Инкорни диалектик тушуниш янгининг эски билан оддий алмашуви бўлмасдан, балки эскининг бағрида вужудга келиб, ундан фойдаланиб, қарор топишини тан олишдир. Диалектик инкорнинг мухим икки жихати мавжуд: биринчиси, эскининг ўрнига янгининг келиши табиий-тарихий жараён бўлганлиги учун тараққиётнинг мухим шарти хисобланса; иккинчиси, у янгини эски билан ворисий боғлиқ эканлигини хам ифодалайди.
Инкорни инкор қонунини тушуниш учун уни нега шундай деб аталишини изохламоқ лозим. Фалсафанинг бу таълимотини икки марта такрорланувчи инкорда ифодаланиши оламдаги нарса ва ходисаларнинг доимий равишда ўзгариб, бир холатдан иккинчи холатга ўтиб бориши ва оқибатда, ривожланиш узлуксиз эканлигидан келиб чиқади.
Бу қонунга кўра, хар бир мавжуд бўлган нарса ва ходиса ўзигача бўлган сифат ва миқдор инкор этилишининг махсули, шу билан бирга, ана шу нарса ва ходисаларнинг ўзи хам шароитнинг ўзгариши, вақтнинг ўтиши билан инкор этилишга махкумдир. Демак, хар бир нарса ва ходисанинг ўзгариши ва ривожланиши хамиша икки ва ундан кўпроқ инкор этишлар билан амалга ошади. Инсоният тарихи – авлодлар алмашинуви тарихидир, дейилганида хам ана шундай хол назарда тутилади.
Инкорни инкорнинг яна бир мухим белгиси шуки, тараққиётдаги даврийликнинг муайян халқасида, яъни навбатдаги инкор босқичида унинг олдинги босқичидаги баъзи белгилар такрорланади. Масалан, дон ўсимликдан яна донларга айланади, кейинроқ яна ўсимликка ва хоказо.
Инкорни инкорнинг амал қилиши туфайли тараққиёт тўғри чизиқ шаклида эмас, доира шаклида бўлади, унинг охирги нуқтаси бошланғич нуқтага яқинлашади. Лекин бу яқинлашув унинг охирги нуқта билан туташиши бўлмасдан, балки юқори босқичда содир бўлиши сабабли тараққиёт спирал шаклга эга бўлади. Бу спиралнинг хар бир янги ўрами олдинги ўрамига нисбатан юқорироқ босқичда юзага келади.
Диалектик инкор янги билан эски ўртасидаги боғланишни буткул рад қилади, деб тушунмаслик керак. Янги қанчалик илғор бўлмасин, у йўқ жойдан пайдо бўлмайди, балки эскининг қобиғида аста-секин шаклланади. Шунинг учун хам кўп холларда эскидан янгига ўтилаётганда эски бутунлай ташлаб юборилмайди, балки унинг ижобий томонлари сақланиб қолади ва ривожланиш давом эттирилади. Демак, янги билан эски ўртасида ворислик мавжуддир. Инкорни инкор қонуни тараққиётда ворислик ва қайтарилувчанликнинг бирлигини тавсифлайди. Диалектик инкорнинг мухим хусусияти ана шундан иборат.
Инкорни инкор қонуни мустақиллик ва бозор иқтисодиёти жараёнида рўй бераётган ходисалар мохиятини илмий англашда катта ахамият касб этади. Янги жамиятни барпо этишга қаратилган ўзгаришлар хамма нарсани бутунлай йўқ қилишни билдирмайди. Аксинча, бу — халқимиз тараққиёти жараёнида эришилган ижтимоий-иқтисодий, маданий, маънавий ютуқларни сақлаб қолиб, уларни янада бойитиб, ривожлантиришдан иборатдир. Мазкур жараённинг асосий тамойили “янгисини қурмасдан, эскини бузмаслик лозимлиги тўғрисидаги” хулосаларда ҳам яққол ўз асосини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |