Айрим хорижий мамлакатларда фуқароликни олиш учун “тупроқ ҳуқуқи”нинг ўзи камлик қилади10. Ўзбекистон фуқаролигига ўтишни истовчи шахснинг илтимоси, агар у Конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришни оқлаётган бўлса, фаолияти Конституцияга зид партиялар ва бошқа ташкилотларга аъзо бўлса жазога тортилган бўлса ва жазони ўтаётган бўлса рад этилади.
Аввал Ўзбекистон фуқароси бўлиб, сўнг ундан қонунга асосан чиққан шахслар ҳам фуқароликка қайта тикланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркак ёки аёлнинг чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар билан никоҳдан ўтиши эр ёки хотиннинг фуқаролигини ўзгаришига сабаб бўлмайди. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаросини чет элда яшаши ҳам Ўзбекистон фуқаролигини тўхтатилишига олиб келмайди.
Ўзбекистонда Ўзбекистон фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.
Айрим хорижий мамлакатларда, хусусан,Бирлашган Қиролликда туғилиш ёки фарзандликка асраб олиниш. 1983 йил 1 январдан сўнг Бирлашган Қироллик (Ла-манш бўғози ороллари ва Мен ороли ҳам киради)да туғилган ёки фарзандликка асраб олинган шахслар, агар ота-оналаридан бири Британия фуқароси, ёки қуролли кучлар аъзоси, ёхуд Бирлашган Қиролликда доимий яшаётган тақдирдагина, Британия фуқаролигига эга бўладилар. Бирлашган Қиролликда “доимий яшаётган” бўлиш учун, ота-она ўзи истиқомат қилган давр мобайнида 1971 йилги Иммиграция Акти талабларини бузмаган “оддий истиқомат қилувчи” бўлиши шарт. Бирлашган Қиролликда эса “иммиграция қонунларини бузган ҳолда” ҳеч ким “оддий истиқомат қилувчи” бўла олмайди. 2002 йилдан буён, Бирлашган Қиролликда туғилганлиги бўйича Британия фуқаролигига эга бўлишга оид ушбу қоидалар Британия денгизорти ҳудудларидаги туғилиш фактларига нисбатан ҳам татбиқ этиб келинади.
2. Аждодлари бўйича фуқароликка эга бўлиш. 1983 йил 1 январдан сўнг Бирлашган Қиролликдан ташқарида туғилган шахслар аждоди бўйича Британия фуқаролигига эга бўлади, агар ота-оналаридан бири -
(а) аждоди бўйича деган асосдан бошқа асосларда Британия фуқаролигига эга бўлса;
(б) Бирлашган Қироллик ҳукумати ҳузурида қироллик хизмати бўйича, ёки Европа Ҳамжамияти учун ёхуд муайян жамоат ишлари учун ишлаётгани бўйича чет элда бўлса.
3. Рўйхатдан ўтиш. Юқоридаги қоида талабларига тўғри келмаган шахсларнинг Ички ишлар Котибияти томонидан Британия фуқароси сифатида рўйхатдан ўтказилиши учун бир неча асослар мавжуд. Масалан, Бирлашган Қиролликда туғилган, лекин туғилганида Британия фуқаросига айланмаган, вояга етмаган пайтида ота-оналаридан бири Британия фуқаросига айланган ёки Бирлашган Қиролликда доимий яшаган ҳолати мавжуд шахслар учун рўйхатдан ўтиш тизими очиқдир. Ички ишлар Котибияти, шунингдек, вояга етмаган шахсни Британия фуқароси сифатида рўйхатдан ўтказиш бўйича янада кенгроқ ваколатларга эга. Британия фуқароси сифатида рўйхатдан ўтиш муайян шахслар учун Бирлашган Қиролликда доимий яшаш ёки истиқомат қилиш йўлидаги имтиёздир. Бироқ, умумий қоида сифатида, Ички ишлар Котибияти шахснинг характери ижобий эканлигидан қониққан тақдирдагина рўйхатдан ўтиш имкониятини тақдим этади.
4. Натурализация. Ички ишлар Котибияти вояга етган, муомалага лаёқатли; Бирлашган Қиролликда истиқомат қилиш, характер, тил ва келажакка оид мақсадлар, ҳамда энг сўнгги киритилган талаблардан бири - Бирлашган Қиролликдаги ҳаёт ҳақида билим бўйича талабларга жавоб бера олган ҳар қандай шахсга натурализация (фуқаролик тақдим этилиши) имкониятини тақдим этиши мумкин. 2009 йилда тўлиқ фуқароликни олиш йўлидаги бир неча ўрта босқичлардан иборат янги тараққиёт чора-тадбирлари қабул қилинди.11
Фуқароликни йўқотиш. Фуқаролик давлат томонидан тартибга солинадиган муносабат. Шунинг учун бу ҳақдаги қонун фуқароликка эга бўлиш асослари, бу борадаги имтиёзларни белгилаш билан бирга, фуқароликнинг тўхтатиш асосларини ҳам белгилаб қўйган.
Қонуннинг 19-моддасига асосан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тўхтатиш асоси ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш асосида;
- фуқароликни йўқотиш асосида;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган асосларга биноан;
- Ушбу қонунда кўзда тутилган бошқа асосларга биноан;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ихтиёрий бўлиб, шахснинг илтимосига (фуқаронинг) кўра белгиланган тартибда фуқароликдан чиқишга рухсат этилади. Фуқароликдан чиқишни сўраб мурожаат қилган шахс олдига давлат, жамият манфаатларидан келиб чиқиб баъзи шартлар (талаблар) қўйилади.
Фуқароликдан чиқишни илтимос қилган шахснинг давлат олдида ёки фуқаролар ёҳуд давлат ва жамият ташкилотлари олдида мулкий мажбуриятлари бўлса, шахс шу мажбуриятларни бажармагунича фуқароликдан чиқариш рад этилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқмоқчи бўлган шахс айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилган бўлса ёки унга нисбатан кучга кирган ва ижро этилиши зарур бўлган суд ҳукми бўлса, шахснинг фуқаролигидан чиқиши Республиканинг давлат хавфсизлиги манфаатлари зид бўлса, яъни шахс давлат сирларидан воқиф бўлса фуқароликдан чиқишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишда бу масала шахснинг ихтиёри билан, розилиги билан ҳал қилинади. Фуқароликни йўқотиш шахснинг розилиги билан бўлмай бошқа сабаблар асосида амалга оширилади. Қонунга асосан шахс:
- чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик идораларига ёки давлат ҳокимияти идораларига ишга кирса;
- чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароси 5-йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
- Ўзбекистон фуқаролигини сохта маълумот ва ҳужжатларга асосан олинган бўлса фуқаролик йўқотилади.
Ота-онанинг ҳар иккаласи Ўзбекистон фуқаролигидан чиққан вақтда уларнинг 14 ёшгача тўлган болалари ҳам фуқароликдан чиққан ҳисобланади.
Ота-оналардан бири Ўзбекистон фуқаролигидан чиқса, бошқаси эса Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаверса бола Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолади.
Ота-оналарнинг фуқаролиги ўзгарган тақдирда, шунингдек, болалар фарзандликка олинганда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг фуқаролиги болаларнинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
“Фуқаролик тўғрисида”ги қонунда фуқароларнинг сиёсий қарашлари, эътиқодларига қараб фуқароликдан маҳрум қилиш ҳолатлари кўзда тутилмаганлиги, қонунимизни халқаро ҳужжатлар талабига мос эканлигини кўрсатади.
Собиқ иттифоқ даврида, социалистик тузумга қаршилик қилиш эмас, уни танқид қилганлик учун, коммунистик жамият ҳақида ўз фикрини билдирганлик учун кўплаб кишилар, шу жумладан халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор кишиларни фуқароликдан маҳрум қилиш мамлакатдан қувғин қилиш ҳоллари тез-тез учраб турадиган ҳолат бўлиб қолган эди.
Ўзбекистонда бундай ҳолатни кўрмаймиз, чунки қонун бунга йўл қўймайди.