www.ziyouz.com кутубхонаси
33
Ҳ-ҳа... Ҳ-ҳа...
Олдинда — туман, орқада — туман, бутун борлиқни туман қоплаган эди.
— Хана, хана!
8
— кўзлари ёниб, бақириб, ҳаммани тезлашга ундарди Милхун.
Аввалига Кириск ҳаракат тезлашганидан қувониб кетди, аммо кейин бу ҳаракатларнинг
ҳаммаси беҳуда эканлигини тушуниб даҳшатга тушди. Бола таҳлика остида Ўрхон оқсоқолга
қаради, назарида ҳозир чол бу бемаъни пойгани тўхтатиши керак эди. Аммо оқсоқол ўйчан
кўзларини атрофга тикканича, ҳамма нарсага парвойи фалак ўтирарди. Чол йиғлаяптими ёки
кўзлари ўзи ёшланиб турадими, билиб бўлмас, юзи намланган эди. Атрофида юз бераётган
ҳодисаларни ҳис қилмаётгандай, қайиқ тумшуғида миқ этмай ўтирарди.
Қайиқ эса туман қўйнида қаёққа бораётганини ҳам, нима учун бораётганини ҳам билмай,
сарсон-саргардон турарди.
— Хана, хана! — жонҳолатдаги бақириқ атрофга тараларди туман ичида. — Хана, хана!
Узоқ вақтгача шу аҳвол давом этди. Аммо эшкакчилар ҳолдан тойиб, қайиқ секинлаша
бошлади. Улар ҳансирашиб, бўғриқиб, эшкакларни ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Милхун бошини
кўтаролмади.
Аччиқ ҳақиқатни шу тахлит англаб етишди. Улар тумандан ўзиб кетишолмади, туман
чегарасидан чиқиб кетишолмади; ҳамма нарса аввалгидай: ҳамон овчилар аввалгидай хавфли,
омонат денгиз тўлқинларида юришибди, ҳамон олдинда нима кутаётгани ноаниқ, ҳамон
борлиқни қуюқ зулмат чулғаб олган. Фақат шиддат билан кетаётган қайиқ яна аллақанча
жойгача сузиб борди-да, охири бир ерда айланиб тўхтаб қолди...
Шунақа ошиқиб ҳайдашнинг нима кераги бор эди? Бу билан бирон нарсага эришишдими?
Нима фойда кўришди? Мабодо бир жойда туришганида нима бўларди? Албатта, ҳеч нарса
бўлмасди.
Қайиқдаги ҳар битта одам чамаси шулар ҳақида ўйлар эди. Шу пайт Ўрхон оқсоқол тилга
кирди:
— Энди қулоқ солинглар, — деди у вазминлик билан, чамаси ўзини койитмасликка ҳаракат
килиб, чунки у икки кундан бери ҳеч нима емади ҳам, ичмади ҳам. — Эҳтимол, бу туман ҳали-
бери тарқамас. Одатда шундай йиллар, шундай воқеалар бўлиб туради. Буни ўзларингиз ҳам
биласиз, денгиз устида туман саккиз кунлаб, баъзида ўн кунлаб туриб қолади. Муддати
келмагунча касал тузалмас, деганларидай туман денгиз устидан жилмай қолади. Бу муддат
қачон келади, буни ҳеч ким билолмайди. Агар бу туман ҳам шунинг сингари тез орада
тарқамайдиганларидан бўлса, унда ҳолимиз не кечади? Қоқ балиқ ҳам жуда оз қолди, сув
бўлмагандан кейин, унинг кимга ҳам ҳожати бор. Сувимиз бўлса, мана! — чол шундай деб,
бочкачани чайқатди. Чамаси, бочкача тагида бир, бир ярим ҳовуч сув қолган эди, холос.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Чол ҳам жимиб қолди. Унинг нима демоқчи эканлигини ҳамма
тушуниб турарди: бундан буёғига кунига фақат бир марта, ўшандаям чўмичнинг юқини ичиш
керак. Шундай қилганда иложи борича узоқ чидаш, туман балосини енгиш, унга бардош бериш
мумкин, деб ўйлашарди. Ҳаво очилиб, юлдузлар чиқиб ё қуёш чарақлаб кетса марра бизники,
деб ўйлашарди. Зора, бахтлари чопиб, хаво очилиб кетса, зора ергача етиб олишса!
Аслида ҳам шундай қилмаса бўлмасди. Бошқа иложлари йўқ эди ҳам! Лекин айтишга осон
— одам қачонгача чидаши мумкин? Гоҳо уйдаги гап кўчага тўғри келмайди, хаёл бошқа, ҳаёт
бошқа дегандай. Азобда қолган барча одамлар ҳозироқ сув ичишни, чўмич юқидамас, тўйиб,
қониб ичишни хоҳлар эдилар.
Бу мудҳиш аҳволдан қутулиш мушкуллигини Ўрхон бобо тушунарди ва шунинг учун ҳам у
бошқалардан кўра кўпроқ изтироб чекарди. Чол ҳамманинг кўзи олдида қуриб, сўлиб борарди.
Ички бир дарднинг зўрлигидан қат-қат ажин босган юзи қорайиб, баттар буришиб борарди.
8
Xана — қани, бўл тезроқ маъносида.
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |