Оламнинг мавжудлиги — миқдор ва сифат воқелиги тарзида хам намоён бўлади. Бунинг мохияти шундан иборатки, нарса ва ходисалардаги сезиларли бўлмаган миқдорий ўзгаришлар аста-секин тўплана бориб, тараққиётнинг маълум бир босқичида меъёрни бузади ва сакраш йўли билан туб сифат ўзгаришларига олиб келади.
Моддий оламдаги хилма-хил нарса ва ходисалар бир-биридан ўз сифати билан ажралиб туради. Сифат — нарсаларнинг ички ва ташқи муайянлиги бўлиб, унинг қатор хосса, белги, хусусиятлари бирлигини ифодалайди. Сифат нарса қандай бўлса, уни шундайлигича кўрсатиб беради, жисмнинг барча ташқи хоссаларини боғлиқликда намоён қилади.
Демак, сифат нарсанинг умумийлигини, яхлитлигини, унинг нисбий барқарорлигини, бир-бирига ўхшашлиги ёки ўхшамаслигини ифодалайди. У кенг маънода нарсаларнинг турли-туман хоссалари йиғиндисидир. Лекин сифат ва хосса айнан бир хил маънодаги тушунчалар эмас. Сифатнинг ўзгариши, муқаррар суръатда, хоссанинг ўзгаришига олиб келади. Бироқ хоссанинг ўзгариши хар доим сифатнинг ўзгаришига таъсир этавермайди, айрим хоссалар нарсаларнинг сифатига таъсир этмасдан йўқ бўлиб кетиши мумкин. Сифат предметнинг доимийлигини, нисбий барқарорлигини ифода этади.
Нарсалар сифат муайянлигидан ташқари, бир-биридан миқдорий томонлари билан хам фарқ қилади. Миқдор предметнинг хажми, ўлчови, оғирлиги, харакат тезлиги ва шу кабилар билан тавсифланади. Табиат ходисалари каби ижтимоий ходисалар ҳам миқдорий томонга эга. Чунончи, сув ўз солиштирма оғирлигига, қайнаш ва музлаш даражасига эга. Бир ижтимоий тузум бошқасидан хусусияти жихатидангина эмас, балки ишлаб чиқарувчи кучлар тараққиёти, мехнат унумдорлиги, маданияти ва хоказолар билан хам фарқ қилади. Хар қандай нарса миқдор ва сифат бирлигига эга. Табиатда фақат миқдорга ёки сифатга эга бўлган, яъни сифати бўлиб миқдори, миқдори бўлиб аксинча, сифати бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ.
Миқдор ва сифатнинг бирлиги, ўзаро боғлиқлиги меъёр тушунчасида ифодаланади. Меъёрнинг бузилиши предмет мавжудлиги мумкин бўлмаган холатга олиб келади.
Хар қандай нарса ва ходисага миқдор ва сифат ўзгаришлари хосдир. Миқдор ўзгаришлари билан сифат ўзгаришлари ўртасида қатъий қонуният мавжуд бўлиб, бу қонуният қуйидагича ифодаланади: миқдорий ўзгаришлар сифат ўзгаришларини тайёрлаб, хар бир аниқ холатда муайян туб сифат ўзгаришларини келтириб чиқаради ва шу холатда миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши содир бўлади. Оламдаги барча ўзгаришлар аста-секин содир бўладиган миқдор ўзгаришларидан бошланади. Миқдор ўзгаришлари муайян чегарада сифатнинг барқарорлигига таъсир этмайди. Миқдорий ўзгаришлар чегарадан чиқиши билан сифатнинг барқарорлиги бузилади. Натижада сифат йўқолиб, янги сифат юзага келади. Тараққиёт жараёнида миқдор ўзгаришлари туб сифат ўзгаришларига ўтиши билан бирга сифат ўзгаришлари миқдор ўзгаришларига хам ўтади. Миқдор ўзгаришлари билан сифат ўзгаришлари ўзаро чамбарчас боғланган бўлишига қарамай, улар айрим ўзига хос хусуссиятларга хам эга. Чунончи:
- биринчидан, миқдор ўзгаришлари доимо юз бериб туради. Хатто ходисалар сифатининг нисбий барқарорлиги даврида хам миқдорий ўзгаришлар аста-секин юз беради. Сифат ўзгаришларига ўтиш фақат маълум бир даврда бошланади;
- иккинчидан, миқдор ўзгаришлари маълум вақтгача нарсаларга мухим таъсир кўрсатмайди. Сув нормал атмосфера босимида 100° гача суюқлик холатини йўқотмайди, кейин эса буғга айланади, сифатини ўзгартиради. Демак, сифат ўзгаришлари ходисаларни тубдан ўзгартириб, унинг бошқа ходисага айланишини тақозо қилади;
- учинчидан, миқдор ўзгаришлари аста-секин амалга ошади ва кўп холларда сезилмасдан ўтади. Сифат ўзгаришлари эса анча тез, айрим холатда тўсатдан содир бўлади;
- тўртинчидан, сифат ўзгаришлари миқдор ўзгаришларига қараганда туб ўзгариш бўлиб хисобланади.
Сакраш табиат ва жамиятда содир бўладиган сифат ўзгаришларини англатадиган фалсафий тушунча бўлиб, тараққиётнинг узлуксиз кўринишига қараганда анча тез ўтадиган жараёндир.
Сакраш миқдор ўзгаришларидан сифат ўзгаришларига ўтишда узлуксизликнинг узилишини билдиради. Сакраш нарса ва ходисаларнинг узлуксиз ривожланиш давомида тайёрланиб, шу узлуксиз ривожланиш моменти тугаб, узилиш содир бўлиши билан зарурий равишда юз беради. Сакраш бирданига, тўсатдан бўладиган холатгина эмас, балки янги сифат элементлари кўпайиши орқали юз берадиган тадрижий жараён хамдир.
Сакрашнинг турлари ўз характерига кўра табиат ва жамиятда хилма-хил бўлиб, улар бир-бирларидан фарқ қиладилар. Жамият тараққиётидаги сакрашларнинг ўзига хос томони шуки, бу сакрашлар эски ижтимоий тузумни йўқ қилиш ва янги ижтимоий тузумни ўрнатадиган ижтимоий жараёнлар, тадрижий ривожланиш орқали амалга ошади. Бундай сакрашларни икки турга бўлиш мумкин: биринчиси — портлаш йўли билан бўладиган сакрашлар, иккинчиси секин-аста, тадрижий йўл билан бўладиган сакрашлар. Биринчи тур сакрашларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бунда нарса ва ходисаларнинг янги сифатга ўтиши ниҳоятда тезлик билан юз беради ва кутилмаган натижаларни, тасодифий жараёнларни бошлаб юбориши, хатто салбий холатларни келтириб чиқариши хам мумкин.
Сакрашнинг иккинчи турида эса, эски сифат элементларининг аста-секин йўқолиб бориши ва янги сифат элементларининг аста-секин тўпланиши натижасида янги сифат пайдо бўлади.
Шундай қилиб сакраш қуйидаги жихатларга эга:
- биринчидан, сакраш тараққиёт натижасида амалга ошадиган объектив ва қонуний жараёндир;
- иккинчидан, сакраш тадрижийликнинг узилиб, миқдор ўзгаришларидан туб сифат ўзгаришларига ўтишидир;
- учинчидан, сакраш эскини тугатиш ва янги сифатга мос келадиган холатларнинг вужудга келиши туфайли пайдо бўладиган зиддиятларни хал қилишдир;
- тўртинчидан, сакраш оламнинг ривожланиб, илгарилаб боришидир.
Ҳодисаларнинг сифат хусусиятларига ва уларнинг ривожланиш шароитига боғлиқ равишда эски сифатдан янги сифатга ўтиш турли шаклларда содир бўлади. Ҳар бир нарса, ходиса ўзининг аниқ инкор қилиш усулига, ўз навбатида аниқ сакраш шаклига эгадир.
Демак, хар қандай ўзгариш, хар қандай ривожланиш миқдор ва сифат ўзгаришларининг ўзаро бир-бирига ўтиши орқали содир бўладиган жараёнлардан иборат. Борлиқнинг ҳамма сохасида доимо эски, умри тугаётган нарса ва ҳодисаларнинг бархам топиши, янги нарса ва ходисаларнинг вужудга келиш жараёни содир бўлиб туради. Бундаги эскининг янги билан алмашиниши инкор деб аталади.
Ўзгариш ва ривожланиш жараёнида ўз-ўзини инкор этиш тамойили нихоятда мухим. Бунда ворислик – эскининг инкори ва янгиликнинг шаклланиши сифатида намоён бўлади. Ана шу жараёнларнинг доимий такрорланиши инкорни инкор қонунининг мохиятини билдиради.
Мазкур қонунга мувофиқ объектив воқеликдаги нарса ва ходисаларнинг ривожланиши жараёнида эскининг янги томонидан инкор қилиниши рўй беради. Бироқ, аксарият холларда, эскилик бутунлигича инкор қилинмайди, ундаги ижобий томонлар сақланиб қолади.
Инкор тушунчаси кундалик онгда «йўқ», сўзи билан қўшилиб кетади, инкор қилмоқ — «йўқ» демакдир, бирор нарсани рад этмоқдир. Лекин диалектикада инкор кундалик онгда ишлатиладиган тушунчадан фарқ қилади. Диалектикада инкор қилиш тўғридан-тўғри «йўқ» дегани эмас, яъни нарсани мавжуд эмас, деб эълон қилмоқ ёки уни хар қандай усул билан йўқотиб ташламоқ эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |