1-МАВЗУ: “МЕҲМОНХОНАЛАРДА КАСБИЙ ЭТИКЕТ” ФАНИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
Режа:
1. Меҳмонхоналарда касбий этика ва унинг умумий ахлоқ тизимида тутган ўрни
2.Этика ва этикет маданиятининг таърифи, мохияти ва вазифалари
3. Хизмат кўрсатиш корхоналаридаги иш гурухлари ва жамоалари хақида умумий маълумотлар
Меҳмонхоналарда касбий этика ва унинг умумий ахлоқ тизимида тутган ўрни.
Айни хозирги вақтда жаҳон хамжамиятида ишбилармонлик этикаси муаммоларига катта эътибор каратилган. Шу боис, уни ўрганиш ва амалиётда унинг тамойилларини қўллаш, бўлажак мутахассислар учун ниҳоятда керакли билим сифатида касб этади. Ишбилармонлик этикасини шаклланиши ва ривожланишини ўрганиш талаб этиладиган сохалардан бирига айланди. Ўзбекистон иқтисодий салохиятини кўтаришга бел боғлаган магистрлар ишбилармонлик, тадбиркорлик фаолиятларида, дунё бозорида муносиб ўрин эгаллашларида ишбилармонлик этикетига риоя қилган холда муносабатларни ўрнатар эканлар олдиларига қўйган мақсадлари рўёбга чиқиши муқаррардир.
Ҳар бир касб эгаси биринчи навбатда ўзи яшаётган жамият аъзоси ва давлат фуқароси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам у касбий этикет қоидаларидан ташқари умумфуқаролик этикет қоидаларини билишлари шарт. Биз талабалар умумфуқаролик этикет қоидаларини мустақил ўзлаштириб олади деган умиддамиз. Шу сабабли ҳам ушбу бандда фақат меҳмонхоналарда ишбилармонлик этикети билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Улар фаннинг предметини ташкил қилади ва қуйидагилардан иборат:
касбий гуруҳ аъзоларининг бир–бирлари билан муносабат қилиш қоидалари;
ишбилармонлик этикети турлари ва категориялари ва уларнинг сифатли хизмат кўрсатишдаги аҳамияти;
меҳмонхоналарда муносабат воситалари ва қоидалари ҳамда сўзлашиш ва бахслашиш этикети;
меҳмонхоналарда аҳолига ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш этикет қоидалари;
хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассис – раҳбар ходимларнинг муомала қилиш этикети; уларнинг касбий кийимларига ва кийинишига қўйиладиган талаблар;
овқатланиш этикети ва ҳалқаро этикет.
Кўрсатилганлардан ташқари талабалар қуйидаги умумфуқаролик этикет қоидаларини мустақил ўзлаштиришлари лозим:
оила аъзолари ва қавми – қориндошлари билан муносабат қилиш қоидалари;
кўчада, жамоат жойларида ўзини тутиш, саломлашиш, гаплашиш қоидалари;
шарқона этикет қоидалари ва бошқалар.
Ўқув фанининг асосий вазифаси унинг предмети билан бевосита боғлиқ бўлади. Шу сабабли ҳам «Меҳмонхоналарда ишбилармонлик этикети» ўқув фанининг асосий вазифаси касбий гуруҳ аъзоларининг кўчада, жамоат жойларида, оиласида ва бир – бирлари билан муомала қилиш, ўз касбини бажариш учун муносабат ва ҳатти – ҳаракат қилиш қоидалари бўйича назарий билимларга ва амалий кўникмаларга эга бўлган сервис соҳасида мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Бўлажак мутахассисларнинг ижтимоий ва сиёсий дунёқарашларини, маънавий қиёфасини, ҳамда мутахассислиги бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатиш учун зарур бўлган назарий билимларини ва амалий кўникмаларини шакллантириш учун бакалавриат даврида сизлар 40дан ошиқ фан материалларини ўзлаштиришларингиз керак. Ўқув режаларида фанлар гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий, математика ва табиий илмий, умумкасбий ҳамда махсус фанлар гуруҳларига бўлиниб кўрсатилади. Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар гуруҳи бўлажак мутахассисларнинг ижтимоий - сиёсий дунёқарашларини ҳамда маънавий қиёфасини шакллантириш учун хизмат қилади. Математика ва табиий илмий фанлар гуруҳи ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун имконият яратади. Умумкасбий ҳамда махсус фанлар гуруҳлари ёшларда мутахассислиги бўйича зарурий назарий билимлар ва амалий кўникмалар мажмуини шакллантиради.
Меҳмонхоналарда ишбилармонлик этикети ўқув фани умумкасбий фанлар гуруҳига киритилган. Бу фан бўлажакда ҳар томонлама етук мутахассисларни тайёрлашда катта аҳамиятга эга. Ушбу фан материаллари бўйича бўлажак мутахассислар муваффақиятли фаолият кўрсатиш учун зарурий умумий ва касбий ахлоқий қоидаларни ва меъёрларни ўрганадилар. Ушбу фаннинг мутахассислар тайёрлашдаги ўрни ана шундан иборат.
Табиатда биронта воқеа ўз-ўзидан содир ва биронта нарса ўзича пайдо бўлмайди. Воқеаларнинг содир ва нарсаларнинг пайдо бўлиши бир-бирлари билан боғлиқ бўлади. Фанлар ҳам ўз-ўзидан вужудга келмайди бир фан бошқа фандан ажралиб чиқиши ёки бир нечта фанлар ўртасида пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун меҳмонхоналарда ишбилармонлик этикети ўқув фани ўқув режасининг бошқа фанларидан ажратилган ҳолда ўқитилади дейиш хато бўлади, чунки у диншунослик, фалсафа, руҳшунослик (психология), социология, маданиятшунослик, иқтисодий география ва экология, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳамда сервис хизматларини ташкил этиш каби фанлар билан ўзаро боғлиқ.
Ҳар бир инсон одамлар орасида ўсади, улғаяди, ҳаёт кечиради, ўзининг бутун ҳаёти ва фаолияти давомида ҳар хил тоифадаги кўплаб инсонлар билан мулоқатда бўлади. У инсоннинг ўз кундалик ҳаётий эҳтиёжларини қондириш заруратидан келиб чиқади.
«Ахлоқ» - арабча сўз бўлиб, хулқ-атвор, юриш-туриш, тарбия, одоб деган маъноларни англатади.
Ахлоқ - инсон ва жамият ўртасидаги объектив алоқадорлик туфайли келиб чиқадиган, шахсий ва умумий манфаатларни мувофиқлаштириб туриш асосида ҳар бир шахснинг ҳаёти ва фаолиятини бошқарадиган, тартибга соладиган муаян хулқ-атвор, одоб, хатти-ҳаракат нормаларнинг мажмуидир.
Ахлоқ, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни каби муаммоларни ўрганиш билан ахлоқшунослик фани шугулланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |