Табиат қонунларининг яна бир энг мухим хусусияти — у объектив характерга эга, яъни у инсонга ҳам, инсониятга ҳам боғлиқ эмас. Бирор киши, хатто миллатнинг иродаси билан хам, табиат қонунига туб ўзгартириш киритиш ёки уни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмас. Чунки бу қонунларнинг асосини ташкил қилган боғланишлар, муносабатлар объектив хусусиятга эга.
Оламдаги ҳар бир нарса ва ҳодиса бир-бирини тақозо қиладиган ва шу билан бирга, бир-бирини истисно қиладиган қарама-қарши томонлар бирлигидан иборат. Демак, воқелик ва ўзгариш жараёнида айният ва зиддиятнинг бўлиши хам одатий хол. Масалан, иссиқ ва совуқ, оқ ва қора, кеча ва кундуз, электрнинг мусбат ва манфий зарядлари, яхшилик ва ёмонлик, адолат ва жахолат ва х. к. Қарама-қарши томонлар бир-бирини инкор этади ва шу билан бирга бири иккинчисини тақозо этади, бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Фараз қилайлик, магнитнинг манфий заряди бўлмаса, у холда ушбу нарса магнит бўлолмайди.
Борлиқ нарса, воқеа-ходисаларнинг турли-туманлигидан иборат. Лекин нарсалар қанчалик хилма-хил, турли-туман бўлмасин, улар ўртасида яқинлик, айнанлик мавжуддир. Масалан, стол ва стул сифат жихатидан турли нарсалардир. Лекин барибир улар ўртасида ўхшаш томонлар, белгилар бор. Айтайлик, уларнинг ё ранги ёки бир хил материалдан ясалганлиги ёки бўлмаса, вазни ўхшаш бўлиши мумкин ва х.к.
Айният тушунчаси нарса ва ходисалар ўртасидаги ўхшаш томонларни ифодалайди. Шу билан бирга нарса-ҳодисалар бир-биридан фарқ қиладиган томонлар, хусусиятлар, белгиларга хам эгадир. Айнан бир хил бўлган нарсанинг ўзи йўқ. Хатто дарахтнинг бир шохида ёнма-ён турган 2 барг хам бир-биридан фарқ қилувчи баъзи жихатларга эга. Хеч бўлмаганда, улар бир-биридан макондаги ўрни билан фарқ қилади.
Хаётдан мисол келтирадиган бўлсак, бир-бирига ташқи томондан тамомила ўхшаш бўлган Хасан ва Хусанларда хам жуда кўп фарқ қилувчи хусусиятлар бор. Масалан, уларда феъл-атвор, қизиқиш тури, дунёқарашлар хар хил бўлиши, яъни уларнинг ички дунёлари фарқ қилиши мумкин. Демак, тафовут нарса ходисаларнинг фарқ қилувчи томонларини ифодаловчи тушунчадир.
Қарама-қаршилик деб эса, нарса, воқеа-ҳодисаларнинг бир-бирини тақозо этувчи ва шу билан бирга бир-бирини инкор этувчи томонлари, кучларининг ўзаро муносабатига айтилади.
Қарама-қаршиликлар ўртасидаги муносабатни зиддият деган тушунча ифодалайди. Кўп холларда айният ва тафовутнинг зидлиги ва уларнинг бир махражга келиши, меъёрий ўзгаришлар туфайли ривожланиш, тараққиёт, янгиланиш жараёнлари амалга ошади. Тараққиёт шу маънода айният, тафовут ва зиддиятларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва хал қилинишидан иборат бўлган абадий ва азалий мураккаб жараёндир.
Собиқ Иттифоқнинг мафкураси даражасига кўтарилган марксизмда асосан зиддиятга кўпроқ эътибор берилар эди. У мутлақлаштирилар ва жамиятга кўчирилиб, асосан, антогонистик зиддиятлар тўғрисида гапирилар ва уларнинг ечилиши инсониятни бахтли хаётга олиб боради, дея хаёл қилинар эди. Холбуки, инсоният пайдо бўлибдики, унинг хаётида айният ва тафовут ҳам, зиддият ва қарама-қаршиликлар ҳам мавжуд бўлиб келмоқда. Одамзод зиддиятлар камроқ бўлган, кишиларнинг хилма-хил интилиш ва мақсадлари, бир-биридан фарқ қиладиган ғоялари уйғунлашган, барқарорлик устувор бўлган жамиятни қуриш учун бош қотириб келмоқда.
Ану шундай интилишлар фанда «Конфликтология» (конфликт — зиддият, логос- таълимот) деб аталадиган фалсафий йўналиш пайдо бўлишига олиб келган. Бу соха билан шуғулланадиган олим ва мутахассислар конфликтологлар деб аталади. Улар конфликтларни келтириб чиқариш эмас, балки уларнинг олдини олиш ва жамият учун фойдали тарзда ҳал қилиш йўллари ва усуллари устида бош қотиришади.
Ҳар бир зиддиятнинг аниқланиши, ҳал қилиниши ўзгаришга, янгиланишга, бир сифатдан иккинчи сифатга, эскидан янгига ўтишга сабаб бўлади. Олам турли-туман бўлганлиги учун зиддиятлар ҳам хилма-хилдир. Масалан, ички ва ташқи зиддиятлар, асосий ва асосий бўлмаган зиддиятлар мавжуд. Улар ўртасида фарқ бўлгани билан бирга, мутлақ чегара хам йўқ. Чунки амалда, хаётда улар бир-бирига ўтиши, биргалашиб кетиши ва тараққиётда турли хил ўрин тутишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |