Меҳнат ресурслари ва бутун аҳоли сонининг ўзгариши. Меҳнат ресурслари сонининг (динамикасининг) ўзгариши билан бутун аҳоли сонининг ўзгариши ўртасида, табиийки, боғлиқлик бор. Бироқ, у биринчи қарашда унчалик кўзга ташланмайди. Меҳнат ресурсларининг сони ҳамиша бутун аҳоли сони каби ўзгаравермайди. Ўзгаришлар турли йўналишларда бўлиши ҳам мумкин. Биз «меҳнат ресурслари» тушунчаси тўғрисидаги тасаввур кенгроқ бўлиши учун уларнинг ўзаро боғликлигини махсус қараб чиқамиз.
Меҳнат ресурслари ялпи аҳолининг бир қисми сифатида аҳолининг такрор ишлаб чиқарилиши (яъни унинг доимий равишда тикланиб туриши)ни акс эттиради. Шунинг учун меҳнат ресурслари сонининг динамикаси, пировард натижада, аҳоли сони динамикасини акс эттиради. Ўсмирлар ва пенсионерларнинг меҳнат билан бандлик даражасидаги ўзгаришлар фақат меҳнат ресурсларига эмас, балки аҳолининг сонига ҳам дахлдордир.
Туғилишдаги фарқлар дарҳол аҳоли сонининг ошишига таъсир қилади, меҳнат ресурсларида эса фақат 16 йилдан кейин акс этади. Қанча киши пенсия ёшига етиши фақат меҳнат ресурсларига таъсир қилади, бутун аҳолининг сонига дахлдор бўлмайди. Меҳнат ресурсларининг аксарият қисмини меҳнат қилишга лаёқатли ёшдаги меҳнатга қобилиятли аҳоли ташкил этади. Шунинг учун ҳам меҳнат ресурсларининг динамикасига хос хусусиятлар кўпроқ даражада меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли билан боғлиқ.
Бутун аҳолининг ва унинг меҳнаткаш қисмидаги динамиканинг хилма-хил йўналишда яққол ифодаланган ўзгариши воқеаларининг нормал боришдан четга чиқиш деб қаралади. Ана шу сабабли нормал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун ноқулай шарт-шароит яратади.
Шундай қилиб, биз меҳнат ресурслари бутун аҳолига тааллуқли жараёнлар билан бевосита боғлиқлигини эътироф этган ҳолда, меҳнат ресурслари динамикасининг маълум даражада нисбий «мустақиллиги»га эътиборни қаратамиз, у мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ бўлган демографик асосни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шу маънода «меҳнат ресурслари» ижтимоий ва демографик ривожланишни таҳлил қилиш ҳамда асослаб беришнинг ўзига хос методологик воситаси бўлиб майдонга чиқади.
«Меҳнат ресурсларидан фойдаланиш» ва «мамлакатнинг меҳнат потенциали» тушунчалари ўзаро боғлиқдир.
Биз, бу ерда фойдаланиш деганда, иқтисодиётнинг ресурсларидан бири бўлган меҳнат ресурсларини таърифловчи икки йўналишни тушунамиз. Бу, биринчидан, меҳнат ресурсларининг тақсимланиши ва иккинчидан, уларнинг меҳнатидан халқ хўжалигида фойдаланиш самарадорлигидир.
«Меҳнат ресурсларини тақсимлаш» деганда ресурсларнинг халқ хўжалигида ишлайдиган қисмлари ва ишламайдиган қисмлари тушунилади. Ўз навбатида, ишламайдиган қисм меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган ёшдаги ўқувчилар ва шахсий ёрдамчи хўжалик ишларини бажариш билан шуғулланувчилар, ҳарбий кучлар сафида хизмат қилаётганлар, ишсизлар, шунингдек ҳеч бир ерда ишламайдиганлар, ўқимайдиганлар ва иш қидирмайдиганларга бўлинади.
Меҳнат билан бандлик турлари бўйича меҳнат ресурсларини тақсимлашни фақат фуқаро аҳоли (яъни, бунга ҳарбий хизматчилар кирмайди) бўйича кузатиш мумкин. Ишлайдиган аҳоли (меҳнат билан банд аҳоли), ўз навбатида, айрим тармоқлар, касб гуруҳлари бўйича тақсимланиши, шу жумладан, ақлий ва жисмоний меҳнат бўйича, меҳнат режими бўйича (тўлиқ йиллик бандлик, тўлиқ бўлмаган иш куни, ҳафтаси ва ҳоказо), ниҳоят ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича кўриб чиқилади.
Республикамиз иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги тизимига кириб бориши муносабати билан секин-аста илмий фаолиятга меҳнат ресурсларини тақсимлаш жиҳатлари кирмокда ва қарор топмоқда, улар халқаро статистик тамойиллар асосида кўрилмоқда, бунинг натижасида бошқа мамлакатларнинг тегишли кўрсаткичлари билан таққослашга эришиладиган бўлаётир.
Халқаро жиҳатлардан бири меҳнат билан бандларни «иқтисодий фаолият турлари бўйича» тақсимлашдир. Бу жиҳатнинг мазмуни иқтисодий фаолият турларининг классификатори маҳсулот ва хизматлар классификатори деб белгиланган. Унга халқаро стандарт тармоқ таснифлаши ва халқаро асосий маҳсулотлар классификатори киради, улар БМТнинг статистика комиссияси томонидан ишлаб чиқилган.
Меҳнат ресурслари ва ундан самарали фойдаланиш жараёнида бозор иқтисодиёти билан боғлиқ бир қатор тупгунчалар ҳам мавжуд бўлиб, уларни алоҳида ўрганиш муҳим ўрин тутади.
Ёлланма ходимларга корхона раҳбари ёки айрим шахс билан меҳнат шартномаси (битими) тузган фуқаролар киради.
Иш берувчиларга мустақил иш олиб борадиган ва битта ёки бир нечта шахсни ишлаш учун доимий ёллаб турадиган ходимлар киради.
Ўз ҳисобидан ишлайдиган шахслар доимий асосда ёлланма ходимлар ёлламайдиган фуқаролар киради.
Ишлаб чиқариш кооперативлари аъзоларига кооперативларнинг фаол (ишловчи) аъзолари ҳисобланадиган шахслар киради.
Оиланинг ёрдам берувчи аъзоларига оилавий бизнесдаги оилаларнинг аъзолари киради, мазкур бизнесга ўша уй хўжалигида ишлайдиган қариндошлардан бири бошчилик қилади.
Мақом бўйича таснифланмайдиган ходимларга шундай фуқаролар кирадиларки, улар учун турли сабабларга кўра ўзларининг қайси гурухларга мансубликларини яхши билмайдилар.
Аҳолининг мазкур тақсимланишида айрим позициялар ўртасидаги нисбат, яъни тўзилма демографик омиллар, оилалар фаровонлиги, иқтисодиёт тўзилмаси, меҳнат бозорининг аҳволи, мулкчиликдаги ташкилий ўзгаришлар ва бошқа омилларни акс эттиради.
Албатта, меҳнат ресурсларини тақсимлашнинг бошқа турлари ҳам бор. Булар жинси, ёши, маълумот даражаси, соғлиги бўйича тақсимлашдир. Барча кишилар қобилияти ва эҳтиёжлари бўйича турли-туманлигини бир неча бор айтиб ўтган эдик. Шунинг учун ҳам иқтисодиётнинг бирор соҳасидаги самарадорлик ва ишга бўлган эҳтиёж бир хил эмас. Юқорида айтиб ўтилган таърифлар бу турли-туманликни маълум даражада фарқлаб олиш ва унинг оқибатларини тушуниш имконини беради.
Меҳнат ресурсларининг тўзилишига ёш нуқтаи назардан мурожаат қилиш жуда муҳимдир, у айниқса, бозор шароитида кўпроқ аҳамиятга эга. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти ёшларнинг сонига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ёшлар янги иқтисодий «руҳ»ни ўзлари ва мамлакат фойдаси учун муваффақиятлироқ ўзлаштириб оладилар.
Меҳнат ресурсларини тақсимлашга боғлиқ равишда инсон ресурсларининг имкониятлари ривожланиш омиллари сифатида катта ёки кичик бўлиши мумкин. Масалага ана шу тарзда ёндашиш жамиятнинг меҳнат потенциали, ҳудуд, корхоналарни ўрганиш ва аниқлаш имконини беради. Меҳнат потенциалини сифат ўлчовидаги меҳнат ресурслари сифатида таърифлаш мумкин. Юқорида айтилганлардан шу нарса аниқки, «меҳнат потенциали» тушунчаси меҳнат ресурслари ва иқтисодиётнинг ўзаро таъсирини ўрганишга ёрдам берадиган алоҳида омилдир.
Биз яна «меҳнатни татбиқ қилиш самарадорлиги» таърифини ҳам аниқлаб олишимиз керак, у меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг тавсифларидан биридир. Ҳар қандай фаолият туридаги самарадорлик, охир-оқибатда вақт билан ўлчанади, вақт маҳсулот бирлигини ёки хизматлар бирлигини ишлаб чиқаришга сарфланади, бунда маҳсулот ва хизматлар сифатига қўйиладиган талабларга катта эътибор берилади. Шу нуқтаи назардан меҳнатни татбиқ этиш самарадорлиги – юқори сифатли натижага меҳнат сарфини камайтиришга олиб келади.
Моддий неъматлар ишлаб чиқаришда меҳнатни татбиқ этиш самарадорлигига меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи ёрдамида баҳо берилади. Моддий неъматлар ишлаб чиқарилмайдиган жойларда (масалан, таълим, соғлиқни сақлашда) фаолиятнинг ана шу турлари пировард натижасини акс эттирадиган турли кўрсаткичлар татбиқ этилади.
Меҳнат ресурсларини тақсимлаш турларидан бири мамлакат ҳудуди бўйича тақсимлаш бўлиб, у ҳам муайян фойдали ахборотга эга бўлади. Республика ҳудуди иқтисодий ривожланиш даражаси, кишиларнинг фаровонлиги ва демографик ривожланиши билан фарқ қилади. Масалан, Фарғона водийси вилоятларининг Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари билан бўлган фарқи бунга яққол мисол бўла олади. Бу фарқлар ҳудудлардаги меҳнат ресурсларининг ўзига хос шаклланиши ва улардан фойдаланишда ўз ифодасини топади. Бу хусусиятни билиш меҳнат ресурслари ҳақидаги тасаввурни бойитади ва шу сабабли минтақавий даражадаги меҳнат муносабатлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш имконини беради. Натижада барча меҳнат муаммолари қандайдир бир ҳудуд билан боғлиқ бўлади.
Меҳнат ресурсларини шакллантиришнинг минтақавий хусусиятлари, аввало, демографик ва ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таъсири билан боғлиқдир. Демографик омилларга аҳолининг такрор ишлаб чиқарилишидаги жадаллик киради, у ҳал қилувчи даражада туғилиш даражаси билан боғлиқдир. Бу даража қанча юқори бўлса, меҳнатга қобилиятли ёшдаги аҳоли, демак меҳнат ресурслари шунчалик тез ўсади.
Ижтимоий-иқтисодий омиллардан меҳнат ресурсларини шакллантириш учун анча аҳамиятлиси минтақадаги ишлаб чиқариш ва иқтисодий коньюнктура тўзилмасининг хусусиятлари (меҳнат унумдорлигининг ўсиши)ни айтиб ўтиш мумкин. Бу ҳол ишловчи ўсмирлар ва ишловчи пенсионерлар сонига таъсир қилади. Иш ўринларининг, айниқса, ўсмирлар ва катта ёшдаги ишловчиларнинг меҳнатдан фойдаланишга мос келадиган иш ўринларининг мавжудлиги ишлаб чиқариш тўзилмаси билан боғлиқ.
Иқтисодий конъюнктура иш кучига бўлган талабни ошириши ёки камайтириши мумкин. Бу билан меҳнат соҳаси кенгаяди ёки тораяди, тегишли равишда қараб чиқилаётган меҳнат ресурсларининг ишлаши учун имкониятлар кўпроқ ёки озроқ бўлади.
Меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг минтақавий хусусиятлари ҳам демографик ва ижтимоий-иқтисодий омилларнинг амал қилиши билан боғлиқдир. Меҳнат ресурсларидан фойдаланиш томонларидан бири меҳнат ресурсларини тақсимлаш бўлса, иккинчи томони меҳнатни татбиқ этиш самарадорлигидир.
Меҳнат ресурсларини тақсимлаш демографик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг минтақавий шарт-шароитлари таъсирига анча кўпроқ учрайди. Демографик омилларнинг таъсири аҳолининг ёш тўзилиши орқали намоён бўлади, у, одатда, турли минтақаларда турлича бўлади. Меҳнатта лаёқатли ёшдаги кишиларнинг ишлайдиган ва ишламайдиган қисмларга бўлиниши маълум даражада ана шу билан белгиланади. Аҳоли таркибидаги кичик ёшли болалар сонининг кўпайиши, уй-рўзғор ишлари билан банд аёллар сонига таъсир кўрсатади. Тажриба шундан далолат берадики, бу икки кўрсаткич ўртасида бевосита боғликдик бор. Ишламайдиганларнинг анчагина қисмини меҳнат қилиш ёшидаги ўқувчилар ташкил этади. Уларнинг қанча бўлиши тегишли ёшдаги ёшларнинг сонига боғлиқдир.
Ижтимоий-иқтисодий омиллардан энг аҳамиятлилари: иқтисодий конъюнктура ва ишлаб чиқариш тўзилмасидир. Иқтисодий конъюнктурага ишсизлар сони, ишлаб чиқариш тўзилмасига эса ходимларнинг тармоқлар бўйича, касблар, иш кучининг касбий тайёргарлиги боғлиқ бўлади. Меҳнатни сарф қилиш самарадорлиги бўйича минтақалар фарқига сабаб шуки, турли ҳудудларда технология даражаси, меҳнатни ташкил этиш даражаси турлича бўлади. Турли сабабларга кўра, шу жумладан, этник ва тарихий хусусиятларга эга бўлган сабабларга кўра ҳам ходимлар малакаси бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Меҳнат ресурслари шаклланиши ва улардан фойдаланишнинг минтақавий хусусиятларини ҳисобга олиш меҳнат ресурсларини ўрганишнинг энг муҳим томонларидан биридир. Масаланинг бу томонини билиш меҳнат муносабатлари ва меҳнат бозорини давлат йўли билан самарали бошқариш учун зарур бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |