Хом ашё омили. Табиийки, маҳсулот хом ашёсиз яратилмайди. Аммо айрим маҳсулотларни олиш учун хом ашё бошқаларига қараганда кўпроқ сарфланади. Шунинг учун бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган тармоқлар ва корхоналар мумкин қадар хом ашё районларига яқин жойлаштирилади.
Саноатнинг барча тармоқлари, масалан, тоғкон, ўрмон, балиқчилик ўзўзидан маълумки, хом ашё бўлмаган районларда ривожланмайди. Бундай саноат тармоқларининг жойлашуви бевосита фойдали қазилмалар ёки табиий бойликлар географияси билан боғлиқ. Бошқа саноат тармоқларининг ҳудудий ташкил этилиши эса бироз мураккаброқ. Масалан, 1 тонна пахта толаси олиш учун тахминан 3 тонна хом пахта, 1 тонна пахта ёғи учун 5 тонна чигит, 1 тонна писта ёғига 3 тонна кунгабоқар, 1 тонна шакарга 7 тонна қанд лавлагиси ишлатилади. Ушбу рақамларни нисбий кўринишда бериш ҳам фойдадан холи эмас. Чунончи, пахта толасини оқ пахтадан чиқиши 32-33 фоиз, пахта ёғининг чигитдан олиниши 20-22 фоиз, шакарни қанд лавлагидан олиш 14-15 фоиз ва шунга ўхшаш. Демак, бу корхоналар хом ашё районида ёхуд унга яқин жойлаштирилади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хом ашё талаблиги ёки унинг сиғими билан экологик муаммолар ҳам боғлиқ. Қизиғи шундаки, биз, одатда, юқоридаги мисолларда асосий эътиборни олинган маҳсулотга – ёғга, шакарга қаратамиз, бироқ хом ашёнинг қолган кўпгина қисми (бизнинг мисолимизда қанд лавлагисининг 6/7, пахта ёғининг 2/3 қисми) кўп ҳолларда эътиборимиздан четда қолади. Ваҳоланки, улар ишлаб чиқариш чиқиндиси сифатида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бинобарин, хом ашё массасининг тайёр маҳсулотга айланиш ҳажми ишлаб чиқариш корхоналарини қаерда - хом ашё базасига ёки истеъмолчига яқин жойлаштирилишини белгилаб беради. Мисол учун ғишт ёки шлакоблок ишлаб чиқаришда хом ашё чиқиндисиз бирламчи маҳсулотга айланади. Табиийки, уларни бевосита истеъмол районларида жойлаштирган маъқул. Шунинг учун ҳам республикамизда ғишт заводлари сони жуда кўп, улар учун хом ашё ҳам кенг тарқалган.
Минерал ўғитлар ичида калий ўғитини ишлаб чиқариш географияси батамом хом ашё омили билан белгиланади, чунки уни олиш учун кўп миқдорда калий тузи сарфланади. Айни пайтда азот (селитра) ўғитини ишлаб чиқарувчи корхоналар анча “эркин” жойлашади. Бундай корхоналар қора металлургия марказларига, сув манбаларига яқин, нефт ва газ саноати ривожланган районларда қурилиши ҳам мумкин. Фосфор ўғити ишлаб чиқарувчи корхоналар хом ашё ва истеъмол районларида жойлаштирилади, хом ашё сифатида апатит, фосфоритлар хизмат қилади. Бу ўғитни ишлаб чиқаришда олтингугурт кислотаси ҳам талаб этилади. Шу боис улар рангли металлургия марказларида ҳам ташкил қилинади. Ўзбекистонда азот ўғити ёки селитра Чирчиқ, Навоий, Фарғонада, суперфосфат Қўқон ва Самарқандда, аммофос ёки азот ва фосфор ўғитларининг бирикмаси Олмалиқда ишлаб чиқарилади.
2010 йилда маҳаллий хом ашё (Тюбегатан, аниқроғи – Теппақўтон туз конлари) асосида Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида йирик калий заводи ишга туширилди. Ҳозирги вақтда унинг иккинчи навбати қурилмоқда. Яқин келажакда Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп калий ўғити ишлаб чиқарадиган мамлакатга айланади. Шу билан бирга, мустақиллик йилларида Навоий вилоятида топилган ва ишга туширилган йирик фосфорит кони ҳам республикамизда кимё саноати ривожланиши муҳим аҳамият касб этди. Натижада, мамлакатимиз суперфосфат саноати учун Қозоғистондан (Қоратов, Жонатас) келтириладиган хом ашё эмас, балки ўзимизнинг маҳаллий фосфорит заҳираларидан фойдаланиш имконияти вужудга келди.
Хом ашёга кўпроқ йўналтирилган саноат тармоқларининг жойлашувини ўрганиш энг аввало мамлакат табиий шароити ва бойликларини билишни талаб этади. Турли хил қазилма бойликларнинг маълум ҳудуддаги бирлиги бу ерда ишлаб чиқаришни комплекс ташкил қилишга, ҳудудий мажмуаларни шакллантиришга, ишлаб чиқаришни ҳудудий ташкил этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ёқилғи иссиқлик электр станциялари учун ҳамда қора металлургия саноатининг дастлабкичўян эритиш босқичини жойлаштиришда асосий рол ўйнайди. Аммо унинг таъсири ҳамма вақт ҳам етакчи кучга эга эмас; иссиқлик электр станциялари ёки металлургия заводлари айрим ҳолларда истеъмол районларида ҳам жойлаштирилиши мумкин. Бу масала айниқса нефт ва унинг маҳсулоти - мазут, табиий газ асосида ишловчи иссиқлик станцияларини қуришга тегишлидир.
Бироқ, қора металлургия заводларини жойлаштириш қонуниятлари бир хил бўлмайди. Маълумки, қазиб олинадиган темир рудасининг, ўртача ҳисоблаганда тахминан 48-50 фоизи фойдалидир, яъни улардан деярли шунча чўян олиш мумкин (1 тонна чўян ишлаб чиқишда тахминан 2 тоннага яқин темир рудаси ва 1,2 тонна коксланувчи кўмир сарфланади). Лекин бу “ўртача” рақам ҳамма жойда ҳам бир хил эмас: айрим конларда темирнинг қазиб олинадиган рудадаги улуши атиги 17-20 фоизни ташкил этади, холос. Бундай конларга Уралдаги Қўшқанорни ёки Қорақалпоғистон Республикасидаги Тебинбулоқни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ўзўзидан кўриниб турибдики, бу ерда қазиб олинадиган рудани бевосита домна печларида эритиб бўлмайди, чунки керакли минералдан кўра кераксиз жинслар кўпроқ. Шунинг учун бу руда албатта дастлаб бойитилиши ва унинг таркибидаги фойдали минералнинг ҳиссаси оширилиши лозим.
Бойитилгандан сўнг руда таркибидаги (рангли металлар учун бойитиш жараёни айниқса муҳим, сабаби уларнинг тоғкон жинсларидаги улуши жуда паст) металл миқдори бир неча баробар кўпаяди. Аммо бундан кейин ҳам унинг ҳиссаси етарлича бўлмайди. Шунинг учун металлургия корхоналари кўпроқ хом ашё районига яқинроқ жойлаштирилади.
Ер юзида “бой” конлар ҳам йўқ эмас, жумладан, Курск магнит аномалиясига кирувчи Белгород яқинидаги конларда темирнинг рудадаги улуши 60-65 фоизгача етади. Бинобарин, бундан қазиб олинадиган хом ашёни бевосита бойитмасдан домна печларида эритса бўлади. Модомики шундай экан, уларни ташиб бориш учун транспорт харажатлари ва, пировард натижада, эритилган чўяннинг таннархи унча юқори бўлмайди. Бу эса корхоналарни ёқилғи районида ёки унга яқин жойларда қуришни тақозо этади.
Қозоғистон Республикасидаги Қарағанда тўлиқ циклли металлургия комбинати бевосита кўмир ҳавзаси районида жойлаштирилган. Новокузнецк, Липецк, Тула (Россия), Кривой Рог (Украина) комбинатлари эса хом ашё, яъни темир рудаси конларига яқин қурилган. Айрим ҳолларда металлургия заводлари хом ашё ва ёқилғи районлари ўртасида жойлашган, зеро мазкур саноат тармоғи учун бу икки омилнинг аҳамияти бир хил. Бунга мисол сифатида Череповец металлургия комбинатини (Россия Федерацияси) келтириш ўринли. У Печора коксланувчи кўмир ҳавзаси билан Кола ярим ороли темир рудаси конларининг деярли ўртасида қурилган. Лекин ушбу корхона аниқ икки оралиқ масофада эмас, у бироз ғарбга “тортилган”. Бунинг сабаби, Санкт Петербург ва Москва шаҳарларининг йирик машинасозлик корхоналарини пўлат ва прокатга бўлган эҳтиёжидир.
Шунингдек, кўмир ва темир рудасини бирбири билан ҳудудий алмашув тамойили асосида ҳар иккала районда шаклланган қора металлургия марказлари ҳам мавжуд. Бу борада 30йилларда амалга оширилган УралКузнецк комбинатини (УКК) эслаш кифоя. Мазкур минтақавий дастур ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуининг дастлабки кўриниши бўлиб, уни ҳаётга татбиқ этишда ҳам хом ашё районида–Жанубий Урал темир рудаси конлари асосида, ҳам ёқилғи районида – Кузнецк тошкўмир ҳавзасида (Кузбасда), яъни Новокузнецкда бундай улкан корхоналар қурилган эди.
ДонецкДнепрбўйи райони Украинанинг асосий ёқилғи ва қора металлургия базаси ҳисобланади. У илгари дунёга донғи кетган Урални орқада қолдириб, XIX асрнинг сўнгги чорагида гуркираб ривожланган, ўша пайтдаги Жанубий саноат райони деб аталмиш ўлка сифатида машҳур бўлган. Ҳозирги даврда бу ерда қора металлургиянинг иккита ихтисослашган райони шаклланган, улар бирбирлари билан хом ашё ва ёқилғи алмашуви негизида, маятниксимон кўринишда амал қиладилар. Бу ҳам бўлса Донбасс ва Днепрбўйидаги бир гуруҳ корхоналар уюшмасидир. Донбассда коксланувчи кўмир, Днепрбўйида темир рудаси (Кривой Рог ҳавзаси) бор. Мазкур минтақада учинчи, лекин олдингиларга қараганда кичикроқ металлургия райони, аниқроғи маркази ҳам шаклланган. У Мариуполдаги корхоналар бирикмаси бўлиб, Донбасс кўмири ва Қрим ярим оролидаги Қамишбурун темир рудаси базасида ишлайди3.
Do'stlaringiz bilan baham: |