www.ziyouz.com kutubxonasi
15
ва тўладан келган, қора соқолли, икки қават тўн кийган чол чиқди. Қўлида ажойиб қамчи.
Афтидан, у ҳозиргина чой ичган бўлса керак, терлаб-пишиб, бўрсиб кетганди. Улар от
боғланган қозиққа яқинлашдилар. Асалнинг онаси иззату икром билан узангини ушлаб туриб,
чолнинг эгарга чиқиб олишига ёрдамлашди. Билсам у совчини кузатаётган экан.
—
Биз сиздан хурсандмиз, қуда! — деди у. — Аммо биздан ҳам кўнглингиз тўқ бўлсин. Ўз
қизимиз учун ҳеч нарсани аямаймиз. Худога шукур, қўлимиз қуруқ эмас.
—
Э,-е, бойвучча, хафа бўлмаймиз, — деди у эгарга тузукроқ ўрнаша туриб. — Олло таоло
ёшларга умр берсин. Яхшилик қилсак бегонага эмас, ўз фарзандларимизга қиламиз. Худога
шукур, биринчи марта қудалашаётганимиз йўқ. Хўп, омон бўл, бойвучча. Шундай қилиб, жума
кунига келишдик-а!
—
Ҳа, жума куни кутамиз. Жума — улуғ кун. Оқ йўл сизга. Қудамга салом айтинг!
«
Нега улар жума куни ҳақида гапириб қолиш-ди?» — деб ўйладим мен. «Бугун қанақа кун?
Чоршанба... Наҳотки жума куни олиб кетишса? Эҳ, қачонгача эски урф-одатлар биз ёшларнинг
ҳаётимизни поймол этади?»
Чол отини тоғ томон йўрттириб кетди. Асалнинг онаси отлиқ узоқлашиб кетгунча кутиб
турди, сўнгра менга томон ўгирилиб, хўмрайиб қаради.
—
Нега бу ерда пашшахўрда бўлиб қолдинг, ҳо такасалтанг? — деди у. — Бу ер сенга
карвонсарой эмас! Туёғингни шиқиллатиб қол! Қани жўна, эшитяпсанми? Сенга айтяпман.
Демак, аллақачон сезиб қолибди.
—
Машинам бузилиб қолди! — дедим ўжарлик билан пўнғиллаб ва белимгача капотнинг
остига шўнғиб кетдим. Йўқ, уни кўрмагунимча ҳеч қаёққа кетмайман, дердим ўзимча.
Кампир жавраб-жавраб кириб кетди.
Мен капотнинг остидан чиқдим-да, машина зинасига ўтириб олиб, чека бошладим.
Қаёқдандир кичкинагина қизча пайдо бўлиб қолди. У бир оёқлаб ҳаккалаб машина атрофида
гир айлана бошлади. Қизча сал Асалга ўхшарди. Унинг синглиси эмасмикин?
—
Асал кетиб қолди, — деди у, ўзи эса ҳамон сакраб-сакраб ўйнарди.
—
Қаёққа? — деб ушлаб олдим уни. — Қаёққа кетди?
—
Мен қаёқдан билай! Қўйвор! — деб қўлимдан юлқиниб чиқди-да, қочиб кетаётиб тилини
кўрсатиб қўйди.
Капотни тақ этиб ёпиб, рулга ўтирдим. Қаёққа борай, уни қаердан излай? Вақт ўтиб кетяпти,
қайтишим керак. Мен орқага қайтдим, даштга етиб келиб, ариқдан ўтиш жойида машинани
тўхтатдим. Нима қилиш кераклигига сира ақлим етмасди. Кабинадан тушдим-да, ерга ағанаб
ётдим. Юрагим сиқила бошлади. Асални ҳам топа олмадим, сафарни ҳам барбод қилдим.
Орқага қайтишнинг фойдаси йўқ. Бўлар иш бўдди. Нима бўлса бўлар. Ўйга ботдим, кўзимга ҳеч
нарса кўринмас, қулоғимга ҳеч нарса эшитилмасди. Шу кўйда қанча вақт ётдим, билмайман.
Ҳарқалай, анчагина ётган бўлсам керак. Кейин, нима учунлигини ҳали ҳам билмайман: бир
маҳал бошимни кўтардим.
Машинанинг нариги томонида туфлича кийган оёкдар тўхтади. Ўша! Дарров танидим.
Шундай қувониб кетдимки, ўрнимдан туролмай, чўккалаганча ўтириб қолдим. Бу сафар ҳам биз
ўша жойда — биринчи марта учрашган ерда кўришдик.
—
Йўлингдан қолма, кампир! — дедим машина остидан «туфличалардан» кўз узмай.
—
Ҳеч ҳам кампир эмасман-да! — деб ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Асал.
—
Кимсан бўлмаса?
—
Қиз боламан?
—
Қиз боламан? Чиройлимисан?
—
Қараб кўринг-чи!
Иккаламиз ҳам бараварига кулиб юбордик. Мен сакраб туриб, унга томон отилдим. У ҳам
менга қараб югурди. Юзма-юз тўхтадик. Бахтиёр болалардек қувнаб кулардик.
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |