I БОБ. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида банк тизимида аудиторлик текширувларини ташкил этишнинг назарий асослари ва унинг меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солиниши
1.1. Ўзбекистон Республикаси банк тизимида аудитнинг моҳияти ва унинг турлари. Республикамизда тадбиркорликнинг ривожланиши, тижорат корхоналари ва банкларининг ташкил қилиниши, республика капитал бозорининг юзага келиши ўз навбатида ушбу субъектлар фаолияти юзасидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш лозимлигини юзага келтирди. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини нафақат давлат органлари томонидан назорат қилиш, балки манфаатдор шахслар (корхона акционерлари, кредиторлари, таъсисчилари) томонидан ҳам ушбу корхоналар молиявий аҳволи тўғрисида ҳолис маълумотга эга бўлиш эҳтиёжи юзага келди. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ҳолис экспертиза қилиш аудиторлик ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Шундай қилиб аудитнинг келиб чиқиши биринчи навбатда ҳисоботни тузувчилар (субъект раҳбарлари) манфаатлари ва ундан фойдаланувчилар (субъект мулки эгалари) манфаатларининг мос келмаслиги, хўжалик юритиш қарорини қабул қилиш учун ҳолис маълумот зарурлиги, маълумотларни баҳолаш учун махсус билим лозимлиги, олинган маълумотларни баҳолаш учун керакли материаллар тижорат сири бўлганлиги сабабли юзага келган.
Аудиторлик фаолияти деганда аудиторлик ташкилотларининиг аудиторлик текширувларини ўтказиш, профессионал хизматлар кўрсатиш борасидаги тадбиркорлик фаолияти тушунилади.
Аудиторлик текшируви молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига мослигини аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотни аудиторлик ташкилотлари томонидан текширишдир.
Аудит йўналиши бўйича (текширилаётган иқтисодий субъект хусусиятига кўра) қуйидаги кўринишларга эга:
Банк аудити;
Суғурта аудити;
Биржа, бюджетдан ташқари фондлар и инвестция институтлари аудити;
Умумий аудит.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан хўжалик юритувчи субъектлар кўпчилиги ҳар йили мажбурий аудит ўтказишлари лозим.
Қуйидагилар ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак:
акциядорлик жамиятлари;
банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
суғурта ташкилотлари;
инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг бошқарув компаниялари;
манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;
маблағларининг хосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган юридик ва жисмоний шахслар томонидаи қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;
устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар.
Юқорида келтирилган аудит кўринишлари Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш умумий меъёрларига асосан амалга оширилади. Банкларни аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланади6.
Банк аудит аудитнинг бир кўриниш бўлиб, унинг асосий мақсади молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига ва Марказий банк меъёрий ҳужжатларига мослигини аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотни текширишдир.
Кредит ташкилотлари учун банк аудити қуйидаги вазифаларни ҳам бажариши мумкин:
Молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш, активлар ва пассивларни баҳолаш;
Молиявий-хўжалик фаолият натижаларини башорат қилиш ва молиявий барқарорлигини, ликвидлилигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
Бухгалтерия ҳисобини жорий қилиш, тиклаш ва юритиш;
Молиявия, солиқ, банк иши ва бошқа хўжалик қонунчилиги масалалари бўйича маслахат бериш;
Ходимларни ўқитиш;
Қимматли қоғозлар эмиссияси проспекти маълумотларини тасдиқлаш;
Аудиторлик фирмаси йўналиши бўйича бошқа хизматлар кўрсатиш.
Юқорида санаб ўтилган масалаларнинг ҳаммаси битта умумий йўналишга эга: улар кредит ташкилотларига ўз натижаларини яхшилашда ва барқарор фаолият кўрсатишига ёрдам беришлари лозим.
Банк аудитини аудитнинг бир кўриниши сифатида қуйидаги белгилар бўйича чуқурлаштириш мумкин: