www.ziyouz.com кутубхонаси
2
Ичкаридан невараси чиқди.
— Тузук-ку! — деди у беданага ишора қилиб.
— Уйғотиб юбордим сени, Зулай? — сўради Назир ота.
— Йўқ, ўзим уйғонувдим, — деди Зулайҳо. — Сайрашини қаранг, тиним билмайди-я!
— Саксонбой менга ёмонини берадими? — деди Назир ота ғурур билан. — Сайроқисини
беради-да. Ўзиникини эшитганмисан?
— Йўқ. Чойхонадами?
— Йўқ, уйида. Овози ҳам қурғур жуда баланд. Бундан баланд.
— Бу ҳам ёмон эмас, — деди Зулайҳо. — Сайрашини қаранг! Қулоқни тешаман дейди.
Назир ота кулди.
— Бедана деган шунақа баланд сайраса-да. Курк товуққа ўхшаб куриллагани бўлмайди.
— Овози ўткир экан, — деди Зулайҳо. — Чой ичамизми, дада?
— Ҳа. Самоварга ўт ташлаб юборганман.
— Ўзим қилардим, — деди Зулайҳо. — Нима қилардингиз?
— Нима қилибди? Дастурхон ёз.
— Ҳозир, — деди Зулайҳо ва уйга кириб кетди.
Назир ота ариқ устидаги тахта сўрига чордана қурди. Бедана тинди. Бирдан яна ҳаммаёқ
жимжит бўлиб қолди. Қулоғи тагида яна хотинининг гаплари жаранглай бошлади. Чойни чурқ
этмай ичди.
— Мактабга борасанми бугун?— сўради Назир ота неварасидан фотиҳа ўқиб бўлиб.
— Тушдан кейин, — деди Зулайҳо. — Нима эди? Зулайҳо мактаб кутубхонасида ишларди.
Бувиси вафот этгандан сўнг бувасини ёлғиз ташлаб кетгиси келмади. Қишлоқда қолди.
Институтга сиртдан ўқишга кирди.
— Ишингиз бормиди менда?— сўради у яна бувасининг ўйланиб қолганини кўриб.
— Ойингнинг уйини кўтарсак, — деди Назир ота.
— Нега? — Зулайҳо ҳайрон бўлиб сўради.
Назир ота нима дейишини билмай қолди. Тушини айтгиси келмади. Ўзига ўхшаб
неварасининг ҳам тушга ишонмаслигини биларди.
— Намиқиб кетибди, — деди ниҳоят тузук баҳона топгандай ишонч билан. — Бир
шамоллатайлик. Иннай-кейин, керак бўлади.
Нега керак бўлади? Зулайҳо тушунмади. Лекин эътироз билдирмади.
— Майли, — деди дастурхонни йиғиштираркан. — Нима ҳам бор эди у уйда? Бирпасда
йиғиштириб чиқаман.
— Мен қарашиб юбораман, — деди Назир ота. — Бир ўзинг кирма.
— Нега? — ҳайрон бўлди Зулайҳо.
Назир ота индамади. Кўз олдидан хотинининг имлагани ўтди. «Чўчийсан» дейишига тили
бормади, аммо бошқа баҳона ҳам тополмади.
Зулайҳо ичкаридан бошига дока танғиб чиққанда, Назир ота хонани очаётган эди. Улар
ичкарига киришди.
Бу — деразаси полдан шипгача кўтарилган, ҳовлига қараган, ёруғ, чорси хона эди. Зайнаб
хола умрининг сўнгги йилларини шу хонага кўчиб чиқиб ўтказди. Уни эр-хотин ўғилларига
институтга кирганда ажратиб беришган эди. Унинг ашқол-дашқоллари, бўйрадек-бўйрадек
чизма қоғозлари кўп эди, алоҳида хона бўлмаса бўлмасди. Аммо у бу хонада кўп яшамади, тўрт
йилча яшади, кейин урушга кетди. Ўша йили хотини туғди. Лекин келин бечоранинг умри қисқа
экан, туғди-ю ўлди. Неварасини Зайнаб холанинг ўзи катта қилди. Ўтган йили баҳорда
қулупнай териб туриб, бирдан ўзидан кетиб қолди. Назир ота сўрига ётқизди. Ўзига келгач,
битта-битта юриб, ўғлининг хонасига кириб кетди. Шу-шу умрининг охиригача шу хонадан
чиқмади. Нега у шу ерни танлади, ўз хонасига бормади ўшанда — Назир ота ҳалигача
Ўлмас Умарбеков. Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |