www.ziyouz.com кутубхонаси
6
— Мели чўтирни-да. Қумариқлик, — деди Назир ота.
— Қумариқлик? — сўради эслолмай Саксонбой ота.
— Ҳа-да. Ўғли Москопда ўқиган Мели чўтир-чи?! Биласан, узоқ йили жаназасига бирга
борганмиз.
— Э, бўлди, бўлди, — деди Саксонбой ота. — Боплагансан!
Афтидан, улоқдаги воқеа кўз олдига келди шекилли, бел оғриғини ҳам унутиб, баралла кула
бошлади. Назир ота ҳам унга қўшилди. Иккалови мириқиб кулишди.
— Мен тагимга босиб олганману оёғини қўйиб юбормайди-да улоқни, — дерди кулги
аралаш Назир ота. — Қўйиб юбор, дейман бақириб. Йўқ, парвойи фалак. Кейин бир силтадим
отимни, бечора эгар-пегари билан ағдарилиб тушди.
— Мен келиб қолмаганимда отнинг тагида бўлса ҳам ёпишиб ётаверарди чўтир.
— Яхшиям келиб қолдинг, ошириб юбордим. Қандай қилиб йиқилдинг ўшанда сен?
Орқангда ҳеч ким йўқ эди-ку?
— Ҳеч ким йўқ эди, — деди Саксонбой ота. — Айил бўшаб кетдими ё ўзи нотўғри ўтириб
қолдимми, ишқилиб, орқам билан гурс этиб йиқилганимни биламан. — Саксонбой ота яна
кулди. — Йиқилиб ётибману улоқ эсимдан чиқмайди. Сени чақираман нуқул.
— Мен ўшанда сенга қаролмадим, — деди Назир ота. — Улоқни олдиму шундай
кавобпазнинг олдига олиб бориб ташладим. Сенга қаролмадим.
— Йўқ, кенжам — Туробим кўриб турган экан, дарров келиб қўлтиқлаб олди.
— Энди ўзингга қара сен ҳам, — деди Назир ота жидций оҳангда.
— Қарайман, бир Чортоққа бориб, балчиққа ётсам дейман, — деди Саксонбой ота. — Куз
келсин. Бирга борайлик? Сен ҳам дам олиб келасан.
— Кўрармиз, — деди Назир ота қўйнидан найча қоғозни олиб. — Саксонбой!
— Лаббай?
— Боя кампирнинг уйини кўтарган эдик Зулайҳо билан. Қутидан манави қоғоз чиқиб қолди.
Турсунники. Яна жойига ташлаб қўйгани кўнглим бормаяпти. Керакликка ўхшайди назаримда.
Нима қилсам экан?
— Нима экан ўзи?
— Мана, кўр.
Саксонбой ота қоғозни очди. Лекин ҳеч нарса тушунмади.
— Нима бўлди экан?
— Билсам сўрармидим? — деди Назир ота. —Урушга кетаётганда ҳамма кераксиз
қоғозларини ойисига «ёқиб юборинг», деб олиб чиқиб ташлаган эди. Бошқа ҳеч нима йўқ.
Фақат шу қоғоз қолибди. Тағин қутида. Керак бўлмаса буни ҳам ташлаб юборарди.
— Нима қилсак экан? — деди Саксонбой ота. — Туроб ҳам йўқ. Афғонда. Ҳаливери
келмайди. Бунақа чизиқларни инженерлар билади-да.
— Еттиқоянинг расми ҳам бор эмиш. Зулайҳо айтди.
— Ўзимизнинг тоғни-я?
— Ҳа, — деди Назир ота. — Иннайкейин, тепасига «План» деб ёзилган.
— Текширтириш керак бўлмаса, — деди Саксонбой ота қатъий қилиб. — Зарур нарса бўлиб
қолса ажаб эмас. Тўхта, — деди у нимадир хаёлидан ўтиб. — Эрталаб қовунни ёзгани бир
мухбир келган. Шунга кўрсатмаймизми?
Бу фикр Назир отага маъқул тушди.
— Майли, — деди у қоғозни яна найча қилиб ўраркан. — Қаерда у?
— Қаерда бўлса ҳам шу ердан ўтади. Ўтир пойлаб. Ё ишинг борми?
Назир ота «Бундан ҳам зарур иш борми?» демоқчи эди-ю демади.
— Ишим йўқ, — деб қўя қолди.
Мухбир оқшом тушиб, бир-иккита чойхўр чопиқчилар даладан қайтганда келди.
Ўлмас Умарбеков. Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |