www.ziyouz.com кутубхонаси
308
қайта илиб қўйди. Йиғилишдан кейин, йўқ, яхшиси, банкдан қайтаётиб, қўнғироқ қиламан-да,
бирор ерда ўтиришга таклиф этаман, деб ўйлади. У иккаласи нималар ҳақида гаплашишини
аниқ тасаввур қилолмасди. Ҳаммаси тамом бўлганга ўхшарди. Бироқ уни бирон жойга чорлаб,
гаплашиб олса, ўзига яхши бўлиши аниқ. Ҳатто рад этган тақдирда ҳам, ўзини қўлга олиши
осон кечади.
У бир сониягина хона деворига суяниб турди. ЮБТК эшиги ёнига яна битта машина келиб
тўхтади ва ундан учта кекса директор тушди.
Қизиқ, деб ўйлади Палмер, бу кекса жентльменлар бугунги йиғилишнинг асл сабабини
билармикин? Келадиганларнинг айримларидан бошқа бирортаси Палмер қилишга мажбур
бўлган хиёнат, ёлғон, товламачилик, пора воситасида ўзига оғдириш ва тазийқ ўтказиш
турларини ва тазийққа қарши уюштирилган ҳийла-найранглар, устамонликлар борасида шубҳа
қилармикан, буларни сезармикан?
Улар ўз вице-президентларининг ёш мулойим чеҳрасида ҳаддан ташқари ақлли, етук,
маълумотли оқ танли протестантни, манфаат унадиган ишда ҳар қандай хизматга шай инсонни
кўра олганмиканлар? Ё уларнинг тасаввурида фитначи, ёлғончи ва хоин сиймоси
гавдаландимикин? У мажбуран бажарган бошқа ролларни кўриш учун лоақал биронтаси
артистларга хос саҳна орқасидаги ҳаётга кўз қирини ташлай олдимикин?
Палмер телефон хонасидан қараб турар экан, уларнинг бирортаси ҳам ўзига боғлиқ бирон-
бир жиҳатни пайқамаганлигини сезди. Ҳатто Бэркхардт ёки Лумис ҳам маҳорат билан
уюштирилган найрангнинг майда-чуйда тафсилотлари, ёлғон-яшиқ иплардан тўқилган тўрини
кўришдан ожиз эдилар. Улар ўз тасаввурларига мос келадиган одамдан бошқасини кўришга
қобил эмас эдилар.
Кутилмаганда Палмер улар ўзларича ҳақ эканлигини ҳис қилди. Ўзи ҳам ана шу одамлардан
бирига айланиб қолган эди. Ва ниҳоят...
У телефон хонасидан чиқиб, аста-секин банк томонга қараб юра бошлади.
Чорраҳага келганда Палмер ҳеч кутилмаганда кўча ўртасига ўзини урди. Қулоқлари остида
автомобилнинг ваҳимали чинқириғи янгради. Палмер ҳеч нарсага эътибор бермай юриб
бораверди. Қўланса дарё ҳиди димоғига тўлиб кетди.
Палмер гаванга орқа ўгирди ва уфқнинг нотекис чизиғига тикилганча бундай серғалва
ҳаётга яна қанча чидай оларкинман, деб хаёлан ўзидан сўради. Эдис билан бирга бу даҳшатли
шаҳарда шод-хуррам яшай оламизми, деб ҳам ўйлади. У Мичиганнинг сокин кўлларини, қалин
ўрмонзор тепаликларини эслар экан, ёзни қандай ўтказамиз, деган ўй хаёлидан ўтди. Аммо
биронта саволга жавоб топа олмади.
Молия бинолари жойлашган худуддаги қоядек тиккайган силлиқ оқ мармарли баланд
бинолар устида яна битта қоя пайдо бўлди: ҳаво ҳарорати ва вақтни билдирувчи жадвал
милтиллай бошлади.
У қўлларига кўз югуртирди: кичкинагина ўткир, қорамтир занг бўлакчалари кафтларига
ёпишиб қолибди. У кафтларини бир-бирига ишқалаб, тозалади.
Бироқ, жаноблар, менинг ёшимда ҳеч ким истеъфога чиқмайди-ку, деб ўйлади у шу аснода.
Мен пианино чалмайман, марка йиғмайман, суратлар чизмайман-ку.
Палмер ниҳоят банкка кирди, эшик оғаси таъзим қилиб, салом берди. Палмер жилмайиб,
бош ирғади ва тилла суви ҳамда яшил ранглар қоришиб кетган бу баланд улуғвор кошона
остонасида бир лаҳза туриб қолди. У тинимсиз чиқиллаётган ҳисоблаш машиналарининг
ғувурига қулоқ солди. Бир текис чиқаётган овозлардан машина жамғарма ҳисобларининг бир
чораклик карточкаларини санаётгани ва чоп этаётганини англади.
Унинг юзидаги табассум секин-аста йўқолиб борди. Кўпчилик хизматчилар уни нималарга
қодирлигини англаган ҳолда эҳтиром билан кузатиб туришганини ҳис қилган кўйи лифт томон
йўл олди. У, айни замонда, ҳозирги кўриниши ҳаммада ишонч уйғотадиган даражада
эканлигини ҳам билиб турарди. У банк билан бирга юксалиб бораётганга ўхшарди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |