Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозор ҳисобланади. Ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига киради.
Ўзбекистон фармацевтика бозорида бугунги кунда 9000 турдаги дори воситалари, 1684 турдаги тиббий буюмлар ва 1529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари истеъмол қилинмоқда.
2020 йилда фармацевтика соҳасида ички бозор ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил этиб, унинг 17-20 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланган.
Тегишли равишда, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг маълумотларига қараганда бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтик бозорида 669 та улгуржи реализация билан шуғулланувчи ташкилотлар ва 13 957 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд.
Ўзбекистонда фармацевтика компаниялари сони 1994 йилда 2 та, 2002 йилда 68 та, 2012 йилда 130 та бўлган бўлса, 2020 йил якунига кўра 220 та маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан 1271,8 млн. қадоқ, қиймати 2,47 трлн. сўмлик фармацевтик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Тармоқда бандлар сони 8000 кишига етади.
Фармацевтика саноатининг мамлакат ЯИМ ҳажми шаклланишидаги улуши
Йиллар
|
ЯИМ (млрд.сўм)
|
Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми (млрд.сўм)
|
ЯИМ таркибидаги улуши, %
|
2016
|
242 496
|
1 144
|
0,47
|
2018
|
406 649
|
1 440
|
0,35
|
2020
|
580 203
|
2 470
|
0,43
|
Маҳаллий корхоналарнинг 102 таси дори воситалари, 30 таси тиббий техника, 80 таси тиббий буюмлар ва 8 таси дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Ҳозирги кунда маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан рўйхатдан ўтказилган маҳсулотлар сони 3 524 тадан ошган (3 147 номдаги дори воситалари, 280 номдаги тиббий буюмлар, 97 номдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда).
Манба: Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
55 та фармацевтика корхоналарида халқаро ва миллий стандартлар жорий қилинган (жумладан 34 та корхонада ISO 9001:2008, 7 та корхонада ISO 13485 халқаро стандарти, 10 та корхонада Ўзбекистон давлат стандарти ва 4 та корхонада бошқа давлатлар “GMP - Зарур ишлаб чиқариш амалиёти” стандарти жорий қилинган).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5707 - сонли Фармонига мувофиқ 2019-2021 йилларда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати тасдиқланган:
Антибиотиклар;
Эндокрин тизими патологиясини даволаш дори воситалари;
Яллиғланишга қарши ностероид дори воситалари;
Вирусларга қарши дори воситалари;
Меъда-ичак йўллари патологиясини даволаш дори воситалари;
Иммунобиологик дори воситалари;
Нафас аъзолари патологиясини даволаш дори воситалари;
Юрак-қон томир касалликларини даволаш дори воситалари;
Онкология касалликларини даволаш дори воситалари;
Болаларда сил (туберкулёз) билан инфекцияланишни эрта аниқлаш учун диаскин тестлари.
Булардан “Онкология касалликларини даволаш дори воситалари” гуруҳига мансуб дори воситалар 2020 йилда ўзлаштирилиб ишлаб чиқариш ташкил этилган. Пандемия шароитида Ўзбекистонда COVID-19ни аниқлайдиган тест-системаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйишга ҳаракатлар бошланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4574-сон “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Зангиота туманида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва илмий текшириш институтлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва замонавий технопаркни ташкил қилишни назарда тутилган.
Бу мамлакатнинг фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш тизимини шакллантиришга, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрларни ўқитиш ва тайёрлашга, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган.
Инфографика: 2016-2020 йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш
Ҳудуди 50 гектардан иборат бу технопарк умумий қиймати 394,7 млн. долл. бўлган 8 та ўқув-илмий ва маъмурий объектлар қурилиши ва 6 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириш орқали 2 730 дан ортиқ янги иш ўринлари ҳамда Ўрта Осиёда ягона замонавий фармацевтика кластери бўлиши кутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |