МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ. МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ
1. МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ. 2. МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ
Хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларида ишлаш фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади». Ўзбекистон Республикасида инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи энг бебаҳо неъмат сифатида қадрланади ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида биринчи даражада муҳофаза этилади.
Ходим, унинг ҳаёти ва соғлиғи ҳолати бирламчи бўлиб, корхонанинг, иш берувчининг манфаати иккинчи даражалидир. Шу боис, инсон учун хавф-хатар туғдирадиган ишлаб чиқаришнинг бунёд этилишига йўл қўйилмайди.
Меҳнат муҳофазаси ишлаб чиқариш жараёнида ходимлар саломатлиги ва ҳаётий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, ижтимоий, санитария-гигиена, ташкилий-техникавий, даволаш-профилактика, реабилитация ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олувчи тизимдан иборат. Амалдаги меҳнат кодексининг 211-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ёритилган бўлиб, унга кўра, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради. Меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари Ўз.Р.Меҳнат кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек техник стандартлар билан белгиланади. Ушбу талабларни бузганлиги учун иш берувчи жавобгар бўлади.
Меҳнат шароити деганда ходимнинг иш қобилияти ва саломатлиги аҳволига таъсир этувчи омиллар ва ишлаб чиқариш муҳити йиғиндиси тушунилади.
Техника хавфсизлиги қоидалари деганда, муайян машиналар, ускуналар, асбоблар, бинолар ёки бошқа ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланиш, уларни эксплуатация қилиш пайтида қатъий бажарилиши лозим бўлган талаблар тушунилмоғи лозим. Техника хавфсизлигига оид қоидалар ўз ичига инсон саломатлиги учун хавф-хатар туғдирадиган машиналар, уларнинг узеллари ва блокларини тўсиқлар билан ҳимоялаш, хавф-хатар тўғрисида ёзувли, ёруғлик ёки товуш чиқарувчи огоҳлантириш белгиларининг қўйилиши, фавқулодда ҳолатлар юз берганда уларни тўхтатиш, хавфни бартараф этиш чораларининг кўрилганлиги, кимёвий, физиологик-биологик ва бошқа актив моддалар билан хавф-хатар манбаи саналувчи бошқа объектлар билан ишлашнинг қатъий қоидалари белгиланганлиги ва ҳоказоларни қамраб олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |