Қайса тайёрлаш технологияси. Қайса тайёрлаш учун юқорида айтганимиздек, ўрикнинг данаги олиб ташлаб қуритилади. Бунда йирик донали, юқори навли ўриклар қуритилади. Маҳсулотни қуритишга тайёрлаш (данагини ажратиш) учун харажат кўп бўлганлиги сабабли бу усул кам қўлланилади. Қуритиш технологик жараёни қарийб туршак тайёрлаш жараёнидан фарқ қилмайди.
Қайсанинг баҳоси туршакникига нисбатан анча юқори бўлганлиги сабабли қилинган харажатлар ўрнини олинган фойда бир неча баробар кўпроқ қоплайди. Шу сабабли ўрикни шу усулда қуритишга кўпроқ эътибор бериш лозим.
Бу усулда қуритиш учун данаги мағзидан осон ажраладиган ўрик навлари қулай бўлиб ҳисобланади. Қуритиш 8 - 14 кун давом этади. Стандарт бўйича 18% ли намликда 20 - 28% миқдорда қуруқ тайёр маҳсулот олиш мумкин.
Курага тайёрлаш технологияси. Курага тайёрлашда ўрикни териш, ташиш, сақлаш, навларга ажратиш, ювиш, дудлаш ва бошқа технологик тадбирлар туршак, қайса тайёрлашдан фарқ қилмайди.
Бу усулда қуритиш учун йирик донали ўриклар танланиб, ювилгандан кейин чизиғидан иккига ажратиб, данаги олиб ташланади. Мева паллачалари қайноқ сувда 1 соат тутилиб, ички томонини устга қаратиб терилади, ҳар киллограмм масулот ҳисобига 1,5 - 2 г олтингугурт ҳисобида 60 - 80 сек давомида тутатилади. Дудланган мева патниси билан бирга сўкчакларга олиб қуритилади. Намининг 2/3 қисми камайгандан кейин ўрик паллалари ағдарилиб қўйилади ва тахминан намининг 3/4 қисми қочгандан кейин патнисларни тахларга тахлаб қўйиш лозим. Бу усулда қуритилганда 18% намлик билан 20 - 28% қуруқ махсулот олиш мумкин. Жами қуритиш даври 10-15 кун давом этади.
Олма ва шафтолини қуритиш. Олма - Ўзбекистонда энг кўп тарқалган ҳамда кенг истеъмол қилинадиган мевадир. Олмалар асосан ҳўл ҳолда истеъмол қилинади. Кечпишар навлари сақлашга чидамли бўлганлиги сабабли узоқ муддат сақлаш имкони бор. Асосан тўкилган ҳамда стандарт бўлмаган олмалар қуритилади. Бундай маҳсулотлар умумий ҳосилнинг 25-50% ни ташкил этади. Олманинг барча навларидан қоқи қилинаверади. Қанд моддаси ва кислотаси кўпроқ хушбўй, эти оқ ва оч сариқ олмадан сифатли қоқи тайёрлаш мумкин.
Қуритиш асосан қуйидаги усулларда ўтказилади:
Оддий усулда қуритиш, бунда меванинг пўсти арчилмайди.
Французча усулда қуритиш, бунда меванинг пўсти арчилиб, уруғи олинади. Бу усулда қуритилганда мевалар терилгандан кейин навларга ажратилади, ювилади, тўғралади, пўстидан ажратилади, дудланади, қуритилгандан кейин нами бараварлаштирилиб, яшикларга солиниб сақланади.
Қуритиш учун олмалар техник пишиш даврида ёки тўлиқ техник пишишдан 2 - 3 кун олдин йиғиштириб олинади. Бу даврда навларига қараб олма қанддорлиги 8 - 16%, кислоталилиги 0,2 - 1% бўлиши керак.
Қуритишдан олдин навларга ажратилган олмани ювиш машиналарида ёки тоза сув солинган ванналарда ювиб, турли микроорганизмлардан чанг ва ифлосликлардан тозаланади.
Олма пўсти арчилгандан кейин тўғралиб 2 - 3% ли намакобга солинади. Бу эса унинг табиий рангининг ўзгармаслигига ёрдам беради. Кейин патнисларга олиниб олтингугурт билан дудланади ёки олтингугуртли ангидрид эритмасида дориланади. Дудлашда ҳар 1 килограмм олма учун 1,5 - 2 граммдан олтингугурт сарфланади. Дудлаш 25 - 40 минут давом этиши лозим. Бунинг ўрнига 0,1 - 0,2% ли сулфат ангидрид эритмаси билан 1 - 2 минут ишлов бериш ҳам мумкин.
Қуритиш усули, ҳаво температураи, олманинг йирик-майдалигига қараб қуритиш 3 - 5 кундан 14 - 15 кунгача давом этиши мумкин. Пўстидан тозалаб қуритилганда 12 - 15% гача, тозаланганда 17 - 20% гача олма қоқи олиниб, қанддорлиги 43 - 62, кислоталилиги 1 - 4% гача бўлиши мумкин. Қуритилган маҳсулот таркибидаги намлик 20% дан ошмаслиги лозим. Бу намликда қоқи эластик, эзганда ушалмайдиган бўлади. Тайёр маҳсулотни 10 - 15 кун яшикларда солиб сақлангандан кейин, яъни намлиги бараварлашгандан сўнг сотувга чиқариш мумкин.
Олма қоқи дизинфекция қилинган тоза бинода 0 - 10 температурада, 60 -65% ҳаво намлигида сақланиши лозим. Олманинг асосан қуйидаги навларидан сифатли олма қоқи олиниши мумкин: Первенец Самарканда, Делишес, Золотой грейма, Пармен зимний золотой, Графенштейнский ва Осенний золотой.
Шафтоли ҳўл ҳолида сақлаш ҳамда ортиш-тушириш ишларига чидамсиз бўлганлиги сабабли қуритиш ҳамда усулларда қайта ишлаш маҳсулотни йил давомида истеъмол этиш имконини беради.
Ўзбекистон шароитида шафтолининг турли навлари узоқ муддат давомида, яъни июлдан октябрнинг охиригача пишиб етилиши сабабли қуритиш имконияти бошқа меваларга нисбатан бирмунча кўпроқдир. Шафтоли навлари фойдаланиш соҳаларига қараб турлича бўлиши мумкин: хўраки, яъни ҳўл ҳолида истеъмол этиладиган навлар, консерва тайёрлаш, қуритиш ва универсал мақсадларда фойдаланиладиган навлардан иборатдир.
Қуритиш учун қандлилиги ва қуруқ модда миқдори (12 - 18%) бўлган, йирик, туксиз навларидан фойдаланилади. Шафтолини икки усулда: данаги билан ёки курага ҳолида, яъни данагсиз қуритиш мумкин. Курага тайёрлашда юқори сифатли, яхши пишиб етилган, қуритиш учун белгиланган навлар олтингугурт билан дудланади.
Луччак шафтоли туридан - Луччак шафтоли, Обильный, Сариқ луччак, Лола; Тукли шафтолилардан - Эльберта, Самарқанд, Фарход, Оқ шафтоли, Старт, Сариқ, Нектарный, Ширин, Зафар ва бошқа навлари қуритилади.
Қуритишдан олдин йирик-майдалигига, пишиш даражасига қараб навларга ажратилгандан кейин, дудлашдан олдин тукли шафтолилар ишқор эритмаси билан ишлов берилади. Шундан кейингина пўстини ажратиш енгиллашади. Навларга ажратилган шафтолини патнисларга 2 - 4 кг дан солиниб, 1 - 3% ли каустик сода эритмасида 30 - 90 секунд сақланиб, кейин совуқ сув билан ювиш тавсия этилади. Сўнгра пўстидан ажратилган махсулот иккига ажратилиб данаги олингандан кейин ички томонини юқорига қаратган холда патнисларга қўйилиб дудлашга ўтказилади.
Пўстидан ажратилган хамда данаги олинган, данаги бутун холида пўсти билан қуритилганга нисбатан 2 - 3 баравар тезроқ қурийди. Дудлаш ҳар килограмм махсулот учун 1 - 1,5 грамм олтингугурт ҳисобида 60 - 80 минут давомида ўтказилиши лозим. Йирик донали шафтолилар учун олтингугурт меъёрини бироз ошириш ёки дудлаш вақтини узайтириш мумкин. Дудланган шафтолилар патнисларда қуритиш майдончасидаги сўкчакларга қўйилади. Қуритишни тезлаштириш учун шафтолилар ҳар 2 - 3 кунда ағдариб чиқилади, 5 - 7 кун ўтгандан кейин, яъни қоқи намининг 2/3 қисми камайганда патнислар соя жойида устма-уст қилиб тахлаб охиригача қуритилади. Қуритиш 12 - 22 кун давом этади. Қуритилган маҳсулот таркибидаги намлик 18% дан юқори бўлмаслиги лозим. Қоқи қўлига олиб эзилганда эгилувчан, аммо синмайдиган, ичида нам қолмаган бўлса, тайёр ҳисобланади.
Шафтоли қоқининг қандлилиги 50 - 65%, кислоталилиги 3,0 - 5,0%, қуруқ маҳсулот чиқиши 15 - 22% атрофида бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |