www.ziyouz.com кутубхонаси
41
ҳатто ҳозир ҳам, шу ёшимга қарамай, ўлдирган бўлардим».
Чолнинг балиқ бетига айланиб қарагиси келмасди. Чунки унинг ярми талон-тарож
бўлганлигини биларди. У акулалар билан олишаркан, қуёш ҳам ботиб, гов-
гум кирган эди.
— Ҳадемай қош қораяди,— деди у.— Ўшанда мен, эҳтимол, Гавана чироқларининг
ёлқинини кўрарман.
Мабодо шарққа қараб ҳаддан ташқари оғиб кетган бўлсам, унда мен янги курортлардан
бирининг чироқларини кўраман.
«Мен соҳилдан жуда ҳам йироқда бўлмасам керак,— деб ўйлади чол.— Фаҳмимча, у ёқда
бекордан-бекорга қайғуришмаётган бўлса керак. Дарвоқе, қай-ғурганда ҳам фақат бола
қайғуриши мумкин. Аммо, ахир худди унинг ўзи менга жуда ишонади-ку! Каттароқ
балиқчилар-ку, ҳойнаҳой, хавотир олишаётгандир. Нимасини айтасан, ёшлар ҳам шундай
деявер,— деб ўйларди у.— Ахир мен яхши одамлар орасида яшайман».
Энди у балиқ билан бошқа ўртоқлашолмасди. Балиқ бошдан-оёқ тиғипаррон қилинган эди.
Лекин бирдан унинг хаёлида янги бир фикр туғилди.
— Ҳой, яримта балиқ!— чақирди у.— Номигагина қолган балиқ! Денгизда мана шунчалик
йироқлаб кетганимга ачинаман. Мен ҳар иккимизни ҳам хонавайрон қилдим. Аммо биз сен
билан бирга кўп акулаларни борса келмасга гумдон қилдик ва япа қанчасининг белини
синдирдик. У, қара балиқ, ҳойнаҳой, сен ўзинг ҳам умринг бино бўлиб, уларнинг қанчадан-
қанчасини денгиз қаърига жо қилганийкинсан? Ахир, бошингдаги тигнинг туриши бежиз эмас-
ку.
Чол балиқ ҳақида ва агар у денгизда эркин сузиб юрса, акула бошига не кунларни солган
бўлиши ҳақида ўйлашдан ором олар эди.
«Мен акулалар билан олишиш учун унинг тиғини чопиб олишим керак эди-я, асли», деб
ўйлади у. Аммо, унинг бошданоқ болтаси йўқ эди, энди бўлса, ҳатто пичоқдан ҳам айрилиб
қолганди.
«Лекинига унинг тиғи менда бўлганда, ол, деб эшкак дастасига боғлаб қўярдиму —
қуролмисан қурол бўларди-де, ўзиям! Ана ўшанда, биз у билан чинакамига ёнма-ён туриб
олишган бўлардик! Тўхта-чи, агар анавилар мабодо кечаси келиб қолишса, унда нима қиласан?»
— Олишаман,— деди у,— ўлгунимча олишаман.
Аммо қоронғида на чироқ ва на шуъла кўринарди, елкан ва уни тўлдирган шамолдан ўзга
ҳеч нарса йўқ эди, шунда тўсиндан чолга ўзи ўлиб қолгандай бўлиб туюлди. У панжаларини
панжаларига қўйиб кўрди-ю, ўз кафтини сезди. Кафтлари жонсиз эмасди, уларни чақачум
қилиб, чол оғриқ ва иссиқ жонини уйғотиши мумкин эди. У қуйруққа суяниб кўриб, тирик
эканлигини билди. Тирикликдан унга хабар берган нарса — елкалари эди.
«Мен агар балиқни ушласам, ўқийман деб аҳд қилганим — ўша ҳамма дуоларни ўқиб
қўйишим керак,— деб ўйлади у.— Бироқ ҳозир ўлгидай чарчаганман. Яхшиси, қопни олай-да,
елкамга ёпиниб ола қолай».
У қуйруқда ётганча, қайиқни бошқариб борар ва осмонда Гавана чироқларининг ёлқини
қачон кўринаркин деб кутарди. «Менда унинг ярмигина қолди,— деб ўйларди у.— Балким,
омадим келиб, уйга жуда бўлмаганда, унинг бош қисмини олиб борарман. Ишим ҳеч ўнгидан
келиши керакми, йўқми ўзи!.. Йўқ,— деди у ўзича.— Сен денгизга шунчалик узоқ кириб
боришинг билан ўз омадинг, ўз бахтингни поймол қилдинг».
«Бемаза гапларни қўй, қария!— ўзини ўзи койиди у.— Пинакка кетмай, рулдан огоҳ бўлиб
тур. Ишинг ҳали бароридан келиши мумкин».
— Агар бирон бир жойда пуллашаётган бўлса, ўзимга қиттаккина толе сотиб олишни
истардим,— деди чол.
«Хўш, қани, қайси ошиб-тошиб ётган жойингга сотиб оласан?—сўради у ўзидан.— Ҳеч
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |