Режа:
Лидерлик хақида умумий тушунча.
Шахсни лидерлик фазилатлари.
Лидерлик назариялари ва уларнинг иш услублари.
Лидерлик ва рахбарлик муаммолари.
Таянч тушунчалар:
Лидер, рахбар, рахбарлик услуби, авторитар рахбар, демократик рахбар, либерал рахбар.
АДАБИЁТЛАР
Андреева Г.М., «Социальная психология», М., 1999.
В.М. Каримова, Ф.А. Акрамова, Психология, Т., 2000.
Э.Ғозиев, Р.Тошимов, «Менежмент психологияси», Т., 2001.
Хар бир алохида гурухда шундай шахслар пайдо буладики, улар айнан бошқа шахслардаги конформлилик ёки таъсирланишнинг манбаига айланиб қолади. Уларнинг фиклари, хатти-харакатлари гўёки бошқалар учун эталондай ибратли бўлиб, улар бу нуфузларини сақлаш учун ўша гурухнинг хаётида ўз мавқеларини йўқотмасликка харакат қиладилар. Бундай шахсларни тавсифлаш учун психологияда «лидер» тушунчаси ишлатилади. Демак, лидер гурухнинг шундай аъзосики, у гўёки барча гурухий жараёнларнинг бошида туради ва хулқи билан ўзгаларга таъсир қила олади. Ғарб психологиясида гурухнинг норасмий бошлиғини тавсифлаш учун лидер тушунчаси ишлатилаверади. Лекин аслида бизнинг тушунчамизда гурухда расмий муносабатларни мувофиқлаштирувчи, уни бошқа ташкилот ва инсонлар олдидаги ваколатини амалга оширувчи, иш бериб, ишни назорат қилувчи шахс рахбар деб аталади. Лидер эса шундай шахски у ўзидаги айрим ижобий ва кучли фазилатлари туфайли кундалик мулоқот ва муаммолар жараёнларида обрў орттирган мавқеи баланд кишидир. У аслида рахбарликка даъво қилмайди, лекин юриш туришлари кўпчиликка маъқул бўлганлиги сабабли, уни одамлар сайловларда танлашлари ёки рахбарликка захира танлашганда айнан унинг номзодини қўйишлари мумкин. Бир гурухда унинг хажми ва катта кичиклигига қараб, одатда битта рахбар ва бир нечта лидер бўлиши мумкин. Бири – жамоадаги мехнат ёки ўқиш фаолияти мақсадларини хаммадан хам аниқ англагани учун ишчан лидер бўлиши, бошқаси қарорлар қабул қилиш ва маъсулиятли вазифаларни ечиш вақтларида хаммага ақл ўргатадиган интеллектуал лидер, яна бири – турли вазиятларда одамлар кайфиятларини кўтарувчи, уларни рухан қўллаб қувватлашга уста эмоционал лидер бўлиши мумкин. У ёки бу турли лидернинг мавжудлиги ўша гурухдаги реал вазиятларга, гурухий фаолиятнинг мақсадларига боғлиқ. Масалан жамоада, ўқув юртида «Наврўз» байрамини ўтказиш ва тадбирларни ташкил этишда бош-қош бўлган эмоционал лидер. Байрам ўтгач, сессия олдидан ёки маъсулиятли янги топшириқ берилиши муносбати билан ўз лидерлик мавқеини бошқа гурухдошга – ишчан лидерга бериши мумкин.
Хар бир рахбарми ёки лидерми, унинг ўз иш услублари ва мехнатни ташкил қилишга қарашлари бўлади. Илмий адабиётда ушбу масала юзасидан кўплаб қарашлар мавжуд. Биз хорижда кенг тарқалган ва кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган бир назарияга тўхтаб ўтмоқчимиз. Бу – Мак Грегорнинг Икс ва Игрек назарияларидир. Назариянинг мохияти у ёки бу лидернинг одамларга таъсир кўрсатиши ва улар мехнатини ташкил этишдаги концепциясини назарда тутади. Икс назарияси инсон табиатига ишонмаслик, унинг лоқайдлигини таъкидлашга асосланади. Назариянинг мохияти шундаки, инсон табиатан дангаса, ташаббуссиз бўлиб, унинг ўзига қўйиб берилса, хеч бир фойдали иш қилолмайди, уни бошқариш хар бир ишини қатъий назоратда ушлаш керак.
Унга қарама-қарши ўлароқ Игрек назарияси инсондаги ташаббускорлик ва мустақил ишлашга мойиллик, фаолликни ёқлайди. Шу фикрни ёқлаган хар бир лидер одамларга эркинлик бериб, уларни жазолаш билан қўрқитмайди ва қатъий назорат қилишдан ўзини тияди. Олим лидернинг одамларга муносабатини тушунтирувчи Зет назариясини илгари суради. Унга кўра, аслида одамларда фаоллик, ишлашга лаёқат бор. Лекин агар уларнинг фаолияти самарали бошқармаса, натижа барибир яхши бўлмайди. Шунинг учун рахбар одамларнинг хамкорликда ишлашга ундай олиш, уларга ишонч билдириш ва жамоа бўлиб ишлашга ўргата олиши керак. Назариялар таъсирида лидерликнинг турли хил услублари тўғрисидаги қарашлар пайдо бўлди.
Авторитар лидер. Баъзан бу услубни «автократик» деб хам аташади. Чунки бундай лидер доимо ўз иродасига кўпчиликни бўйсундира олади. Барча маъсулиятли қарорлар фақат у томонидан қабул қилинади ва унинг бажарилишини шахсан ўзи назорат қилади, керак бўлса ходимларни қаттиқ жазолайди. Одамлар бундай лидердан борган сари узоқлашиб борадилар.
Демократик лидер. У гурух аъзоларидан фикр тўплайди. Ташаббус қурсатишлари учун барча шароитларни яратади. Демократик лидер гурух олдига умумий масалани қўяди, ишнинг концепциясини белгилайди, лекин ишни қандай амалга ошириш йўлларини гурухни аъзолари хал қилиши лозим.
Либерал типли лидер. Бундай шахс гурухга барча маъсулиятни юклайди, улар ишни бажараётганда мувофиқлаштирувчи ролини ўйнайди, лекин қабул қилинган қарорларни тузатиш, уларни рад этиш холатлари хам учрайди.
Бу бошқарув услублари самарали эканлигини хусусида кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Олинган умумий натижа шуни қурсатадики, аввало гурухни иш тажрибасига, вазиятга, ёшга ва хаттоки жинсга боғлиқ экан. Лидерлик ва рахбарлик муаммоси маълум маънода миллий-маданий мухитга боғлиқ ходиса. Масалан, ўзбекларнинг рахбарларга, обрўли лидерларга бўлган муносабатлари доимо ижобийдир. Ўзлари рахбар бўлган холатларда барибир шарқона одоб, одамгарчилик, инсоф, андиша каби хусусиятлар таъсирида бўладилар. Бизнинг халқимиз учун у ёки бу лидерлик тури маъқул, дейиш фикридан йироқ бўлган холда шуни таъкидлаш лозимки шарқона ўзаро муносабатлар иш жараёнида авторитар айнан шахснинг обрўсига асосланган услубнинг демократик томонлари билан уйғунлашувини талаб қилади. Бир фикр аниқки, бизга либерал услуб ёқмайди. Чунки, одамларимиз катталар фикрига, обрўли шахслар фикрига танқидсиз қараб, ишонч билдирадилар. Иккинчи томондан, шихсиятга тегиш ёки ходимларга бефарқлик ва лоқайдликни хам кўпчилик маъқулламайди. Шу сабабли Ғарбда мавжуд бўлган шахслараро муносабатлар Шарқникига хар доим хам тўғри келавермайди. Мустақил Ўзбекистонда кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури барча сохаларда бўлгани каби рахбар кадрларни тайёрлаш, улар малакасини ошириш, ишларини такомиллаштиришни назарда тутади ва албатта, бунда бизнинг миллий менталитетимиз ўз ифодасини топади.
Б.Д. Паригин лидер ва рахбар тушунчаларини қуйидагича фарқлайди.
Лидер гурухдаги шахслараро муносабатларни бошқарса, рахбар расмий мулоқотни бошқаради.
Лидер микро мухит элементи, рахбар макро мухит элементидир.
Лидерлик гурухни ички жараёнларидан келиб чиқса рахбарлик ижтимоий тизим элементи сифатида танланади ёки тайинланади.
Рахбарлик доимий жараён бўлса, лидерлик тасодифий вазиятга боғлиқ жараён.
Рахбар аниқ белгиланган жазолар ва рағбатлантириш воситаларга эга.
Рахбар қабул қиладиган қарорлар мураккаб хамма вақт хам гурух ичидаги жараёнларга тўғри келавермайди. Лидер эса бевосита гурух фаолиятига тегишли қарорларни қабул қилади.
Лидернинг фаолият кўлами кенглиги гурух билан чегараланади, рахбар эса гурухни кенгроқ бўлган тизимидаги фаолиятини бошқаради. Лидер гурухни психик характеристикаси бўлса рахбар ижтимоий характеристикасидир.
Хар бир вазиятда дуч келган одам эмас маълум шахсий сифатларга эга бўлган шахс лидер бўла олади. Лидер гурухдаги шахслараро муносабатларни тизимлаштирувчи шахс бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |