www.ziyouz.com кутубхонаси
38
Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Сол, тумшуғига!
— Ур! Мушт турганда муомала нима керак!
Беқасам чопонлик бир бўзболани қўшқўллаб бир урди. Бўзбола чалпак бўлиб тушди.
Омон турган бўзбола беқасам чопонлик кетидан келди. Биқинига созлаб бир тепди.
Беқасам чопонлик энкайди. Биқинини ушлаб-ушлаб, энкайиб қолди.
Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Калла қил, калла!
Шунда, майдагина бир қора кучук вангиллаб-вангиллаб чопиб келди. Келди-ю, беқасам
чопонликни ураётган бўзбола бутига ёпишди. Бўзбола кучукка оёғини сермади.
Кучук кетидан сермўйлов балиқпаз чопқиллаб келди. Кучугини уришиб-уришиб, олдига солиб
ҳайдаб кетди.
Чалпак бўлиб йиқилган бўзбола жойидан сапчиб турди. Беқасам чопонликни тепа кетди. Лойга
белангани-да қўшилиб тепди. Бўзболалар кўзларига қарамай тепди. Беқасам чопонлик юзлари
буришди. Бир ичини, бир биқинини ушлади. Кейин, ерга чўк тушди.
Мен олазарак бўлдим. Теварак-атрофимга алангладим. Бурчакда ўтирган милитсионерларга
қарадим.
— Ай, анавиларни орача қилинглар-ай! —дедим.
Милитсионерлар парвойи фалак бўлди. Беғам-беғам чой ичди. Бошларини сарак-сарак этди.
— Бизга алоқаси йўқ! — деди.
— Бу ер бошқа бировнинг участкаси! Бизнинг участкамиз винзавод тарафда! — деди.
Оломон якун ясади:
— Тамом, нокдаун!
Йўқ, тамом бўлмади.
Беқасам чопонлик чўккалаб ўтирди-ўтирди-да, бирдан сапчиб турди. Биқинига тепган бўзбола
юзига калла қилди.
Бўзбола юзларини кафтлари билан ёпди. Хиёл энкайди. Бармоқлари орасидан қон сизиб чиқди.
Шунда, бирови кафтига бир қора нима қўйди. Шу қора нима билан беқасам чопонликнинг пе-
шонасига қулочкашлаб бир урди.
Беқасам чопонлик:
— Воҳ, ўлдим-а! — дея бақирди. Пешонасини ушлади. Талтанглади, гандираклади. Ана
йиқиламан, мана йиқиламан деди.
Калла еган бўзбола турган жойида сапчиб, беқасам чопонликнинг кўкрагига тепди.
Беқасам чопонлик баргдай учиб тушди. Қўлларини ёнларига ёйиб, қимирламай қолди.
Бўзболалар беқасам чопонликни ўртага олиб тепди. Оёқлари остига олиб тепди. Кўзларига
қарамай тепди.
Биродарлар, эзилиб кетдим, ич-ичимдан эзилиб кетдим! Жоним ҳалқумимга келди!
Алам ҳам армон билан бурчакка қарадим. Йўқ, милитсионер йўқ. Теварак-атрофга алангладим.
Милитсионерлар олдинма-кейин бўлиб, чойхона ёналаб писиб-писиб кетаяпти.
Қаҳр билан, нафрат билан сўридан таппа ташладим. Беқасам чопонлик билан бўзболаларни
орача қилайин, дедим. Оломонни қулочларим билан ёриб, ўртага кириб бордим.
Бир бўзболани билагидан қўшқўллаб ушладим. Кетига сермаб юбордим. Бир бўзболани
сочларидан ғижимлаб ушладим. Сочларидан четга тортдим.
— Имонинг куйгурлар! Бир мўмин бандани ўлдирасанми! — дедим. Сочларини ғижимлаб
тургандим, юлқинди. Бўлмади. Тағин юлқинди. Яна бўлмади. Кейин, чотларим орасига ўхшатиб
бир тепди.
Биродарлар, орачига — олти таёқ!
Eсанкираб қолдим, довдираб қолдим. Жон ширин-да! Жон аччиғида қўлим юзаси билан
бўзбола кўзларини оралатиб бир солдим.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |