www.ziyouz.com кутубхонаси
37
Чойхона ҳавоси дим бўлди. Нафасим қайтиб кетди.
Ташқари сўриларда-да одам мўл бўлди. Бировлаб санаса юзлар бўлди.
Халтамни сўри устунига суяб қўйдим. Бўш жой изладим. Бир одам туриб кетди, жойи бўшаб
қолди. Халтамни олдим. Яқинимдаги одамга:
— Сўраганларга бу жой эгалик денг, — дедим.
Чой билан кулча олиб келдим. Кўчанинг нариги юзида бир сермўйлов одам катта қозонда
балиқ қовурди. Ана шу мўйловдан икки кило балиқ олиб келдим.
Чордона қуриб, балиқ туширдим. Балиқ серқилтиқ бўлди, хўп хуноб қилди.
Шунда, бурчак сўрида иккита милитсионер пайдо бўлди.
Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Кўнглим айниди, иштаҳам бузилди.
Кўрмайин-да, куймайин-да, дедим. Чаппа бурилиб ўтириб олдим. Тағин, ўшалар бўлса-я, дея
ҳадиксирадим. Кўз қирим билан қараб-қараб олдим. Йўқ, улар эмас, бошқалар бўлди.
51
Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди.
— Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар.
Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам қувиб
келди.
Бола кўчани кесиб чопди. Юқоридан келаётган қизил машинага бел бўлди. Машина «шиғғ»
этиб, тойиб келиб тўхтади. Бола ўзини йўлнинг бериги бетига отди. Қоп-қора сувли ариққа
шалоплаб тушди. Лой бўлмаган ери қолмади.
Қувиб келаётган одам машина кетидан ўтди. Боланинг лой ёқасидан жуфтлаб ушлади. Бола
типирчилади, аммо беқасам чопонлик чангалидан чиқолмади. Беқасам чопонлик, боланинг
оёқларига қўшиб, қоқиб, ерга юмалатди.
— Пулни чиқар! Қани пул?! — деди беқасам чопнлик.
— Мен эмас! — деди бола.
— Сен! Қўлингни киссамда ушладим-ку! Яхшиликча чиқар, бўлмаса энангни Учқўрғондан
кўрсатаман!
— Мен эмас деяпман-ку!
— Унда ўзим топаман! Торт қўлингни! Манави киссангни кўрсат!
Йўлдан ўткинчи-кеткинчилар оёқ илди. Чойхонадагилар бориб қаради. Тумонат одам бўлди.
Мен сўрида тик туриб қарадим.
Беқасам чопонлик боланинг киссасини ковлади. Қўйнига қўлини тиқди. Қўйнидан бир даста
пул олди. Боланинг тумшуғига олиб борди.
— Бу нима, энангнинг қалиними? — деди.
Бола бошини елкалари ичига олди. Юзини лой кафтлари билан пана қилди.
Беқасам чопонлик боланинг қулоқ-чаккасига қулочкашлаб солди. Бола балчиқ сувга шалоп
этиб тушди.
Беқасам чопонлик боланинг ёқасидан жуфтлаб ушлади. Сувнинг оқишига қараб судради.
— Сенга киссавурлик қилишни кўрсатиб қўяман! Юр мелисага!
Бола оёқларини тиради, гавдасини орқасига ташлади.
Шу вақт, оломон орасидан иккита новча бўзбола суғурилиб келди. Икковининг-да сочлари
елкасида бўлди. Уст-бошлари баданларига чиппа ёпишиб турди. Ботинкалари товони от
туёғидай-от туёғидай қалин-қалин бўлди.
Бўзболалар беқасам чопонлик кетидан келди. Бир бўзбола беқасам чопонлик тирсагидан
ушлади. Беқасам чопонлик, болани қўйиб юборди. Кетига қайрилиб қаради. Шунда, бўзбола
беқасам чопонлик иягига қулочкашлаб бир урди.
Беқасам чопонлик зуваласи пишиқлардан бўлди. Кетига гандираклаб-гандираклаб борди. Аммо
йиқилмади.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |