3. Маданият ва санъат соҳасининг ривожланиши. Мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий қайта қуришлар қаторида маданият соҳасида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Бу аввало театр санъати, миллий мусиқа, меъморчилик, адабиёт соҳаларида яққол кўзга ташланади. Маданият мутахассисларининг ижодий фаолияти, уларнинг моддий ва техникавий ускуналари, замонавий бинолар билан таъминланиши борасида катта янгиликлар юз берди. 2001 йилнинг давлат бюджетидан маданият ва санъат муассасаларини ривожлантириш учун 12 миллиард 703 миллион сўм (бу кўрсаткич 2000 йили 9 млрд. 463 млн. сўмни ташкил қилган эди) ажратилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Республикада янги театр жамоалари ташкил этилди. 1991-1994 йилларда бир қатор вилоят марказларида янги театрлар ишга туширилди. 1993 йил август ойида Тошкент шаҳрида иш бошлаган “Туркистон” саройи нафақат меъморчиликнинг ёрқин намунаси, балки саҳна гуруҳлари ва атоқли артистларнинг чиқишлари бўладиган даргоҳга айланди.
1998 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Бу фармонга мувофиқ Ўзбекистон томоша санъатининг кўп асрлик анъаналарини ўрганиш, бойитиш ва тарғиб қилиш, театр санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишда театр арбобларининг фаол қатнашишини таъминлаш мақсадида “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилди. Театрларнинг 90-йилларнинг иккинчи ярмидаги репертуарларида тарихий пьессалар кенг ўрин олди. 1996 йили Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи муносабати билан 10 та янги спектакллар сахналаштирилди. “Наврўз-97” театр фестевали муносабати билан Соҳибқирон образини ифодаловчи 14 спектакл намойиш этилди. 1998 йили ал-Фарғоний, ал-Бухорийларни юбилейларига бағишланган пьессалар яратилди. Мамлакатимизнинг бой тарихини намойиш этувчи спектакллар Тошкентни етакчи театрларидагина эмас, барча вилоятларнинг театр сахналарида қўйилди. 1995-1997 йиллари Республика театрлари томонидан 313 янги спектакллар қўйилди.
Мустақиллик йилларида ўзбек адабиёти, адабиётшунослик фани тараққиётида ҳам янги саҳифалар очилди. Асарлари зарарли, ўзлари миллатчи деб ноҳақ баҳоланган Чўлпон, Отажон Ҳошим, Вадуд Маҳмуд, Мунаввар қори сингари миллатпарвар ёзувчи, маърифатпарварлар ижоди холисона ўрганилиб, уларнинг асарлари чоп этилди, театр сахналарида ўз ўрнини эгалладилар.
Маърифатпарварлар фаолиятининг асл моҳиятини, адабий, маданий, сиёсий ҳаётдаги ўрнини рўйи-рост кўрсатиш бошланди. Ўтмишда диний ва сарой адабиёти вакили деб тамға босилган буюк шоир ва мутафаккирлар ҳаёти ва ижоди ўрганилиб, асарлари халққа қайтарилди.
Мустақиллик шарофати боис мўътабар Қуръони Карим ва ҳадислар чоп этилди. Бундай асарларнинг халқимиз қўлига етиб бориши бутунлай янги, соғлом, соф миллий ғояларимизннг, мақсад ва интилишларимизнинг сифат даражасини белгилайди. Адабиёт соҳасидаги ва кўплаб нашр этилган бошқа асарлар миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг буюк халобахш кучини кўрсатади.
Мустақиллик даври адабиётининг байроқлари Ўзбекистон қаҳрамонлари Саид Ахмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўзекистон халқ шоирлари Муҳаммад Юсуф, Ҳабиб Саъдуллаевлар ижодий фаолияти билан бутун халқимиз фахрланади. Миллий истиқлол давридаги ўзбек адабиётшунослиги олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда Озод Шарофиддинов, Бегали Қосимов, Наим Каримов, Эркин Каримов, Аҳмад Алев, Нажмиддин Комиловларнинг асарлари алоҳида ўрин эгаллайди. Т.Маликнинг романлари, О.Матжон, О.Ҳожиева, Х.Султонов, А.Суюн, Й.Эшбек, Ҳ.Дўстмуҳаммад, Ш.Салимова сингари шоир ва адибларнинг бадиий баркамол, ғоявий етук асарлари ўзбек миллий истиқлол адабиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Мустақиллик йилларида маданий-маърифий муассасалар ишларида ҳам кескин ўзгаришлар юз берди. Бу муассасаларнинг сони 1997 йили 9442 та бўлса, булардан 60 таси музейлар, 2657-клублар, 6725-кутубхоналардир. Мустақиллик йиллари бу муассасалар аҳоли ўртасида маданий-маърифий тарбиянинг ўчоғига айланди.
Аҳоли ўртасида маданий-маърифий ишларни ташкил қилувчи муассасалардан бири кутубхоналар бўлиб, уларнинг сони 1996 йили 6723 та эди. Кутубхоналарда жами китобхонлар 6 млн. 211 кишини ташкил қилса, шундан 4 млн. 425 минги қишлоқ районларида эди. Кутубхона ходимларидан 65 фоизи олий ва ўрта маълумотли мутахассислардир.
Мустақиллик йиллари республикамизда музейларга бўлган эътибор ошиб бормоқда “Темурийлар тарихи давлат музейи”ни қурилиши, ”Ўзбекистон халқлари тарихи музейи”, “Халқ амалий санъати музейи” нинг қайта жиҳозланиши бунинг далолатидир. Ҳозирги кунда давлат қарамоғидаги музейлар 81 тани ташкил қилиб, шулардан 15 таси тарих музейлари, 23 таси ўлкашунослик, 10 таси бадиий санъат кошонаси, 20 таси мемориал муассаса, 8 таси адабиёт, 4 таси тиббиёт музейларидир.
Шунингдек, мамлакатнинг шаҳарлари ва туманларида 510 музей халқимизнинг бой тарихий-маданий хазиналарини намойиш этмоқда ва кишиларимизни, ёш авлодни маънавий-маърифий тарбиялашга ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |