www.ziyouz.com kutubxonasi
218
Ҳазрати Умар ўғилларини тавсия қилмай адолат ва мурувватнинг беқиёс намунасини
кўрсатдилар. Ўғилларининг бошқарувчилик қобилияти бор-йўқлиги, майли, эртага хунук ишга
йўл очиб беришдан сақланаётган эдилар. Ахир, эртага давлатнинг отадан ўғилга мерос қилиб
қолдирилишининг олди қандай олинади? Ким олади? Унда Ҳазрати Умар ўн йил қилган
хизматларини ифлос ва бошоғриқ ишга йўл очиб бериш билан ниҳоясига етказиб, савобидан
ҳам маҳрум бўлардилар. Бунинг юкидан осонликча қутулмасдилар ҳам.
Меҳмонлар кетиб, бир оздан кейин яна қайтиб келишди.
—
Мўминлар амири, халифа тайинлай қолинг, — дейишди.
Улар кўнгилсиз воқеалар юз беришидан чўчишаётган эди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом вафот этган кунларидаёқ турли бемаъниликлар рўй берган, бугун
ундан ёмонроғи юз бериши мумкин эди. Ўша кунда ҳаёт бўлганларнинг кўпи бугун қаро ер
бағрида ётибди.
—
Сизлар билан суҳбатлашгандан сўнг ишларингизга бош-қош бўладиган одам тайинлашга
қарор қилдим. Мен тайинламоқчи бўлган инсон сизларни ҳақ ва тўғри йўлда жуда яхши бошлаб
бора олади, — деб ўйлаётган эдим.
Ҳазрати Умар гапирар эканлар, Ҳазрати Алига қарадилар ва сўзларида давом этдилар:
—
Ўйлаётиб, кўзим илинибди. Тушимда бир одамни кўрдим. У ўзининг боғига кириб,
қўлига тушган нарсани тўплаётган эмиш. Бу тушни кўриб англадимки, Аллоҳ тақдири бор ва у
бўлажакдир. Мен бу ишнинг зарарини ҳаётда ҳам, кейин ҳам кўришни истамайман. Расулуллоҳ
алайҳиссалом "Жаннат аҳлидан", деганлари, аввало, Саид ибн Зайд. Уни бу ишга
аралаштирмоқчимасман. Чунки у давлат ишларига қизиқмайди. Қолганлар Абдуманноф
авлодидан бўлган Али ва Усмон, Расулуллоҳ алайхнссаломнинг тоғаваччалари Саъд ибн Абу
Ваққос ва Абдураҳмон ибн Авф, холаваччалари Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳки,
биз уни "Хайрли Талҳа", деймиз, мана шулар ичларидан бир амир танласинлар. Танлаб бўлиб,
унга етарлича ваколат бериб, ёрдамчи бўлингиз.
Шундан кейин меҳмонлар чиқиб кетишди.
* * *
—
Отажон, сизни кўргани келишибди.
—
Киритавер! Келганлар уммавийлар эди:
—
Мўминлар амири, сиздан илтимос, Усмон ибн Аффонни халифа қилиб тайинланг.
—
Бундай қилолмайман.
Улар Ҳазрати Умарга "Йўқ" деган ишларини барибир қилдириб бўлмасликни билиб, чиқиб
кетишди. Кейин яна бошқа одамлар келишди.
—
Мўминлар амири, Али ибн Абу Толибни халифа қилиишнгизни илтимос қилиб келдик.
—
У сизни тўғри ва ҳақ йўлдан бошлаб юра олади.
Одамлар бу гапдан кейин бошқасини кутмадилар. Улар: "Модомики, Али ҳақида шундай
деяптилар, демак, у раҳбар бўлиши керак", дейишди.
—
Отажон, тушунишимча, сиз Али ибн Абу Толибнинг танлашларини истаяпсиз. Уни
тайинлаб ҳаммасига нуқта қўя қолмайсизми?
—
Бўлади. Лекин биз бу юкни ҳаётда тотиб кўрдик. Ўлгандан кейин яна тотишни
истамаймиз.
Қанийди, Ҳазрати Умар шу ишни ўзлари қилиб, жасорат кўрсатсалар эди. Уммат бошсиз
қолмасди. Тайинланадиган одам осмондан тушмайди ёки у ҳақда ваҳий ҳам келмайди. Шунинг
учун ҳаёт бўлганлар орасидан энг лойиғи танланиб, тайин қилинса, масала ҳал бўларди. Бу
ишни ўша ишониб топширган одам яхшироқ бажарармиди?
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |