2. Кўникма ва малакаларни шакллантириш дарслари. Бундай дарслар устахоналарда кўпроқ ўтказилади. Кўникма ва малакаларни шакллантириш дарсининг асосий босқичи ўқувчиларнинг мустақил ишларидан иборат бўлади. Буюмларни тайёрлаш ва йиғишда анна шундай дарсларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Дастлабки кўникма ва малакаларни шакллантиришга бағишланган дарслар билан уларни мустаҳкамлашга бағишланган, яъни такрорлаш машқларига бағишланган дарсларнинг фарқини билиш керак. Ҳар қандай технологик операцияни амалда ўрганиш ўқувчиларни меҳнат усулларини бажариш қоидалари билан таништиришдан бошланади. Бу усуллар аввал ўқувчилар томонидан ўқув машқлари сифатида, кейин эса маълум деталларни тайёрлаш жараёнида бажарилади.
Дастлабки кўникма ва малакалар шу тариқа шакллантирилади. Бу даврда ўқитувчининг эътибори, асосан меҳнат усулларининг тўғри бажарилишини текширишга қаратилади.
Такрорлаш машқларида ўқувчиларнинг мустақиллиги меҳнат усулларини тўғри бажаришдагина эмас, балки уларни буюмнинг конфигурациясига ва ишлов беришнинг аниқлигига қўйилган талабларга боғлиқ ҳолда танлашда намоён бўлиши керак.
Мазкур дарснинг асосий вазифаси кўникма ва малакаларни шакллантиришдан иборат бўлса ҳам, бу ўқувчиларни муайян ҳажмдаги янги билимлар билан бойитмай амалга ошмайди.
3. Билимларни амалда қўллаш дарслари. Ҳар қандай амалий ишни ҳам тегишли билимларни қўлламай бажариб бўлмайди. Аммо шундай ҳоллар ҳам бўладики, унда билимларни қўллаш ўқитувчининг эътибори қаратилган асосий таълимий вазифа бўлиб қолади.
Мисол учун моделлаштириш бўйича топшириқларни оламиз. Моделлаштириш учун ўқувчилар конструкциялаш ва технологик жараёнларни ташкил этиш бўйича билимларга эга бўлиш керак. Ўқувчилар аниқ мисоллар орқали моделлаштиришнинг умумий асослари ҳақида билим олишлари, моделлаштириш жараёнии бўйсунадиган ягона қоидалар ва талаблар билан қуролланишлари керак. Моделлаштириш дарсларида ўқувчиларнинг билим ва малакаларини амалда моҳирона қўллашлари мана шунинг учун ҳам алоҳида зарурдир.
Билимларни қўллаш дарсларида ўқувчиларнинг мустақил ишлари алоҳида ўрин олади, аммо у кўникма ва малакаларни шакллантириш дарсларидагига қараганда бирмунча бошқачароқ йўсинда баҳоланади. Ўқитувчини аввало ўқувчилар бирор ишни бажаришда ўз билимларини қанчалик моҳирлик ва мустақил қўллай олишлари қизиқтиради. Бунда ўқувчиларнинг меҳнат усулларини тўғри бажаришини назорат қилишни ҳам унутмайди, албатта.