МАВЗУ:
Оламнинг универсал алоқалари ва ривожланиш. Фалсафий қонунлар. Режа:
1. Ўзгариш ва тараққиёт жараёнида такрорланиш тамойили. Қонун тушунчаси, унинг моҳияти ва фалсафий талқини.
2. Воқелик ва ўзгариш жараёнида айният ва зиддият диалектикаси. Унинг табиат ва жамиятдаги хусусиятлари.
3. Мавжудлик, ўзгариш ва ўзаро алоқадорлиқнинг намоён бўлиш тамойиллари.
Оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг ҳаракати, ўзгариши, бир холатдан иккинчи холатга ўтиб туриши, ривожланиши, улар ўртасидаги алоқадорлик ва ўзаро таъсир каби масалалар қадимдан мутафаккирлар, олимлар, файласуфлар ўртасида турли баҳс, мунозара, тортишувларга сабаб бўлган. Чунки улар тўғрисида аниқ билимга эга бўлмасдан туриб, олам ва унинг тараққиёти, ривожланиш манбаи, харакатлантирувчи кучлари тўғрисида ҳамда, энг асосийси, келажак хақида илмий тасаввурга эга бўлиш қийин.
Атрофимиздаги жамики нарса-ҳодисалар, яъни энг майда заррачалардан тортиб то Ер, Қуёш, Коинотгача барчаси, шу жумладан, кишилик жамияти ҳам, доимо харакат, ўзгариш ва ривожланишдадир. Улар ўртасида абадий ўзаро боғлиқлик, ўзаро таъсир ва алоқадорлик мавжуд. Оламда ўз-ўзидан, тасодифий равишда хеч қандай харакат ҳам, ўзгариш хам юз бермайди.
Боғланишларнинг турлари. Биз нарса ва ҳодисаларнинг харакати, ўзгариши ва ривожланишига улар ўртасидаги боғланиш ва алоқадорлик, таъсир ва акс таъсир асос бўлади, деймиз. Албатта, оламдаги хар қандай боғланиш ҳам ривожланишга сабаб бўлавермайди. Чунки бу боғланишларнинг кўлами, мохияти, таъсир кучи ва доираси турлича. Боғланишларнинг ана шу хусусиятларига қараб, зарурий ва тасодифий, ички ва ташқи, бевосита ва билвосита, муҳим ва муҳим бўлмаган ва хоказо боғланишларга ажратиш мумкин.
Шунингдек, оламда бошқа воқеа ёки ҳодисалардан алоҳида, улар билан боғлиқ, ўзаро алоқадорликда ва таъсирда бўлмаган бирорта ҳам воқеа ёки ҳодиса мавжуд эмас. Демак, ўзаро боғланиш ва таъсир натижасида нарса-ҳодисаларда ўзгариш содир бўлади. Лекин, барча ўзгаришни ҳар доим хам бирданига, яққол сезиш мумкин эмас. Чунки оламнинг намоён бўлиши турли даражада бўлганлиги сабабли, ўзгаришлар ҳам турличадир.
Масалан, янги туғилган чақалоқнинг бир хафта, бир ой, ярим йил мобайнидаги ўзгаришини, яъни улғайишини ёки бўлмаса, табиатдаги қиш фаслидан бахор фаслига ўтишдаги ўзгаришларни оддий кўз билан яққол сезиш мумкин. Лекин бирон жонсиз предмет, масалан, Ер қаъридаги ички жараёнларни маълум даврдан кейин сезиш мумкин. Ана шу сабабдан ҳам одамлар зилзилалар, вулқонлар отилиши каби офатлар қаршисида лол, гохида эса ғафлатда қолиб келмоқдалар. Яъни ташқи факторлар (инсон фаолияти, ёруғлик, иссиқлик, намлик, атмосфера босими) натижасида рўй берган ўзгаришларни кўз кўради, қулоқ эшитади. Хуллас, улар осон англаб олинади, очиқ-ойдин намоён бўлади. Улардаги ўзаро боғлиқликни хам осон кўриш, илғаш мумкин. Ана шундай осон кўриш ва илғаш мумкин бўлган, очиқ-ойдин рўй берадиган воқеа, ҳодиса, натижага нисбатан «зохирийлик» тушунчаси, мохиятини илғаш қийин бўлган ва мураккаб ички сабаблар натижасида кечадиган жараёнлар ва ўзгаришларга нисбатан «ботинийлик» тушунчаси қўлланилади. Ўрта асрларда, айниқса тасаввуф фалсафасида бу икки тушунчага алохида эътибор берилган.
Ҳаракат деб оламдаги ҳар қандай ўзгаришга айтилади. Ривожланиш тушунчаси эса қуйидан юқорига, оддийдан мураккабга томон илгарилаб борувчи ҳаракатни ифодалайди. Лекин бу жараён гоҳ тўғри чизиқли, гоҳ аста-секин кенгайиб борадиган спиралсимон шаклдаги ҳаракатдан иборат бўлиши мумкин.
Бунда доимий бир томонга, масалан, вақтнинг ўтмишдан келажакка томон ўтиши хам, лекин маконда воқеа ва ҳодисаларнинг такрорланиши, замонда орқага қайтишлар хам содир бўлиб туради. Баъзида тараққиётнинг маълум бир босқичида олдинги босиб ўтилган давр такрорлангандек бўлади, аммо бу илгаригидан фарқ қиладиган, бошқачароқ тарздаги такрорланишдир.
Хеч қачон бир хил тонг отмайди, деб бежиз айтмайдилар. Холбуки, хар куни тонгда ўша қуёш чиқади, ўша тоғу тошларни, боғу биёбонларни, биз яшаётган заминни ёритади. Одамлар хам, иш ва ташвишлар ҳам хамон ўша-ўшадек. Кимдир ишга шошади, кимдир ўқишга, кимдир яна илгариги кундек бекорчиликдан зерикади... Аммо дунё ўзгармадими? Бу бир куннинг ичида унда минглаб болалар туғилмадими? Сон-саноқсиз жараёнлар рўй бериб, Ер сайёрасининг турли бурчакларидан бошқа жойларга қанчадан-қанча ахборотлар тарқатилмадими? Она замин ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланишини давом эттирмадими? Буларнинг барчаси бир куну-тунда рўй берган ботиний ва зохирий ўзгаришларнинг намоён бўлишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |