www.ziyouz.com kutubxonasi
63
—
Чиқа қолинг! — деди шофёр унга. — Нега ундай қиласиз? — деб машинани унга яқинроқ
ҳайдаб борди.
Қўлида бола, тугунча кўтариб олган ёшгина аёл машина бортига яқинлашди. Мен аёлнинг
кузовга чиқиб олишига ёрдамлашдим, кабина орқасидаги шамол тегмайдиган пана жойни унга
бўшатиб бериб, ўзим бурчакка ўрнашиб олдим.
Биз йўлга тушдик. Кун совуқ, рутубатли шамол эсарди. Бола йиғлай бошлади. Аёл болани
овутишга ҳар қанча уринмасин, у сира тинчланадиганга ўхшамасди. Тоза чатоқ бўлди-ку!
Кабинага ўтқазай десак, у ерда чалажон кампир ўтирарди. Шунда мен аёлнинг елкасидан
секингина туртдим:
—
Қани, менга беринг-чи, эҳтимол, тинчиб қолар, ўзингиз сал эгилиброқ ўтиринг, шамол
тегмасин.
Мен болани калта пўстиним билан ўраб олдим-да, бағримга босдим. У тинчиб, пишиллаб
нафас ола бошлади. Жуда дўмбоқ, ўзиям ўн ойлик чамаси жажжигина бола экан. Мен уни чап
бағримга олиб ўтирардим. Бирдан юрагим гупиллаб, худди отиб туширилган қуш каби
типирчилай бошлади. Нега эканлигини ўзим ҳам билмайман. Қалбим ҳам қайғу, ҳам қувончли
туйғуларга тўлган эди. «Эҳ, наҳотки ҳеч қачон оталик бахтига муяссар бўлолмасам-а», деб
ўйлардим мен. Бола эса бағримда иссиққина ётарди. Унга бошқа ҳеч нарсанинг кераги ҳам йўқ
эди.
—
Ўғилми? — деб сўрадим.
Аёл бош ирғаб қўйди. Кўриб турибман, бечора совқотиб қолган, эгнида юпқа палто. Мен
бўлсам қишда ҳам калта пўстин устидан плаш кийиб юраман: бизнинг иш шароитимизда бусиз
мумкин эмас. Болани бир қўлимда ушлаб туриб, унга иккинчи енгимни чўздим.
—
Плашимни ечинг. Бунақада шамоллаб қоласиз.
—
Йўғ-е, қўйинг, овора бўлманг, — деб кўнмади у.
—
Тортинг, тортаверинг! — деб туриб олдим мен. — Ёпиниб олинг.
У плашга ўралиб олди, шамол кирмасин деб этакларини оёғи остига қистириб қўйдим.
—
Бироз исидингизми? — деб сўрадим мен.
—
Ҳа, исидим.
—
Йўлга намунча кеч чиқдингиз?
—
Шундай бўлиб қолди, — деди у оҳистагина. Шу пайт биз дарадан кетаётган эдик. Бу ерда
кончилар посёлкаси жойлашган эди. Ҳамма уйқуга кетган, деразаларда биронта чироқ
кўринмасди. Итлар вовиллаб машина кетидан чопишарди. Шунда бирдан, бу аёл қаёққа
бораркин, деган фикр хаёлимга келди. Мен, нима учундир, у конга келаётган бўлса керак, чунки
у ёкда борадиган жой йўқ, довон, ундан кейин эса бизнинг участка, деб ўйлардим ўзимча.
—
Сиз етган бўлсангиз керак? — дедим унга ва кабинани тақиллатдим. — Биз ҳам етай деб
қолдик, довонга келяпмиз. Машина нарига бормайди.
—
Бу ер қанақа жой? — деб сўради у.
—
Кон. Сиз бу ерга келаётганингиз йўқми?
—
Мен... мен шу ерга келаётгандим, — деди у қимтиниб. Кейин «дик» этиб турди-да, менга
плашни бериб, қўлига болани олди. Бола ҳиқиллай бошлади. Мен бортга яқинроқ келиб, унга
ёрдамлашиш учун ерга сакрамоқчи бўлдим. Бироқ бу бечорага бир гап бўлган, бошига бирон
мусибат тушган кўринади, деб ўйлаб қолдим. Совуқ тунда ёлғиз ўзини ташлаб кетсак қандай
бўларкин?
—
Сизнинг борадиган жойингиз йўқ! — дедим мен унга рўйирост. — Ёмон хаёлларга
борманг, тағин. Болани буёққа беринг! — деб қўлидан гўдакни шартта оддим. — Сўзимни
қайтарманг. Тунни бизникида ўтказасиз, кейин ихтиёр ўзингизда. Кетдик! — қичқирдим
шофёрга.
Машина қўзғалди. У бошини қуйи солиб, жимгина ўтирарди, билмадим, эҳтимол
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |