Транспорт омили жуда муҳим, чунки у ишлаб чиқаришнинг бевосита давом эттирувчи тармоғи ҳисобланади. Транспорт инфратузилмаси бўлмаса хом ашё ҳам келтирилмайди, маҳсулот ҳам исъмолчиларга етказилмайди, ҳудудий меҳнат тақсимоти ривожланмайди. Шунинг учун транспортнинг аҳамияти барча бошқа омиллар таъсири билан қўшилиб, уйғунлашиб кетади ва уни “соф” ҳолда ажратиб олиш қийин. Шу билан бирга транспорт масаласи иқтисодий географик ўрин омили билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Зеро, бу ўрин объектнинг энг аввало ташқи иқтисодий муносабатларини англатади.
Ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг “қулайлиги” кўп жиҳатдан унинг арзонлиги, арзонлиги эса асосан транспорт харажатларининг камайтирилиши демакдир. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқаришни жойлаштиришдаги классик ғоялар: И.Тюненнинг қишлоқ хўжалиги штандорти, А.Вебернинг саноат штандорти, В.Кристаллернинг “марказий жойлари”, А.Лёшнинг “иқтисодий ландшафтлари”, Н.Н.Колосовскийнинг ҲИЧМ, Ф.Перрунинг ўсиш қутб ва марказлари ғояларини транспорт омилисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Транспорт иқтисодиёт тизимининг қон томири, ҳаракатлантирувчи кучидир. У пировард натижада ишлаб чиқаришни ҳудудий ташкил этишнинг самарадорлигини таъминлайди. Айни вақтда транспорт тармоғининг ўзини ҳам жойлаштириш қонуниятлари ва омиллари мавжуд. Улар табиий географик, иқтисодий ва сиёсий мазмунга эга бўлади. Тоғ-кон саноати ривожланган ҳудудларда кўпроқ темир йўл транспорти, агросаноат районларда автомобил транспорти ривожланган бўлади. Автомобил транспорти, шунингдек, тоғли мамлакатларда ҳам катта аҳамиятга эга (Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва б.).
Транспорт узоқни яқинлаштиради, вақтни тежайди ва шу асосда иқтисодий, аниқроғи - иқтисодий географик самарадорликка эришилади. Айтиш жоизки, транспорт (унинг икки жиҳати бор: биринчиси, йўл, яъни инфратузилма, иккинчиси – муҳим макроиқтисодиёт тармоғи) иқтисодий географик макон шаклланишининг негизи ҳисобланади; қолаверса, транспортсиз иқтисодий география фанининг ўзи ҳам бўлмайди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда транспорт хавфсизлигига ҳам устувор аҳамият берилди. Қисқа вақт давомида Учқудуқ – Мискин – Нукус, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўллари қурилди ва бу борада ҳам мустақилликка эришилди, ягона миллий темир йўл тизими шакллантирилди. Ангрен – Поп автомобил йўли кенгайтирилди, Бухоро – Нукус йўли қайта таъмирланмоқда. Бу ва шунга ўхшаш ишлар махсус Давлат дастури миқёсида амалга оширилмоқда. Янги қурилаётган йўллар уларнинг таъсир доирасидаги табиий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишга қулай имкониятлар яратди. Хусусан, йўл бўйи инфратузилма ва “йўл ёқаси иқтисодиёти”, қишлоқ ва шаҳарлар ривожланиб бормоқда. Қисқаси, республикамизда “йўли яхши мамлакат бой бўлади” деган принципга – тамойилга амал қилинади.
Ишлаб чиқариш тармоқларини жойлаштиришда
Do'stlaringiz bilan baham: |