомлари ашула айтиб ўйнарди, энам уришди. Азалимиз, бованг эшитиб қолса
нима деган одам бўламиз, деди.
— Энди момомизнинг қирқи ўтгунча шундай бўлади.
— Бовамиз буёқларга келиб юришимизниям билармикинлар? — деди маъшуқ.
— Билмасалар керак, — деди ошиқ.
— Момомизнинг вафоти куни сен ҳам йиғладингми?
— Бўлмасам-чи, уйни айланиб, момомлаб йиғладим.
— Мен энамлаб йиғладим.
— Қара, кетибдилар.
— Юринг, Сайрак адирга энди биз чиқамиз...
Ошиқ-маъшуқ қўзғолди. Ариқ ёқалаб юрди.
Бобомиз кўнгиллари ёришди. Тўлқинландилар. Ўтиришларини-да, туришларини-да
билмадилар. Кетларига хиёл чайқалиб, кўзларини юмдилар. энтикиб-ентикиб нафас олдилар.
Кийимлари ўзларига торлик қилаётгандай бўлдилар. Ёқаларини кўтариб-кўтариб, кўкракларини
шамоллатдилар.
Жойларидан авайлаб турдилар. Этакларини қоқдилар. Ўтира бериб қотиб қолмиш қаддиларини
ростлаш учун белларига қўлларини тирадилар.
Адирламиш ошиқ-маъшуқлардан кўз узмадилар. Суқланиб-суқланиб қарадилар...
Беихтиёр... беихтиёр қишлоққа боражак сўқмоқдан йўл солдилар...
— Момоси, мен уларни кўрдим... — дедилар. — Мен сенга айтиб эдим-у, Ҳазрати Хизр
юзимиздан ўтолмайди деб!..
Бобомиз оёқ илдилар. Сайрак адирга қайрилиб қарадилар.
Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер,
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер...
Бобомиз бошларини эгганларича туриб қолдилар!
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |