www.ziyouz.com кутубхонаси
40
— Ўрдакжон! — деди унга Кириск. — Ер қаерда? Қайси томонда? Сув ичгим келяпти!
— Оламда ернинг ўзи йўқ, ҳеч қаерда йўқ! — жавоб берди Лувр ўрдак. — Атрофда
тўлқинлар бор, холос.
— Қолган одамлар қаёқда? — бола ғойиб бўлган одамларни сўради.
— Одамлар йўқ, уларни излаб овора бўлмай қўя қол. Улар ҳеч ерда йўқ! — деб жавоб
қайтарди Лувр ўрдак.
Кирискни таърифлаб бўлмайдиган даҳшатли ёлғизлик ва қайғу-алам туйғуси чулғаб олди. У
бу жойдан боши оққан тарафга қочиб кетгиси келар, бироқ борадиган жойнинг ўзи йўқ эди,
ҳамма томонини фақат сув ва тўлқинлар ўраб олган эди. Ўрдак қора нуқтага айланиб, тобора
узоқлаша борди.
— Ўрдакжон, мени ўзинг билан олиб кет, ёлғиз қолдирма! Сув ичгим келяпти ахир! —
ёлворарди бола.
Аммо ўрдак овоз бермасди, у ҳали дунёга келмаган ерни қидира-қидира, бутунлай кўздан
ғойиб бўлди. Қуёш бўлса чарақлаб, кўзни қамаштирарди.
Кириск кўзларида ёш билан уйғонди, у ҳамон энтикиб йиғлар, нажотсиз ғам-алам ва қўрқув
уни елкасидан босиб турарди. У ёшли кўзларини аста очиб, туш кўрганлигини фаҳмлади. Қайиқ
сувда оҳиста чайқалиб турарди. Кулранг тус олиб бораётган ғира-шира туман борлиқни буркаб,
қуршаб олганди. Демак, тун ўтибди, тонг яқинлашяпти. У қимирлаб қўйди.
— Аткичх, сув ичгим келяпти, мен туш кўрдим, — пичирлади у кўлини Ўрхон бобо томон
узатиб. Аммо қўлига ҳеч нарса илинмади. Қайиқ қуйруғидаги Ўрхоннинг жойи бўм-бўш эди.
— Аткичх! — чакирди Кириск. Ҳеч ким жавоб бермади. Бола бошини кўтариб типирчилади.
— Аткичх, аткичх, қаердасан?
— Қичқирма! — бир сурилиб болага яқинлашди Эмрайин. У ўғлини қучоқлаб, маҳкам
бағрига босди. — Қичқирма, аткичхинг йўқ энди! Чақирма уни! У Сув париси маконига кетди.
Аммо Кириск қулоқ солмади:
— Қани менинг аткичхим? Қани? Қани менинг аткичхим?
— Бўлди, йиғлама. Тинчлан, Кириск, у энди йўқ, — ота боласини овутишга тутинди. — Сен
фақат йиғлама. У ўғлингга сув бер, деб менга тайинлади. Озгина сувимиз бор ҳали. Йиғини бас
қилсанг, сув бераман, ичиб оласан. Йиғламасанг бўлгани. Қараб тургин, ҳадемай туман
тарқалади, ана шунда кўрасан...
Кириск юлкиниб, отасининг қучоғидан отилиб чиқишга талпинарди. Унинг ҳаракатларидан
қайиқ чайқалди. Эмрайин нима қилишини билмасди.
— Мана, ҳозир бу ердан кетамиз. Мана, қара, сузяпмиз. Эй, Милхун, тур ўрнингдан, тур.
Сенга айтяпман! Қани кетдик!
Милхун эшкак эша бошлади. Қайиқ сувда оҳиста сирпангандай сузиб кетди. Улар ёруғ
оламни ҳамон оппоқ сутдек коплаб олган туман узра яна тайинсиз тарафга мақсадсиз сузиб
кетишди.
Янги тунни улар шундай қарши олишди. Энди қайиқда уч киши қолди.
Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кириск бир оз ўзига келганидан сўнг Эмрайин эшкаклар ёнига ўтиб олди, улар тўрт эшкак
билан яна ўша тайинсиз томонга максадсиз сузиб кетишди. Энди қайиқ тўрт эшкакнинг
таъсирида тезроқ суза бошлади.
Кириск бўлса, Ўрхон бобонинг ғойиб бўлганлигидан ларзага тушиб, кеманинг куйруғида
ғарибона мунғайиб ўтирганча ҳамон энтикиб-хўрсиниб йиғлар эди. Отаси билан Милхун ҳам
ниҳоятда эзилиб кетишганди. Улар на ўзларига, на Кирискка бирор кўмак бера олишарди.
Ўйлаб топганлари эшкак эшиш бўлди. Ишқилиб, қайиқ юриб турса бўлгани. Оппоқ туман ичида
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |